08:26 / 24.06.2024
8634

УҚК қўмондонлари АҚШдан Россияга ATACMS билан зарба йўллашга рухсат беришни сўрамоқда

ATACMS ракеталаридан фойдаланиш Россия ҳудудидаги «қўмондонлик пунктларини йўқ қилишга» ёрдам беради, деди украиналик қўмондонлар Associated Press агентлигига.

Фото: Global Look Press

Украина ҳарбийлари АҚШдан Россиядаги нишонларга зарба бериш учун узоқ масофали ATACMS ракеталаридан фойдаланишга қўйилган тақиқни бекор қилишни сўради. Бу ҳақда Associated Press агентлиги Украина Қуролли кучлари (УҚК) қўмондонларига таяниб ёзмоқда. Улар сўзларига кўра, Оқ уй рухсатисиз Россиядаги нишонларга зарба бериш учун узоқ масофали бошқариладиган ракеталарни қўллашда Украина Қуролли кучларининг «қўллари боғланган». 

ATACMS ракеталаридан фойдаланиш Россия армиясининг «олдинги чизиқдан 100-150 километр узоқликда» жойлашган «қўмондонлик пунктларини» йўқ қилишга ёрдам беради, деди Украина Қуролли кучлари артиллерия бўлинмасининг «Гефест» чақирув белгисига эга командири AP’га.

АҚШ ATACMS’ни Россияга ҳужум қилмаслик шарти билан Киевга топширди 

AP таъкидлаганидек, Қўшма Штатлар 2024 йил бошида Украинага ATACMS ракеталарини юборишни бошлади, аммо маълум шартлар қўйилди - улар орасида, хусусан, ушбу ракеталарнинг Россия ҳудудига ҳужумларини тақиқлаш бор. Бу шарт «Россия ичида жойлашган аэродромлар ва ҳарбий инфратузилмага ҳужумларнинг олдини олади» ва пировардида «Украина самарали жанг қилиш қобилиятига путур етказади», деб таъкидлайди агентлик. 

«Лис Микита» чақирув белгисига эга Украина Қуролли кучларининг яна бир қўмондони ҳам Россия Федерациясига ҳужумлар учун ATACMS’дан фойдаланиш тақиқланганидан норози. У Россия Украинага «барча турдаги ракеталар» билан зарба бераётган бир пайтда, ракеталар қўллашни тақиқлаш бўйича вазиятни «бемаънилик» деб атади ва Украина Қуролли кучлари Россия қўшинларини таъминловчи ҳудудларга жавоб қайтара олмаслигини айтди.

Украина расмийлари АҚШдан рухсат сўрамоқда 

AP маълумотларига кўра, Украина расмийлари Қўшма Штатлардан Россиядаги алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳарбий объектларга, масалан, аэродромларга ATACMS ракеталари билан ҳужум қилиш тақиқини бекор этишни сўрамоқда. «ATACMS бўйича қарор, эҳтимол, вазиятга қараб ўзгартирилади, деб умид қиламанки, қарор имкон қадар тезроқ қабул қилинади», деди Украина Олий радаси Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси раисининг ўринбосари Егор Чернев агентликка. 

Top