20:43 / 30.06.2024
11725

Байден пойгадан чиқиши мумкинми — АҚШдаги дебат ҳақида сиёсатшунослар нима дейди?

Қўшма Штатлар президентлигига номзодлар Жо Байден ва Доналд Трамп ўртасидаги дебат айни вақтда дунё сиёсий майдонида кенг муҳокамаларнинг марказида.

Дебат давомида уларни нафақат ички масалалар, балки ташқи сиёсатда Россия ва Хитойга нисбатан позициялари ҳам ажратиб турди. Марказий Осиё ва Яқин Шарқ сиёсатида ўзгариш бўладими? Умуман, дунё тартиботи учун қай бири қулай номзод? «Геосиёсат» мавзуни таҳлил қилиш учун бир қанча сиёсатшуносларни таклиф этди.

— АҚШ президентлигига номзодлар Доналд Трамп ва Жо Байден ўртасидаги дебат ҳақида фикрингиз қандай?

Сайфиддин Жўраев: — Кўпчилик АҚШни олигархлар ёки бир доира одамлар бошқаришини айтади, лекин кечаги дебатда улар унчалик рол ўйнамаслигини кўрдик. Байденнинг кампаниясига қанчалик пул тикилиб, унинг ютишини кутганлар бор эди, Трампда ҳам шундай. Лекин Байден ютқазди, яъни Трамп олдида эмас, сайловчилар олдида ютқазди. Демократиянинг бир кўриниши бўлди, одамлар шу дебатни барибир кузатади, у ерда нимадир яшириб бўлмайди.

Трамп ўзини дадил тутди, бошида озроқ эҳтиёткор бўлиб турганди, лекин Байденнинг ҳаракатларидан кейин у жонланиб, ўзини эркин тутди. Байденда эса фақат шу жараёндан ўтиб олиш психологияси устунлик қилди. Уни шунга тайёрлашган, туриб берсангиз бўлди, деб. Лекин саволлар тўғридан тўғри сайловчилардан келгани учун жавоб бериш қийин бўлди.

Бу дебат демократиянинг бир тарозиси кўринишида бўлди. Бундан ташқари, бутун дунё учун, АҚШнинг дўст-у душманлари учун сигнал бўлди. Бу ерда дунёнинг стратегик масалалари кўрилди. Америка кейинги 4 йилда қандай ташқи сиёсат олиб боради, давлатчилигида қандай йўналиш бўлишини кўриш мумкин.

Дебатда иқтисод устувор йўналиш бўлди, ички жамиятни шу нарса қизиқтиради. Иқтисодий стратегия кўрилди. Трампнинг стратегиясида бу масала кўпроқ ёритилган, шу сабабли унга кўпроқ мойиллик билдирилди.

Шуҳрат Расул: — Кечаги дебат ноанъанавий бўлди, чунки шу пайтгача теледебатларни махсус комиссия уюштирган, бу сафар эса дебат ўтказиш CNN телеканалига юклатилди. Бундан ташқари, ҳар икки номзод ҳали расман тасдиқлангани йўқ. Демократлар партиясининг катта қурултойи 19 августга белгиланган, шунда Байден тасдиқланиши кутиляпти. Баъзи фикрларга кўра, бу дебатни демократлар уюштирган, яъни Байденнинг ҳолатини билиб олиш учун. Лекин дебат Байденнинг мутлақо тор-мор бўлганини кўрсатди. Wall Street журнали ҳам Байден тор-мор бўлди деб ёзиб чиқди, бошқа жаҳон нашрларида ҳам шунга ўхшаш гаплар. CNN ўтказган сўровномада ҳам Байден 33 фоиз, Трамп 67 фоиз овоз олган.

Байденнинг камчилиги қариб қолгани бўляпти, қарилик касаллиги ҳам бор унда, 81 ёшга кирди. Агар демократлар партияси Байденнинг қатнашмаслигини таъминлай олмаса, уларнинг ғалаба қозониши катта шубҳа остида.

— Байденнинг дебатдаги мағлубияти сабаби сайловчиларнинг саволими ёки унинг ёши билан боғлиқ муаммоми?

Хайрулла Умаров: — Ҳар икки номзодга ҳам бу ёшингизда президентлик вазифасини бажара оласизми, деган маънода савол бўлди. Ҳокимият ақлан бошқариладиган аппарат, шу сабаб президентлар атрофида ақлли маслаҳатчилар бўлиши ва президентниг ўзи ҳам адекват бўлиши керак.

Байденнинг кексалиги, баъзи чиқишларда қарилик касаллиги аломатлари кўриняпти. АҚШдай қудратли давлатнинг бошқарувида ким бўлиши эса муҳим масала. Трамп ҳам агар сайланса, 84 ёшга чиқади президентлик муддати охирида. Сиёсатда ақлий жиҳатдан бошқарув муҳим масала. Шу сабаб Байден ёши сабаб тезкор қарор қилиши қандай бўлиши ҳам бир масала.

— Байден номзоди бекор қилиниши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Кечаги дебатни кузатувчилар ва демократлар партия ва Байденнинг ўзи учун «фожиа» деб атади. Трамп ва Байден ўртасидаги ёш фарқи 3 йил, улар АҚШ тарихидаги энг қари номзодлар ҳисобланади.

Байден берилган саволларга ўйланиб қолиб жавоб берди, тарафдорлари саволга жавоб бера олармикан деган хавотирда турди. Маълумотларга кўра, дебат бошланиши билан демократлар вакиллари бир-бирига қўнғироқ қилиб ташвишини билдирган. Байден номзоди билан ғалаба қилиш имконсиз, Трамп анча тетик ва дадил. Шундай бўлса-да, икки номзодда ҳам камчиликлар бор, Трамп кўп ёлғон гапирди, 30 марта. Лекин Трамп учун бу янгилик эмас, унинг сиёсий усули шундай. У шундай манипуляция қилишни яхши кўради.

Байден кам гапириб, репутацияси қотиб қолган. Шу сабаб АҚШ сайловчиларида салбий хулоса қолдирди. Демократлар партиясида ваҳима, нима қилишни билишмаяпти. Чунки АҚШ сиёсий анъанасига кўра, бир марта сайланиб, кейинги сайловга жорий президент номзоди қўйилади. Ҳозир Байден ўз номзодини қўйишда қатъий турибди. Назаримда, демократлар унга босим қилиб, номзодини қайтариб олишни сўрайди. Агар Байден ўзи номзодини қайтариб олмаса, бошқалар ҳеч нарса қилолмайди. Чунки бир неча босқичли жараёнда Байден номзоди тасдиқланиб бўлган, шу сабаб ўзи воз кечиши керак.

Вице-президент Камала Ҳарриснинг рейтинги Байденникидан ҳам паст, фақатгина Калифорния штати губернатори номзоди бўлиши мумкин, рейтинги юқорироқ. Лекин Трампни юта олади деган кафолат йўқ унда ҳам.

Шуҳрат Расул: — Демократларда ҳозир ким мана шу воз кечишни Байдендан сўраши масала бўлиб турибди. Катта эҳтимол билан, Байденнинг ўзи ҳурмат қиладиган Барак Обама ва Мишел Обама буни сўраши мумкин, демократлар илтимос қилса. Бошқа партиядошларининг гапини қабул қилмайди, хоинлик деб тушуниши мумкин. Демократлар партияси олдида оғир танлов турибди.

Сайфиддин Жўраев: — Менимча, Байден номзодини қайтариб олмайди. Байденнинг сиёсий жамоаси кучли, шундай бўлишини билишганда бошқа номзод бўлишини сўрашган, йўқ деган. Бугун Байден ўрнига икки номзод бор. Биринчиси Камала Ҳаррис, уни Байденнинг ўзи танлаган, чунки рақобат қиладиган даражада кучли эмас. Иккинчиси, Калифорния штати губернатори, лекин у номзодимни қўймайман деган маънода гапирди.

