Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон қўшни давлатларга бензин экспорт қилиш имкониятини кўриб чиқади
Қозоғистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш лойиҳалари устида ишланмоқда. Бу лойиҳаларнинг амалга ошиши ички талабни 100 фоизга қондириб, қўшни давлатларга экспорт қилиш имконини беради, деди Қозоғистон энергетика вазири.
Қозоғистонда ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси яхшиланган ва расмийлар қўшни мамлакатларга бензин экспорт қилиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ҳукумат йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда Inform burо нашри.
Саткалиевнинг сўзларига кўра, 2024 йилнинг 4 ойи давомида мамлакатда 5,9 млн тонна нефт қайта ишланган – бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизга кўп. Йилнинг 4 ойида нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,28 млн тоннани ташкил этган (бир йил олдинги кўрсаткичдан 6 фоизга кам).
Вазирнинг айтишича, тўртта заводда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш режа қилинган:
- Ақтау битум заводи – 1 млн тоннадан 1,5 млн тоннагача (2025);
- Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи – 6 млн тоннадан 12 млн тоннагача (2030);
- Атирау нефтни қайта ишлаш заводи – 5,5 млн тоннадан 6,7 млн тоннагача (2027);
- Павлодар нефт-кимё заводи – 5,5 млн тоннадан 8 млн тоннагача (2030).
“Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ички бозорнинг ёқилғи-мойлаш материалларига ўсиб бораётган талабни 100 фоизга қондириш, шунингдек, нефт маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилиш имконини беради”, – деган Қозоғистон энергетика вазири.
Аввалроқ, Қозоғистон ҳукумати чет эл фуқаролари учун 92 ва 93 октанли бензин нархини 205 тенгедан 245 тенгегача (5811 сўмдан 6945 сўмга) оширишни режалаштираётгани маълум қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябр ойида 2024 йилда Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга нефт хомашёси етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннага етказиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2023 йил учун Россия ва Қозоғистондан 300 минг тоннадан нефт харид қилиш бўйича келишувлар тузганди.