Жаҳон | 14:35 / 27.06.2024
13363
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Chevrolet автомобилларининг сотуви қарийб 3 баробарга қисқарди

2024 йилнинг 5 ойида Қозоғистонда Chevrolet бренди остида 6159 дона автомобил сотилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 17 минг 636 донани ташкил қилган. Қозоғистон UzAuto Motors’нинг энг катта экспорт бозори ҳисобланади.

Фото: businessmir.kz

2024 йилнинг май ойида Қозоғистонда 12 032 дона янги енгил автомобил сотилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизга кам.

Хусусан, ўтган ой давомида қўшни республикада Chevrolet бренди остида 1345 дона автомобил сотилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг май ойида 3300 донани ташкил қилган.

2024 йилнинг январ-май ойларидаги умумий кўрсаткич эса 6159 донани ташкил этган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг дастлабки 5 ойи давомида қўшни республикада 17 636 та Chevrolet автомобили харид қилинган.

Эътиборга молик жиҳати, Хитой брендларининг Қозоғистон автомобил бозоридаги улуши ошиб боряпти. Хусусан, Chevrolet, Hyundai вa Kia сотуви пасайиб бораётган бўлса, Chery, Jac, Changan, Geely, Haval, Tank ва бошқа брендларнинг савдо ҳажми кўпайган.

Маълумот учун, Қозоғистон UzAuto Motors’нинг энг катта экспорт бозори ҳисобланади. Ўтган йил давомида ўзбекистонликлар учун ҳамёнбоп автомобилларга контрактация ёпиқ бўлган пайтда ҳам, қозоғистонликларга чегирмалар билан ёки бўлиб тўлаб олиб чиқиб кетиш шартлари асосида ҳам машина етказиб берилган эди. Компания ўз расмий саҳифаларида “Chevrolet Қозоғистон бозорида лидерликда давом этади” сарлавҳаси билан хабарлар ҳам жойлаштирганди. Жорий йилда ушбу лидерлик Hyundai ва Kia’га бой берилган.

Мавзуга оид