Ўзбекистон | 16:45 / 27.08.2021
10618
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Кадастр халққа яқин, очиқ ташкилот бўлиши керак. Бироқ, бунинг аксини кўряпмиз»

Кадастр халққа яқин, очиқ ташкилот бўлиши керак. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Сенат ялпи мажлиси давомида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда соҳадаги тизимли ўзгаришларга қарамасдан жойларда қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Ерларни талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш, коррупция ҳолатлари ҳали ҳам кузатилаётгани айтилди.

“ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ер сотиш билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бундай жиноятларга Кадастр агентлигининг собиқ ва амалдаги ходимлари ҳам қўл ураётгани ачинарли.

Табиийки, биз бунга бефарқ қарай олмаймиз. Шу сабабли кадастр соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижро этилиши ҳолати юзасидан Кадастр агентлиги раҳбарининг ахборотини эшитишни лозим топдик. Ҳақиқатан ҳам долзарб масала. Жойларда ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатлари давом этаётгани жуда ташвишли. Ажабланарлиси, бундай қонунбузилиш ҳолатларининг ҳар ўнтадан биттасигина (10,5 фоиз) бартараф этилган.

Ерни ноқонуний эгаллаб, иморат қуриш ҳолатларини пайқамаслик мумкин эмас. Ҳар бир ҳудудда маҳалла раиси, участка нозири, сектор раҳбари, ёки бу масалага бевосита масъул ва жавобгар бўлган кадастр ходимлари бор. Бироқ, тор манфаатлар илинжида бунга кўз юмиляпти.

Хулоса қилиш мумкинки, жойлардаги масъуллар бу ҳолатнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини англаб етмаганлар. 3 йил олдин давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган бир марталик акция доирасидаги ишлар охирига етказилмаганлигини қандай тушуниш керак? 

Бугунги шароитда Агентлик аҳоли учун энг яқин ва очиқ ташкилот бўлиши керак. Бироқ, айни пайтда бунинг аксини кўряпмиз.

Президентимиз бекорга очиқлик ва шаффофликни талаб қилмайдилар. Шу талаб бажарилмаган соҳа борки, барчаси коррупция ботқоғига ботади”, деди Танзила Норбоева.

Бундан олдин, 6 ой давомида Кадастр агентлигининг 48 нафар ходимига нисбатан жиноят иши очилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид