Жаҳон | 14:48 / 29.04.2024
22781
8 дақиқада ўқилади

«Фронтда вазият кескинлашди». Сирский Россия Донецк областида тактик ютуқларга эришаётгани ҳақида гапирди

Яна учта қишлоқ ташлаб чиқилган.

Фото: Getty Images

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ўз телеграм-каналида катта пост эълон қилиб, унда фронтдаги вазият кескинлашгани ва Россия қўшинининг тактик муваффақиятларга эришаётгани ҳақида гап борган. Шу билан бирга, Американинг Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) экспертлари Россия қўшини яқин ҳафталарда, Американинг ҳарбий ёрдами етиб келгунича жиддий тактик ютуқларга эришиши мумкинлиги, аммо Украина мудофаасини синдира олиши даргумон экани ҳақида ёзишган.

Сирский ўз постида Украина қуролли кучлари учун нисбатан энг мураккаб вазият Донецк областидаги икки йўналишда юзага келгани ҳақида айтган: булар Покровск йўналиши, яъни Авдийивкадан шимоли-ғарбда жойлашган Очеретино аҳоли яшаш манзили атрофи, бу ерда Россия қўшини Украина қуролли кучлари мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлган; шунингдек, Марйинка яқинидаги Курахово шаҳри йўналиши.

«Рақиб бу йўналишларда тўрттагача бригадани ҳаракатга келтириб, Авдийивка ва Марйинкадан ғарбга юришларни ривожлантиришга ва Покровск ва Кураховога йўл очишга ҳаракат қилмоқда, — дея ёзган Сирский. — Украина мудофаа кучлари  бўлинмалари мудофаачилар ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолиб, Бердичи, Семеновка ва Новомихайловкадан ғарбдаги янги марраларга ўтишди».

Бердичи ва Семеновка — Очеретинодан узоқ бўлмаган ҳудудларда жойлашган икки қишлоқ. Украина қуролли кучлари ушбу қишлоқлардан ғарбга кетгани ҳақидаги баёнот шуни англатадики, РФ армияси ушбу ҳудудда ёриб ўтиш зонасини кенгайтиришга муваффақ бўлган.

«Умуман олганда, рақиб бу йўналишларда маълум тактик ютуқларга эришди, аммо оператив устунликка эриша олмади», — деб ҳисоблайди Сирский.

Якшанба куни Россия мудофаа вазирлиги ҳам РФ армияси Очеретинодан жануби-шарқдаги Новобахмутовка аҳоли яшаш манзили эгаллангани ҳақида хабар берган. Украин ҳарбийлари бу маълумотни тасдиқламаган, аммо Украина қуролли кучларига яқин бўлган DeepState проекти ўзининг янгилаб бориладиган харитасида бу қишлоқ Россия назоратига ўтганини кўрсатган.

Россиянинг «жиддий устунлиги»

Украина қуролли кучлари бош қўмондони фронтдаги умумий вазиятни шундай тасвирлаган: «Фронтда вазият кескинлашди. Стратегик ташаббусни қўлга олиб, фронт чизиғини ёриб ўтишга уринган душман асосий саъй-ҳаракатларини бир неча йўналишга жамлаб, куч ва воситаларда ўзи учун жиддий устунлик яратди. Бутун фронт чизиғи бўйлаб фаол ҳужум қилинмоқда, айрим йўналишларда — тактик ютуқларга эришилган».

Олександр Сирский жорий йил бошида Украина қуролли кучлари бош қўмондони бўлганди. Фото: Reuters

Шу билан бирга, Сирский вазият тез ўзгарувчанлиги, «алоҳида позициялар кун давомида бир неча бор „қўлдан қўлга ўтаётгани“, бу эса вазиятни мавҳумлаштираётгани»ни таъкидлаган.

Жанубда ҳам кескинлик юмшаётгани йўқ, Россия қўшини Запорижжя ва Херсон областларида ҳам олдинга силжишга уринмоқда, аммо, Сирскийнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар бу йўналишларда муваффақиятга эриша олмаган.

«Душман шошилинч тарзда Украина Шимолида юриш ҳаракатларига тайёрланаётганининг белгилари йўқ, — дея қайд этган бош қўмондон. — Шу билан бирга, рақибнинг Харкив йўналишидаги қўшинлари сони оширилиб, қайта гуруҳланаётганини кузатмоқдамиз».

Сирский шунингдекк украин ва рус қўшинлари Днипро соҳили атрофидаги ҳудудлар учун жанг қилаётган Херсон областида Украина қуролли кучлари олдинга юришга муваффақ бўлгани ва Нестрига оролини ўз назоратига олганини айтган.

Украинадаги Россия кучлари украинларда ўқ-дори ва янги аскарлар етишмаслиги фонида айрим муваффақиятларга эришди. Украин ҳарбийлари тахминан ярим йил мобайнида Киевнинг энг кучли иттифоқчиси АҚШдан янги ҳарбий ёрдам ололмади; мамлакат парламенти ҳам фақат апрел ойига келиб сафарбарлик тўғрисидаги қонунга тузатишларни маъқуллади, бу орқали энди армияга янги кучларни жалб этиш мумкин бўлади.

Россия шунингдек Украина бўйлаб ракета зарбаларини кучайтиришга ва мамлакатдаги бир неча йирик электр станцияларни йўқ қилишга муваффақ бўлди — украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари зенит ракеталар, жумладан ғарб томонидан ишлаб чиқарилган ракеталар етишмовчилиги туфайли кучсизланган.

Таҳлилчилар нима демоқда?

Американинг Урушларни ўрганиш институти (ISW)нинг сўнгги таҳлилларидан бирида яқин ҳафталарда, Украина Америка ёрдами фронтга етиб келишини кутиб турганида, Россия қўшини, катта эҳтимол билан, жиддий тактик ютуқларга эришиши, аммо украин мудофаасини синдириши даргумон экани айтилган.

Апрел ойида Америка Конгресси Киевга жами 61 млрд доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратишни маъқуллади. Пентагон аллақачон 1 млрд долларлик ёрдамнинг биринчи партиясини юборган ва яна 6 млрд доллар Америкадаги корхоналардан Украина учун қурол-яроғ сотиб олишга ажратилишини эълон қилган.

ISW экспертлари ҳисоблашича, АҚШдан келаётган янги ёрдам украин қўшинларига моддий ресурслар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш ва Россиянинг давом этаётган юриш ҳаракатларини секинлаштириш имконини беради. Шу билан бирга, Россия кучлари, афтидан Америка ёрдами етиб келмасидан украинлар мудофаасини беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларни фаоллаштириб, ўз позицияларини мустаҳкамлашга киришган.

Америкалик таҳлилчилар давом этишича, Россия кучларида Авдийивка ҳудудида муҳим тактик ютуқларга эришиш ва Часив Ярни (Украина мудофаасининг Донецк областидаги муҳим таянчи) эгаллаш орқали оператив жиҳатдан муҳим мақсадга эришиш имкониятига эга.

Аммо катта эҳтимол билан бу уринишлардан ҳеч бири Донецк областида Украина мудофаа чизиғини қулатиш у ёқда турсин, яқин истиқболда ҳам фронтда оператив ёриб ўтишга айланмайди, деб ҳисоблайди ISW экспертлари.

У ердагилар қайд этишича, бу йил ёзда Украина қуролли кучларининг яхши таъминотга эга кучлари Россия амалга ошириши кутилаётган юриш ҳаракатлари вақтида оператив ёриб ўтишнинг олдини олишга қодир бўлади. Аммо Россия қўшини ёзда ҳам Украинага жиддий хавф туғдиришда давом этади.

Шу билан бирга, россияликлар Украинада жойлаштириш мумкин бўлган замонавий ва самарали техникалар захирасига эга эмас, Россия қўшинлари ва қисмларининг умумий жанговар самарадорлиги эса пасайишда давом этмоқда, дейилган ҳисоботда.

Ёзги кампания қандай бўлади?

Россия кучлари қисман техника ва жонли кучлар бўйича сон жиҳатдан устунликларига таянади ва ISW таҳлилчилари фикрига кўра, сонга урғу қаратилиши (сифатдан қатъи назар) Россия армиясига шу вақтга қадар қатор тактик ютуқлар олиб келган ва ёзги кампанияда ҳам Россия сон устунлигига таянади.

Бундан ташқари, россияликлар аста-секинлик билан оператив режалаштиришдаги ўтмиш хатоларидан сабоқ чиқаришмоқда.

Катта эҳтимол билан, ёзги юриш фронтнинг нисбатан кенгроқ участкаси бўйлаб ўтказилади, деб ҳисоблайди ISW’дагилар.

Россия кучлари бошқарилувчи бомбаларни оммавий қўллашни бошлаган, бу эса Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилияти яхшиланаётганига қарамай, келаётган ёзда Россиянинг қуруқликдаги амалиётларини қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи рол ўйнашда давом этади.

ISW таҳлилчилари қайд этишича, россияликлар ўз кучларини кенг кўламли технологик такомиллаштиришда давом этмоқда ва Америка ёрдами тўлиқ ҳажмда Украина қуролли кучларига етиб келгунига қадар бу янгиликлардан фойдаланишга тайёрланмоқда.

Аммо бу технологик мослашув ҳали тактик даражада якунланмаган, бу эса Украина қуролли кучлари учун имкониятлар ойнасини очади, деб ҳисоблайди экспертлар.

Катта эҳтимол билан, Украина яқин ойларда фронтни барқарорлаштиради ва 2024 йил охирида ёки 2025 йил бошида чекланган қарши ҳужум амалиётларини бошлаши мумкин, дейилади ISW таҳлилида.

Мавзуга оид