Жаҳон | 14:06 / 25.05.2024
8748
3 дақиқада ўқилади

1 млн йиллик ғор, антик шаҳар ва бетакрор каньон — Asialuxe Travel билан афсонавий Аланиядан фоторепортаж

Туркиянинг Оқ денгиз соҳилида жойлашган Алания ўлкаси ўзининг бетакрор табиати, бир неча минг йиллик тарихга эга қалъалари ҳамда барча имкониятларга эга меҳмонхоналари билан туристларни ўзига жалб қилиб келади. Айниқса, ҳудуддаги Дим ғори, Сиедра антик шаҳри харобалари ва бетакрор гўзалликка эга Сападере каньони ҳар бир сайёҳни ҳайратда қолдириши аниқ. Asialuxe Travel туроператори кўмагида саёҳатда бўлиб турган Kun.uz мухбири айни манзиллардан фоторепортаж тайёрлади.

Бир томони азим тоғлар, иккинчи томони Оқ денгиз соҳилларига туташ Алания ўлкаси Туркиянинг туризм энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади.

Айниқса, кейинги йилларда дунёнинг турли мамлакатларидан бу ерга келувчи туристлар сони кескин ошган. Сабаби, Алания туристлар учун катта қулайликларга эга ҳудуд ҳисобланади. Қолаверса, табиати бетакрор.

Аланиянинг энг гўзал жойларидан бири Сападере каньони. Унинг узунлиги 750 метрни, баландлиги 400 метрни ташкил қилади. Каньоннинг кириш қисмидан 600 метр масофага қадар махсус йўлак қурилган. Йўлакнинг пастки қисмидан эса сой оқиб, шаршаралар ҳосил қилиб турибди. 

Яриморолда жойлашган Алания қалъаси ҳам ўлканинг диққатга сазовор жойларидан бири. У уч қисмдан — қуйи қалъа, ўрта қалъа ва ичкари қалъадан иборат. Маълумотларга кўра, қуйи қалъада оддий одамлар, ўрта қалъада саройда ишлайдиганлар ва ичкари қалъада ҳукмдорлар яшаган. Тарихи милоддан аввалги бир неча юз йилликка бориб тақалувчи қалъа 1221 йилда Салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубод томонидан забт этилган. Унинг даврида қалъада кўплаб қурилишлар амалга оширилган. 

Аланияда сайёҳлар Дим ва Дамлатош ғорларини кўришга ҳам қизиқади. Негаки, мазкур ғорлардаги шифобахш ҳаво кўплаб нафас йўллари касалликлари учун даво эканлиги айтилади. Дим ғорининг ёши тахминан 1 млн йилга тенг. Унинг узунлиги 360 метрни, кенглиги ва баландлиги 10-15 метрни ташкил қилади. Ғор ичида туристлар қулай юриши учун махсус йўлак қурилган. 

Тарихи милоддан аввалги VII асрга бориб тақаладиган Сиедра антик шаҳри Аланиядан 35-40 км узоқликда, тоғ тепасида жойлашган. Антик шаҳарда Рим ҳаммоми, дўконлар, театр, уйлар харобаларини кўриш мумкин. Сиедрада 1800 йиллик зиналар ўз ҳолида сақланиб қолган. Айниқса, антик шаҳардаги ҳаммом алоҳида эътиборни тортади. Чунки ҳаммомнинг пол қисмига мозайка орқали Гераклнинг ҳикоялари сурат кўринишида тасвирланган. 

Сиедра антик шаҳрида ҳозирги кунда ҳам археологик қазишма ишлари давом эттирилмоқда. 

Руслан Сабуров, 
Kun.uz

Мавзуга оид