20:18 / 17.05.2024
8717

Қозоқ тилини бошланғич даражада билмайдиганларга Қозоғистон фуқаролиги берилмайди

Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев аҳоли миграцияси ва жиноят ижро тизими тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришларни тасдиқлади. Бу ҳақда Оқўрда ахборот хизмати маълум қилган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев. Фото: nur.kz

Қонунга Қозоғистон фуқаролигига қабул қилиш ва фуқароликни тиклаш учун берилган аризаларни рад этиш асосларига тааллуқли ўзгартиришлар ҳам киритилган. Уларнинг орасида вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этиш, давлат тилини элементар даражада, Конституция асослари ва Қозоғистон тарихини фан ва олий таълим соҳасида ваколатли орган белгилаган лозим даражада билмаслик ҳам бор.

Қонунга кўра визаларнинг янги турлари жорий этилмоқда. Уларнинг орасида инвесторлар учун кўп марталик визалар ва эҳтиёжли касб соҳиблари учун визалар бор. Бундай виза соҳибларига Қозоғистонда ишлаш ва доимий истиқомат изнини олиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, ҳужжатда ҳукумат томонидан белгиланган ҳудудларга кўчирилаётган шахсларни қўллаб-қувватлаш чораларини ҳам белгиланмоқда. Кўчирилганларга деҳқончилик ёки фермерлик хўжалиги юритиш учун ер участкалари тақдим этилади, шунингдек кўчиш учун моддий ёрдам ва субсидия, турар жой ижараси ҳамда коммунал хизматлар тўловлари учун харажатларни қоплаб бериш учун маблағлар берилади. Шунингдек, иқтисодий мобиллик сертификатлари ҳам берилади.

Шунингдек, имзоланган ўзгартиришларгакўра, жиноят ижро тизими муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида видеокузатув тизимларига зарар етказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Экстремистик ва террорчилик ташкилотлари билан алоқадор шахслар, рецидивистлар, уюшган жиноий гуруҳларда лидерлик позицияда бўлган шахслар, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этиб, ўз мамлакатига халқаро шартномалар асосида қайтарилган шахсларнинг Қозоғистонга кириш тақиқланмоқда

Умуман олганда, қонун аҳоли миграцияси ва жиноят ижро тизимидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга йўналтирилган.

Top