Ўзбекистон | 14:15 / 27.09.2021
4537
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун 40 трлн сўм йўналтирилади - Президент

Келгуси беш йилда Наманган вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 40 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.

“Бундан 6,5 триллион сўми давлат бюджети ҳисобидан лойиҳалар, айтиб ўтилган дастурларга йўналтирилади. Шунингдек, бюджетдан турли йўналишларга йилига 670 миллиард сўм субсидиялар ҳам ажратилади.

Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Халқнинг пулини адолатли тақсимлаш, мақсадли ва манзилли ишлатишни ташкил этишимиз зарур. 

Барибир бизда коррупция бор. Мана, Тошкентда мен маҳаллага пул беряпман. Бориб қарасам, катта тўсиқ – бордюрлар ўрнатилган. Бундан кўра подъездни таъмирласак, лифтни тузатсак яхши эмасми? Энди ажратилган пулни қаерга сарфлашни раҳбар эмас, маҳалла аҳли айтади.

Бунинг учун, келгуси йилларда ҳудудни “коррупциядан холи қилиш” бўйича Наманган вилояти барчага намуна бўлиши учун алоҳида дастур қабул қилинади. 

Бунда, бюджет ажратмаларини очиқ-ошкора сарфлаш орқали, иқтисод қилинган маблағлар эҳтиёжманд оилалар, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига кирганларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид