Июлда ҳаво ҳарорати +40 даражадан ошган кунлар меъёрдан анча кўп бўлди — «Ўзгидромет»
2023 йил июль ойи барча жойларда иқлимий меъёрдан +1,5...+2,5 даражага илиқроқ бўлди.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, Ўзбекистонда ёз фаслининг ўртаси одатда қандай иссиқ бўлса, ушбу йилнинг июль ойи катта қисми ҳам шундай иссиқ бўлди.
Ойнинг ҳарорат тартиби ҳар турли бўлди. Биринчи ўн кунликда Ўзбекистон ҳудудига Кавказдан салқин ҳаво кириб келди ва ҳудуднинг катта қисмида +32...+36 даража атрофида бўлган қулай ҳаво ҳарорати кузатилди ва ҳатто республиканинг энг чекка жанубида ҳам ҳарорат +37...+39 даражадан юқорига кўтарилмади.
Аммо иккинчи ўн кунликнинг бошидан бошлаб ёз республика ҳудудида ўз таъсирини ўтказишга қарор қилди. Республика ҳудудига Эрондан яна иссиқ тропик ҳаво кириб келиши бошланди ва ҳарорат кўтарилди. Ўзбекистоннинг катта қисмида кундузги ҳарорат +37...+40 даража атрофида, энг иссиқ даврларда эса +41...+42 даражагача, жанубда +43...+45 даражагача, чўл ҳудудлар ва Оролбўйида +46 даражагача бўлди.
Июль ойида ҳарорат +40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони: Тошкентда 8 кун (ўртача йиллик қиймати (меъёр) - 2 кун), Термиз шаҳрида 24 кун (меъёр - 16 кун), Нукусда 8 кун (меъёр - 4 кун) қайд этилди.
Иссиқ об-ҳаво бўлишига қарамай, июль ойида максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар қайд этилмади.
Энг иссиқ июль ойлари рейтингида 2023 йил июль ойи ҳудуднинг катта қисми бўйича 2019 ва 2021 йилларнинг июль ойларидан сўнг биринчи учликка кирди. Республиканинг ғарбий ва жануби-ғарбий ҳудудлари бўйича бу йилнинг июль ойи энг иссиқ июль ойлар орасида 4-6-ўринни эгаллади.
2023 йил июль ойи қуруқ бўлди, бундай ҳолат Ўзбекистон бўйича ушбу ой учун хосдир. Ҳудуднинг катта қисмида ёмғир умуман ёғмади ёки уларнинг миқдори бироз бўлди. Фақат республиканинг тоғли ҳудудларида бир ой ичида 13 ммдан 30 ммгача, Тошкент вилоятининг баланд тоғларида ва Қамчиқ довонида эса ой учун ёғингарчилик 35-48 ммгача бўлди.