Жаҳон | 16:47 / 02.07.2024
9233
9 дақиқада ўқилади

Демократлар саросимада: улар Байден ўрнига номзод қидирмоқдами?

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден CNN студиясидаги дебатда ўзини жуда нўноқ тутгани демократларда хавотир уйғотган. Улар бир неча янги номзодни кўриб чиқишни бошлагани айтилмоқда.

JUSTIN SULLIVAN/GETTY IMAGES

АҚШ собиқ биринчи хоними Мишел Обама ноябрда бўладиган президентлик сайловларида демократлар партияси номзоди сифатида қатнашиши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг қатор нашрлари ёзмоқда. Бундай миш-мишлар Жо Байден 28 июн куни Доналд Трамп билан дебатда жуда ёмон қатнашганидан кейин тарқалди. 90 дақиқалик дебат давомида Байденда кексалик аломатлари сезилиб қолди ва демократлар унинг чиқишини ҳалокат деб қабул қилишди.

Байден ҳозирча номзодини олмоқчи эмас, у 30 июн куни чиқиш қилиб, сайловда қатнашиши, Трампни енгишини айтди. Аммо барчаси августдаги демократлар қурултойида аниқ бўлади. Дебатгача Байден партиянинг ягона номзоди бўлишига шубҳа йўқ эди, чунки у праймеризда ғолиб бўлган. Аммо дебатдаги омадсизликдан кейин демократлар Байден ўрнига тетикроқ номзод излай бошлаган. Хўш, шундай бўлса, унинг ўрнини ким эгаллаши мумкин?

Камала Ҳаррис – АҚШ вице-президенти

Фото: Rod Lamkey - Pool via CNP/Keystone Press Agency/Global Look Press

Агар Байденга амалдаги президентлик вақтида нимадир бўлиб, президентлик ваколатларини бажара олмай қолса, унинг ўрнини қонун бўйича вице-президент Камала Ҳаррис эгаллайди. Бу жиҳатдан АҚШ тарихидаги илк аёл вице-президент «сиёсий меросхўр» ҳисобланади.

Унинг номзодини қўлловчи икки муҳим омил бор: биринчидан, Ҳаррис АҚШ президентлиги учун курашадиган илк қора танли аёлга айланади, бу тарихдаги илк қора танли президентни мамлакат тепасига олиб келган демократлар қарашларига мос. Иккинчидан, демократлар анчадан буён аёл президент сайлаш ҳақида орзу қилишади ва 2016 йил бу режалари амалга ошишига ҳам бир бахя қолганди.

Шу билан бирга, Ҳарриснинг рейтинги ҳавас қиларли даражада эмас. Бундан ташқари, Байден жамоасида Ҳаррис Трампга қаршилик қила олмайди деб ҳисоблашади.

Гэвин Нюсом – Калифорния губернатори

Калифорниянинг 56 ёшли губернатори Гэвин Нюсом 81 ёшли Байденнинг ўғли қатори

Номзодлар орасида энг машҳурларидан бири – АҚШдаги аҳоли сони ва иқтисодиёти бўйича энг йирик штат Калифорния губернатори Гэвин Нюсондир. Ўзи бу штатни ким бошқармасин, унинг рейтинги юқори бўлади, ҳатто бу актёр Арнолд Шварценеггер бўлса ҳам. Чунки Калифорнияга губернатор бўлиш АҚШ президенти бўлишдан осон иш деб бўлмайди. Мамлакатдаги энг либерал штатлардан бўлмиш Калифорния мустақил давлат бўлганида, дунёдаги энг бой бешинчи мамлакатга айланарди.

Нюсомнинг исми доим Байденнинг ворислари қаторида эътироф этилади. У яқинда республикачилар вакили бўлимиш Флорида губернатори Рон ДеСантис билан дебат уюштирди. Бу дебатни 2028 йилдаги президентлик сайлови превюси деб аташди. Уни одамлар орасида сепермашҳур фигура деб бўлмайди, аммо кўзга ташлангулик нуқсони ҳам йўқ. Ҳатто республикачилар уни бўлажак рақиб деб қарашади.

Гретҳен Уитмер – Мичиган губернатори

Мичиган губернатори Гретҳен Уитмер (архив фото)

Байденнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлганлар орасида яна бир қизиқарли номзод. Ўша гап, демократлар анчадан буён аёл президент истаётгани Мичиган губернатори Гретҳен Уитмер учун устунлик бериши мумкин.

У анъанавий тарзда бирор партияни ёппасига қўлламайдиган «иккиланувчи» штатдаги губернаторлик сайловларида икки марта республикачиларни 10 фоизлаб ортда қолдириб ғолиб бўлган. Бу АҚШ сиёсати учун жиддий натижа. Унинг раҳбарлигида демократлар 1980-йиллардан буён илк марта қонунчиликда кўпчиликка эга бўлиб, ўзлари истаган кўплаб қонунларни қабул қилган.

Мишел Обама – АҚШ собиқ биринчи хоними

Mary Altaffer / AP

Байден дебатларда «қовун туширгани»дан кейин унинг ўрнига қаралаётган номзодларнинг бирортаси ундан машҳур эмас, рейтинг масаласида ҳам мақтана олмайди. Рейтинг ва машҳурликда Байдендан қолишмайдиган ягона номзод – Мишел Обама. Ҳа, АҚШ собиқ президенти Барака Ҳусайн Обаманинг хотини.

Демократлар жон деб ҳамон дадил ва машҳур бўлган Обамани Трампга қарши номзод деб кўрсатган бўлишарди, аммо АҚШда бир киши икки мартадан ортиқ президент бўла олмайди. Шу боис, демократлар Обаманинг рафиқаси номзодини жуда фаол муҳокама қилишмоқда. Мишел президент бўлгач, уйда нималар қилишни эри билан маслаҳат қилиб ишлаши учун эмас, албатта, унинг ўзи америкаликлар орасида жуда машҳур.

Турмуш ўртоғи президент бўлиб ишлаган 8 йил давомида Мишел жуда фаол ижтимоий фаолият олиб борган ва америкаликлар орасида ҳавас қиларли машҳурликка эришган. Аммо у сиёсат билан шуғулланмайди, у асосан турли хайрия ва ижтимоий акцияларда фаол қатнашади. Ижтимоий тармоқларда жуда фаол ва ёшлар орасида машҳур. Тўғри, уни эри каби твиттерда 132 миллион одам кузатмайди, аммо твиттер ва инстаграмдаги умумий ўқувчилари сони 80 миллионга яқин.

Мишелнинг фаолияти ва рейтинги билан муаммо йўқ, асосий муаммо унинг ўзида. Мишел Обамадан бир неча марта сайловда қатнашасизми, деб сўрашган ва у йўқ деб жавоб берган. Ҳозир ҳам Мишел «демократларни қутқариш учун» сайловга киришиш нияти борлиги ҳақида ҳеч қандай ишора йўқ.

Республикачиларнинг обрўли вакилларидан бири, техаслик сенатор Тед Круз дебатдан кейин бир подкастда қатнашиб Мишел Обама Байденнинг ўрнини эгаллаши ҳақида гапирди. «Мишел Обама сайловларда Жо Байденнинг ўрнини эгаллайди. Бунинг имкониятини 80 фоиз деб баҳолайман. Байден шу қадар ёмон қатнашдики, демократлар саросимага тушиб қолишди», деди Круз ўз чиқишида.

Унинг айтишича, демократлар Мишел Обама партия номзоди сифатида сайловда қатнашиши ҳақида августда ўтадиган партия қурултойида эълон қилишмоқчи.

Байден президентлик сайловида пойгадан чиқадиган бўлса, унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган энг машҳур демократлар шулар. Турли нашрларда яна бошқа номзодлар ҳам келтирилмоқда, улар орасида қатор штатлар губернаторлари ва ҳатто Байдендан ҳам ёши катта Берни Сандерс бор. 82 ёшли Сандерс Сенатга яна 6 йилга сайланишни мақсад қилган, аммо у учинчи марта президентлик сайловида қатнашишга уриниши эҳтимолдан йироқ.

Республикачиларнинг «кетмони учмоқда»

Дебатдан кейин АҚШда демократлар ва либераллар қанчалик тушкунликка тушган бўлса, республикачилар шунчалик хурсандчиликни бошлаб юборди. Ҳа, биргина чиқиш билан ҳеч нима ўзгармайди, Байден амалдаги президент сифатида ҳали вазиятни тузатиши мумкин дейишмоқда, лекин президент бутун Америка кўз ўнига қандайдир хато гап гапиргани йўқки кейин уни тузатиб кетса. У икки оғиз гапни эплаб гапира олмади, демократлар фожиаси мана шунда.

Шундай бўлса-да, Байден президентлик сайловида қатнашиб, донорларга ғолиб бўлишни ваъда қилди. Маълум бўлишича, Байден дебатдан кейин оиласи билан бу ҳақда гаплашиб олган ва улар амалдаги президентни қўллаб-қувватлашган. АҚШ нашрларига кўра, Байденни пойгадан чиқишга фақат унинг оила аъзолари кўндириши мумкин. Ахир Байденни куч билан пойгадан чиқариб бўлмайди, у праймеризни ютиб бўлган ва партия суперделегатлари унга овоз беришга мажбур.

Ҳозирги мужмал ҳолат республикачилар учун айни муддао бўлди. Энди улар қонундаги имкониятлардан фойдаланиб, демократлар янги номзодни рўйхатдан ўтказишига қаршилик қилиши ҳам мумкин. Ахир яна янги номзод сайлов кампанияси учун солиқчиларнинг миллионлаб доллари ажратилиши керак, республикачилар шуни баҳона қилиб бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилишади.

Бундан ташқари, Байден праймеризда ютиб бўлган. Энди янги номзод келиб 50 та штатнинг барчасидаги бюллетенларда номи кўрсатилиши учун яна қайтадан праймеризлар ўтказилиши керакми? Қизиғи, АҚШ қонунчилигида ҳам бирор номзодни праймериздан кейин алмаштириш ҳолатида қандай йўл тутилиши ҳақида сўз йўқ, бу бўйича аниқ ҳаракатлар ҳам белгиланмаган. Ахир Америка асосчилари конституция ёзаётганда уч аср ўтиб қайсидир 81 ёшли номзод CNN студиясида довдираб қолишини қаердан ҳам билишсин...

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид