Жаҳон | 09:21 / 05.02.2025
5608
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Туркия Суриянинг марказий қисмида ҳарбий базалар яратиши мумкин

Сурия етакчиси Аҳмад аш-Шаръа Анқарада Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашди. Музокаралар арафасида бир қанча оммавий ахборот воситалари Туркия Суриянинг марказий қисмида янги авиабазаларни яратиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди.

Фото: AP

Туркия Сурия марказида ҳарбий ҳаво базаларини қуриши мумкин. Палмира яқинидаги ҳарбий аэродром, шунингдек, Тияс қишлоғи яқинидаги Т4 авиабазаси вариант сифатида кўриб чиқилмоқда, деб хабар берди Reuters ва Мисрнинг Mada Masr портали 4 феврал, сешанба куни Сурия ва Туркия ҳукуматларидаги манбаларга таяниб.

Шу куни Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаръа Анқарага келди ва у ерда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашди. Ал-Шаранинг айтишича, мамлакатлар «минтақадаги хавфсизлик таҳдидларига қарши туриш» ва «стратегик шериклик яратиш» учун қўшма стратегия устида ишламоқда.

Туркия раҳбарининг айтишича, Сурия шимоли-шарқида курд жангчиларига қарши биргаликда курашиш, шунингдек, Исроил мудофаа кучларини Жўлан тепаликлари ҳудудидан олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинган. Музокаралар якунида сиёсатчилар ҳеч қандай келишувга эришмаган.

Туркиянинг Палмира ва Тиясдаги янги базалари

Учрашув олдидан қатор оммавий ахборот воситалари томонлар мудофаа пактини ишлаб чиқаётгани, у Туркия ҳарбий базаларини яратиш ва Сурия ҳарбийларини Туркия томонидан тайёрлашни назарда тутганини ёзган эди. «Туркия ҳаво базалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини яратиш устида ишламоқда ва тез орада Сурия билан ўзаро мудофаа шартномасини имзолаши мумкин. Бу Туркияга Сурия ҳаво ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш имконини беради», деди Mada Masr нашрига Сурия хавфсизлик доираларидаги манба.

Унга кўра, базалар Тияс ва Палмирада ташкил этилиши мумкин. Иккала аҳоли пункти ҳам мамлакат марказидаги Хомс вилоятида, бир-биридан 60 км узоқликда жойлашган. У ерда жойлашган ҳарбий объектлар ҳозир Сурия ҳаво кучларига тегишли.

Қатарнинг Al Jazeera телеканали эслатганидек, Туркия Сурия шимолида, давлат чегараси яқинида аллақачон ҳарбий базаларига эга. Улар мамлакатни курд кучларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Аш-Шаръа ва Эрдўған ўртасидаги музокараларни ёритган канал мухбири янги мудофаа шартномаси муҳокама қилинганини айтди. «Улар янги ҳарбий базалар ҳақида гапиряпти. Уларнинг жойлашуви ҳозирча номаълум», — дейди журналист.

Мавзуга оид