Шавкат Мирзиёев ҳоккейчилар ва енгил атлетикачиларни ютуқлари билан табриклади
Ҳоккей бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси илк марта жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўз дивизионида ғолиб бўлди. Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон U-18 миллий жамоаси эса биринчи марта Осиё вице-чемпионига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев уларни табриклаб, спортчиларнинг ота-онаси, устоз ва мураббийларига миннатдорлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев ҳоккей бўйича Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпиони бўлгани билан, енгил атлетика бўйича U-18 миллий жамоасини эса илк марта Осиё вице-чемпиони бўлгани билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Арманистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий ҳоккей жамоаси IV дивизионда илк марта иштироки этиб, ғолиб бўлди ва келгуси мавсумда учинчи дивизионда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Терма жамоа март ойида Таиландда бўлиб ўтган 18 ёшгача бўлган хоккейчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам терма жамоа ғалаба қозонган эди.
Шу билан бирга, Саудия Арабистонида ўтказилган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида ўзбекистонликлар 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз тарихида биринчи марта умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
«Бу ютуқлар, энг аввало, йигит-қизларимизнинг тинимсиз меҳнати, юксак маҳорати, мустаҳкам иродаси ва матонати туфайлидир. Бунда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва тизимли давлат сиёсатининг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда спорт инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланди, янги мактаблар очилмоқда, спортчиларнинг профессионал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Давлат раҳбари хоккейчи ва енгил атлетикачиларни юксак зафарлар билан табриклаб, ота-онаси, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорлик изҳор этади», дейилади хабарда.