Ўзбекистон | 19:04 / 20.06.2024
9174
2 дақиқада ўқилади

МИБдан 1,6 млрд сўм қарзи бор давлат ташкилоти 1 млрд сўмга иккита BYD олмоқчи

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Маъмурий хўжалик хизмати” давлат муассасаси 585 млн ҳамда 420 млн сўмга иккита машина харид қилиш бўйича шартнома имзолаган. Очиқ манбаларга кўра, муассасанинг МИБдан 1,6 млрд сўмлик қарзи бор. Ушбу қарздорлик қурувчи ташкилотга бажарган иши учун тўловни тўлиқ амалга оширмаганликдан келиб чиққан.

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Маъмурий хўжалик хизмати” давлат муассасаси иккита электромобил харид қилиш учун шартнома имзолади. Бу ҳақда давлат харидлари порталида келтирилган.

Муассаса танлов ғолиб бўлган МЧЖ билан 2024 йил 7 июн куни машиналар хариди учун иккита шартнома тузган. Шартномалар қиймати 585 млн сўм ҳамда 420 млн сўмга тенг. Келтирилган техник шартлардан машиналар BYD эканини тахмин қилиш мумкин.

Очиқ манбаларда келтирилишича, 1 млрд сўмга иккита машина харид қилаётган мазкур давлат ташкилотининг МИБдан 1 млрд 649 млн сўм қарздорлиги бор. 

Ушбу қарздорлик “Sifat Invest Stroy” МЧЖдан юзага келган. “Маъмурий хўжалик хизмати” давлат муассасаси қурилиш фирмасига амалга оширган қурилиш ишлари учун ўзаро тузилган шартномага асосан тўловларни тўлиқ тўлаб бермаган.    

2024 йилнинг 10 июн куни МИБ Яшнобод тумани давлат ижрочиси томонидан ижро иши қўзғатиш бўйича қарор қабул қилинган ҳамда қарздорликни ихтиёрий қоплаш учун “Маъмурий хўжалик хизмати” давлат муассасасига 10 кунлик муддат белгиланган. Аммо муассаса ҳозиргача қарздорликни қопламаган.

Мавзуга оид