Ўзбекистон | 12:30 / 22.07.2024
10990
2 дақиқада ўқилади

“Ҳаммаси ҳаётда бўлаётган воқеалардан олинган” – болалар ўлими билан боғлиқ таъсирли видеоролик

Зўравонлик, қотиллик ва авариялар қурбони бўлган болаларнинг аянчли тақдирига бағишланган видеоролик жамоатчилик эътиборини тортди. Ижодкорлар шу орқали оммага оз бўлса-да таъсир қилиб, бу каби ҳодисаларни камайтиришни ўйлаган.

Фото: Видеодан кадр

Мазкур ролик Instagram’даги Chumoli аккаунтида 16 июл куни жойланган.

Лойиҳа аъзоларидан бири Жасур Рустамов Kun.uz’га бу видеоролик Chumoli жамоаси томонидан охирги вақтда турли жиноятлар қурбони бўлаётган болалар хотирасига бағишлаб олинганини айтди.

“Бу контент олинишига сабаб охирги пайтларда болалар ўлими билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар бўлди. Айниқса 3 ёшли боланинг ўлдирилиши, ЙТҲ қурбони бўлган болалар ёки педофилия билан боғлиқ фожиалар бизни қаттиқ таъсирлантирди. Анчадан бери шу ҳақида нимадир олишни ва шу орқали оммага оз бўлса-да таъсир қилишни ўйлаб юрган эдик.

Ўз йўналишимизда ноодатий ёндашишга ҳаракат қилдик. Ҳаммаси ҳаётда бўлаётган воқеалардан олинган. Сценарий, ғоя – барчаси жамоамиз томонидан амалга оширилди”, — дейди у.

Бахтсиз ҳодисалар, жинсий зўравонликка учраган, сифатсиз тиббиёт сабаб вафот этган хаста болаларнинг изтиробларини кўрсатиб берган контент “Биз болажон халқ эдик”, деб якунланган.

Яшнободдаги 3 ёшли боланинг ўлими, Хатирчида BYD ҳайдовчиси босиб кетган 9 яшар қиз воқеаси, Янгиҳаёт туманида зўравонлик қурбони бўлган Муслима фожиаси ва бошқа кўплаб оғриқли ҳолатларни ёдга солувчи ролик жамоатчиликни ҳушёр торттиришга қаратилган.

Мавзуга оид