АҚШда партияларга тарафдор бўлмаган, кимга овоз беришини аниқ билмайдиган штатлар бор. Ўрганишлар шуни кўрсатяптики, мана шу штатларда ҳам Трампга мойиллик бор. Буни Байден тарафдорлари ҳам билади, лекин Байден номзодини олмайди.

Шуҳрат Расул: — Трамп авторитар, унинг айтаётган гаплари шуни кўрсатяпти. У АҚШни авторитар давлатга айлантириши мумкин. У очиқчасига Конгрессни чеклашини айтади. АҚШ судлов тизимларига ҳам даъволари бор. Уларнинг фикрича, Трамп АҚШни демократиядан авторитаризмга етаклайди. Жо Байден талқинича, у шу авторитаризмдан АҚШни қутқариб қолади. Байден Трампни фақат ўзи енга олишини очиқ айтди, агар Трамп номзодини қўймаса, мен ҳам қўймасдим, деди.

Камолиддин Раббимов: — АҚШ жамияти бугун икки қутблашган. Анъанавий АҚШда республикачилар марказга яқин ўнг, демократлар марказга яқин сўл эди. Бугун эса ултра ўнглар ва ултра сўллар шаклланди, АҚШ тарихида бу қадар кескинлашув бўлмаган ҳали.

Яқинда АҚШда фуқаролар урушини кўрсатиб берган филм ҳам ишланди. Бу орқали демократлар агар Трамп ҳокимиятга келса, АҚШда фуқаролик уруши бўлиши мумкин деган сигнал юборяпти.

Хайрулла Умаров: — АҚШда биринчи президент бўлган шахс иккинчи марта ҳам ўзи номзодини қўйиш анъанаси бор. Шу сабаб Байден номзодини қайтариб олмайди. Иккинчидан, президентлик сайдовларидан ташқари Конгресс, Сенат сайловлари ҳам бор, шу сабаб демократлар обрўси тушиб, ўша сайловларда ҳам ютқазиб қўйиши эҳтимоли бор. Шунинг учун Байденнинг ўзи қолдирилади.

АҚШдаги кўп яҳудийлар Трампга урғу беради, бундан ташқари, афроамерикаликлар ҳам бор. Шу сабаб Байденнинг ўзи қолиб, қайтадан ПР технологиялари ишлаб чиқилади.

Трампнинг суд жараёнлари сайловга таъсир қилиш эҳтимоли қанчалик юқори?

Шуҳрат Расул: — Трампга 4 та айблов эълон қилинган. Пакетларнинг бири Капитолийга бостириб кириш бўйича, шу пакет Трамп учун хавфли. Агар Капитолий штурмида Трамп айбдор деб топилса, бу давлатга қарши иш қилиш сифатида бўлади ва суд қарори билан унинг номзоди олиб ташланиши мумкин. Қолган пакетлар бўйича айбдор бўлса ҳам, президент бўлавериши мумкин. Лекин Капитолий бўйича айбдор деб топилиб, Трамп адвокатлари апелляция бериб, апелляция вақти чўзилиб, шу вақтда президентликка сайланиши мумкин. Шу сабаб бу нарса мавҳум бўлиб турибди.

Сайфиддин Жўраев: — Президент қамоқда туриб бўлса ҳам давлатни бошқариши мумкин, АҚШ қонунчилиги рухсат беради бунга. Трампнинг сайланиш эҳтимоли катта бўлгани сабаб қамоқ жазоси ўрнига жарима жазоси қўллаши мумкин судялар. Қамалса ҳам, ўша ерда туриб ишлаш учун шароит қилинади. Трампнинг ўзи шу бўйича саволга барибир бошқаравераман, деган маънода гапирди. Шу ўринда суд ҳокимияти ҳам қонун устуворлигини кўрсатади. Агар Трамп апелляция берса, бу кўп вақт олиши, ҳатто президентлик муддати тугаб кетиши ҳам мумкин.

Республикачилар суд ҳокимиятини ислоҳ қилиб, икки судяни алмаштирамиз, деяпти. Ўзи Трамп олдинги муддатида 3 нафар судяни ўзи тайинлаганди. Бу орқали суд ҳокимиятида монополияга эришиб, жазони бекор қилишга эришиши ҳам мумкин.

— Трамп ва Байден ташқи сиёсатда Россия ва Хитойга нисбатан қандай позицияни тутишади ва бу уларнинг келажакдаги муносабатларида қандай рол ўйнаши мумкин?

Камолиддин Раббимов: — АҚШдаги украиналиклар тўлиқ Байден томонида. Трамп ҳокимиятга келса, Путин билан келишиш эҳтимоли юқори. Трамп президентлик даврида Путин учун қулай шахс бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, Путиннинг Трампга таъсир қилиш салоҳияти нисбатан юқори. Америкалик журналистлар айтишича, Трамп Путин билан учрашганда ҳар сафар ўзига келолмай юрган, Путинга эътироз билдирмаган. Умуман, Путин учун қулай шахс.

Трамп Украинага кўп маблағ берилди, Зеленский ҳар сафар 50-60 млрд доллар олиб кетяпти, биз бу урушни тезроқ ёпишимиз керак, деди. CNN журналистларининг Путин билан келишиб, масалаларга кўз юмасизми, деган саволига йўқ, деди, лекин аниқлик киритмади.

Хитой масаласида АҚШнинг сўнгги уч президенти якдил. Фарқи шундаки, Трамп якка АҚШ сифатида Хитойга қарши туради, Байден эса коллектив Ғарб ва Жанубий Корея, Япония каби давлатлар билан бирга қарши туради.

Хайрулла Умаров: — АҚШ олигархик давлат, яҳудий қадриятлари асосида ташкил топган. Демократиянинг элементлари қонун чиқарувчи ҳокимиятлар бўлиниши бўлади. АҚШда вазирлар маҳкамаси йўқ, судяларни президент тайинлайди. Бунда демократия йўқ. Бойлар бошқаради, улар 2 хил: биринчиси, демократлар энергия ресурслари устидан назорат қилади, иккинчиси қурол-яроғ лоббиси. АҚШ Конгрессида қонун олиб чиқишдан олдин лоббига кўрсатилади, унга маъқул бўлса ишлатилади.

Умуман, асосий ташқи сиёсат ўзгармайди, Россия ва Хитой стратегик рақиб. Исроил давлатини тузиш масаласи 4 та жойда бўлган: Эфиопия, Ироқ, Қрим ва Қуддусда. Украина ҳудудида ҳам яҳудийлар кўп яшаган. Россия билан босиб олинган ерларни бераман, сен Яқин Шарқда Исроилга қарши фаолиятингни тўхтатасан, деган масала бўлади. Бу бўйича республикачилар ва демократлар икки хил олиб боради бу борада ишни.

Сайфиддин Жўраев: — Сайловлар АҚШнинг ички иши. Ким келишидан қатъи назар АҚШ манфаатлари бўйича иш бўлади, буни ҳеч ким ўзгартиролмайди. Айрим давлатлар шу вазиятда ўзига фойда олишга ҳаракат қилади, лекин АҚШ бунга муҳтожмас.

Путин менга Байден қолгани қулай деганди, чунки Байденнинг ташқи сиёсати юмшоқроқ Трампникига нисбатан. Трамп Россия ва Украина масаласини ҳал қиламан, деяпти.

Камолиддин Раббимов: — Ростдан ҳам Трамп ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган шахс. Унинг маслаҳатчилари бирор нимани босим билан уқтирса, фикрини жуда тез ўзгартиради. Байден эса асосий қоидаларидан оғишмайди.

Байден президентлик даврида Россия учун реал хааф бўлмади, лекин Хитой билан савдо-иқтисодий уруш бир неча баробар ошди. Лекин Трамп ҳокимиятга келиб, унинг маслаҳатчилари Россия-Украина уруши бўйича кескинроқ чоралар таклиф этса, у буни қўллаш эҳтимоли йўқ эмас.

Хайрулла Умаров: — Хитой АҚШ учун иқтисодий таҳдид. Хитойнинг ўзи ҳам биз урушмаймиз, дейди. Асосий кучи иқтисодий жиҳатдан. Трамп Хитой сотиб олган компанияларни АҚШга қайтариш ҳақида ҳам гапирди. Хитой бугун микрочиплар ишлаб чиқаришда АҚШ билан беллаша оляпти. Хитой АҚШ қарзларини ўзига сотиб оляпти. АҚШ ўз долларини ички бозорга қайтарса, унда парокандалик бўлади. АҚШни ташвишга солаётган нарсалардан бири шу. Лекин Хитой ва АҚШ бир-бирига иқтисодий боғлиқ, бирининг иқтисодий барбод бўлиши иккинчисининг барбод бўлишига олиб келади.

Шуҳрат Расул: — Трамп доим биз учун биринчи рақамли душман Хитой деб келади. Байден 2020-йилларда Россия биринчи рақамли душман, Хитой иқтисодий рақиб деган.

АҚШ элитасининг хавотирлари шундаки, Трамп АҚШнинг бутун дунёда иқтисодий, сиёсий гегемонлик сиёсатидан воз кечиб қўйиши мумкин. Трамп изоляционист сиёсатчи. Республикачилар партиясида ҳам неолиберализм ва неоконсерватизм бор, бу эса дунёни бошқаришга асосланган. АҚШ элитаси Трампни кўчадан келган одам деб, содда бизнеси тартиб-тамойили билан иш кўриб, ишларни расво қилишидан қўрқишяпти.

2016 йилда Трамп ҳокимиятга келганда ҳам шундай бўлганди. Лекин сиёсатда ҳеч нарса ўзгармади. Майкл Помпео давлат котиби бўлди, у эса АҚШ сиёсатини яхши биладиган одам эди. Трамп президент бўлгани билан аслида сиёсатни Помпео сингари одамлар олиб борди. Бу сафар ҳам катта эҳтимол билан унинг атрофида у сингари узоқни кўра оладиган шахслар бўлади.

— Яқин Шарқ ва Марказий Осиё учун қайси номзод маъқул?

Камолиддин Раббимов: — Трамп Исроил тарафдори. 7 октябр воқеаларигача ҳам Байден ва Нетаняҳу ўртасида муносабатлар маълум даражада совуқ эди. Демократлар мувозанат сақлашга ҳаракат қилади. Агар Трамп келса, шу мувозанат бузилиб, Трамп Нетаняҳу томонга оғиши мумкин. Нетаняҳу ҳам Трампнинг ҳокимиятга келишини истайди, яқинда ҳам Нетаняҳу АҚШни танқид қилиб, биз истаган даражада қуроллар берилмаяпти, деган эътирозлар билдирди. Трамп келса, Исроилга эътибор кучаяди.

Марказий Осиёга нисбатан икки партиянинг муносабати ўзгармайди. Лекин Украина борасидаги сиёсат ўзгариши постсовет ҳудудига жиддий таъсир қилади. Агар Украинани қўллаш пасайса, бу постсовет ҳудудига, жумладан Марказий Осиёга салбий сигнал бўлади.

Сайфиддин Жўраев: — АҚШнинг йирик инвесторларининг ахборот-технологиялар соҳаси бўйича қизиқиш катта Марказий Осиёга. Иқтисодий жиҳатдан АҚШда ҳам таранглик бошлаганган, шу сабаб янги бозор ва янги ҳамкорлар қидиряпти. Шу нуқтайи назардан Марказий Осиёга бугунги ижобий тенденция сақланади камида.

Украина масаласи яқинда ҳал бўлади ким президент бўлса ҳам, чунки ҳамма чарчаб бўлди.

Трамп йирик олигархиянинг вакили, айниқса ҳарбий сиёсий комплекс ортидан, у йирик ишлаб чиқарувчиларнинг номзоди бўлиб чиқяпти. Шу маънода алоқалар кучаяди. Европа ва Россия билан ҳам алоқалар чуқурлашади иқтисодий жиҳатдан. Трамп анча пишган сиёсатчи энди, олдин тажрибасиз бўлган бўлиши мумкин. Марказий Осиё минтақаси халқаро муносабатларда бир субъект сифатида шаклланяпти, шу сабаб АҚШда ким президент бўлса ҳам, Марказий Осиё билан ҳисоблашишга мажбур.

Хайрулла Умаров: — Демократлар орқасида энергия ресурслари бўйича олигархлар, республикачилар ортида қурол-яроғ бўйича. Исроилга нисбатан муносабат ўзгармайди, турли нодавлат нотижорат фондлар орқали катта миқдорда Исроилга пул ажратади. Ҳар икки партия вакиллари ҳам БМТда Исроилни ҳимоя қилиб келади. Умуман, катта Исроил давлати ва Фаластин давлати ташкил топмагунча бу можаро давом этади.

Бир можарони бартараф этиш учун бошқа бир жойда можаро пайдо қилинади кесишган манфаатлар ҳудудида. Ўзбекистон шунақа кесишган манфаатлар ҳудуди ҳисобланади, чунки Марказий Осиёнинг барча давлатларини боғлайди, энг кўп аҳолига эга, саноати катта, барча қўшни давлатларда ўзбеклар яшайди, чегаралар номуқобил. Шу сабаб «гугурт чақиладиган» ер Ўзбекистон.

Шуҳрат Расул: — Ўзбекистон Марказий Осиёда энг барқарор давлатлардан бири, ҳеч ким унга «гугурт чақолмайди». Халқаро валюта фонди Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини юқори баҳолаяпти.

Ҳамма нарсани империялар даврида шаклланган ғоялар билан боғлаш нотўғри. Манфаатлар кесишган ҳудуд, буфер ҳудуд деб империялар, совуқ уруш даврида шаклланган географик детерминизм бўйича фикрланяпти. Бу ғоялар пайдо бўлганига бир-бир ярим аср бўлди. Фақатгина географик детерминизм билан ҳамма нарсани ўлчаш хато бўлади. Бундан ташқари, сиёсатда, ижтимоий ҳаётда, иқтисодда бошқа ғоялар, назариялар ҳам бор. 20-аср иккинчи ярмида айнан ғоялар бўйича бўлиниш бўлди дунёда, географик детерминизм бўйича эмас.

Биз ҳозир Марказий Осиё деяпмиз, лекин Ўзбекистон хақида гапиришимиз керак ҳозир, чунки Марказий Осиё ҳали ягона иқтисодий, сиёсий минтақа эмас. Фикримча, Трамп бўлса ҳам, Байден бўлса ҳам, Ўзбекистонга нисбатан сиёсатида катта ўзгариш бўлмайди. Шавкат Мирзиёев республикачилар даврида ҳам, демократлар даврида ҳам президент эди, ҳар иккала томон билан яхши тил топишган. Байден билан ҳам, Трамп билан ҳам алоқалар яхши. Трамп даврида АҚШга борганда Трампнинг ўзи кутиб олганди Шавкат Мирзиёевни, бу катта ҳурмат рамзи ҳисобланади. 

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди

Top