Фан-техника | 12:30 / 09.10.2024
9566
3 дақиқада ўқилади

Пластик идишлардаги сув водопровод сувидан хавфлироқ — тадқиқот

Пластик бутилкада қадоқланган сув водопровод сувидан хавфсизроқ ва фойдалироқ, деган фикр мавжуд. Аммо бундай эмас, деб таъкидламоқда Қатардаги Weill Cornell Medicine тадқиқотчилари.

Фото: Shutterstock

Олимларнинг айтишича, бутилкалардаги сув водопровод сувига қўйиладиган қатъий сифат ва хавфсизлик стандартларига кўп ҳолларда жавоб бермайди. Бундан ташқари, пластик идишлардаги зарарли кимёвий моддаларнинг сувга ўтиши хавфи мавжуд. Айниқса, агар сув узоқ вақт сақланса ёки қуёш нури ва юқори ҳарорат таъсирида қолса, бу хавф янада ортади. Phys.org нашрининг ёзишича, бу ҳолатлар жиддий муаммога айланиши мумкин.

Мутахассисларнинг баҳолашича, бутилкадаги сув намуналарининг 10 фоиздан 78 фоизгача бўлган қисмида ифлослантирувчи моддалар мавжуд. Бу моддаларга кўпинча гормонал (эндокрин) тизимни издан чиқарувчи микропластиклар, шунингдек, фталатлар ва бисфенол А киради.

Микропластик билан ифлосланиш оксидланиш стрессига, иммун тизими бошқарувининг бузилишига ва қондаги ёғлар миқдорининг ўзгаришига олиб келади. Бисфенол А эса кекса ёшдагиларга салбий таъсир кўрсатади. У бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради, жумладан, қон босимининг кўтарилиши, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва семизликка сабаб бўлади.

“Қисқа муддатли хавфсизлик чегаралари мавжуд бўлса-да, бу ифлослантирувчи моддаларнинг узоқ муддатли таъсири оқибатлари ҳали кўп жиҳатдан номаълумлигича қолмоқда”, — деб таъкидлади тадқиқот муаллифлари. Улар микропластиклар озиқ занжирга тушиб қолиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Пластик бутилкалар океанларни ифлослантирувчи иккинчи энг катта манба ҳисобланади. Бутун дунёда бундай бутилкаларнинг атиги 9 фоизи қайта ишланади. Уларнинг кўпчилиги чиқиндихоналарга ёки ахлат ёқиш заводларига ташланади, ёки бўлмаса паст ва ўрта даромадли мамлакатларга “экспорт қилинади”. Бундан ташқари, пластик бутилкалар учун хомашё олиш ва уларни ишлаб чиқариш жараёни иссиқхона газлари чиқиндиларига сезиларли даражада ҳисса қўшади.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ресторанлар ва жамоат жойларида ичимлик сувидан фойдаланишни соддалаштириш, шунингдек, бир марталик пластикни чеклаш бўйича баъзи чоралар кўрилган бўлса-да, бу етарли эмас. Ҳали қилинадиган ишлар кўп.

“Қадоқланган сувга қарамлик сезиларли тиббий, молиявий ва экологик харажатларни келтириб чиқаради, ундан кенг фойдаланишни зудлик билан қайта кўриб чиқиш зарур”, — деб хулоса қилмоқда тадқиқотчилар.

Улар ҳукуматларни бу муаммоларни зудлик билан ҳал қилишга чақирди. Айниқса паст ва ўрта даромадли мамлакатларда бу жиддий масала, чунки уларда хавфсиз ичимлик суви инфратузилмасига бўлган эҳтиёж анча юқори. Олимлар бутилкаланган сувдан воз кечиб, унинг ўрнига водопровод сувини истеъмол қилишни тавсия этмоқда.

Мавзуга оид