18:50 / 26.06.2024
8856

Қозоғистонда хотинини ўлдирган собиқ вазирга нисбатан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди

26 июн куни Остона апелляция суди Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Қувондиқ Бишимбаевга нисбатан биринчи инстанция суди қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Фото: Tengrinews.kz / Турар Казангапов

Бишимбаев хотини Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбдор деб топилиб, 13 май куни 24 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, шундан кейин ҳукм устидан шикоят берган эди. Унинг адвокати эндиликда Олий судга шикоят киритилишини билдирди.

Апелляция суди собиқ вазирдан ташқари, унинг қариндоши Бахитжон Бойжоновга берилган жазони ҳам ўзгаришсиз қолдирди. Бойжонов ўта оғир жиноятни яширишда айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

2016 йил май–декабр ойларида Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлигини бошқарган Қувондиқ Бишимбаев Остонадаги “Гастроцентр” мажмуасида хотинини калтаклаб ўлдирганликда гумонланиб 2023 йил ноябрда ҳибсга олинган эди. Орадан 2 кун ўтиб, “Гастроцентр” директори Бахитжон Бойжонов ҳам қамоққа олинган.

Бу жиноят Қозоғистонда катта резонансга сабаб бўлди ва унинг фонида мамлакатда оиладаги зўравонликка қарши чораларни кучайтириш бўйича янги қонун қабул қилинди.

Маълумот учун, Бишимбаев бундан аввал коррупцион жиноят учун ҳам судланган. У 2018 йил март ойида пора олишда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Лекин 2019 йил февралида у давлат раҳбари томонидан афв этилиб, ўша йилнинг октябрида муддатидан олдин шартли озодликка чиқарилган.

Top