Жаҳон | 13:50 / 05.06.2024
6908
8 дақиқада ўқилади

Фаластинни тан олган Словения, музокара шартларини қисқартирган Зеленский ва НАТОнинг Европадаги режалари — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Фаластиннинг суверенитети ва мустақиллигини расман тан олган давлатлар яна биттага кўпайди.

Словения парламентининг қуйи палатаси раиси парламент Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишни ёқлаб овоз берганини эълон қилди.

Овоз беришда қатнашган 53 депутатдан 52 нафари Фаластин мустақиллигини тан олишни ёқлаб чиққан, 90 ўринли Словения парламентининг мухолифат блоки йиғилишни бойкот қилган.

«2024 йилнинг 4 июнида Словения расман суверен ва мустақил Фаластин давлатини тан олди», — дея шарҳлаган тарихий воқеани мамлакат ташқи ишлар вазирлиги.

Словения ташқи ишлар вазири Таня Файон Фаластин халқига қилган мурожаатида Словениянинг бу қарори «умид ва тинчлик номаси» эканлигини таъкидлаган.

«Биз икки давлатнинг тузилишигина Яқин Шарқда мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига олиб келишига ишонамиз», — деган Файон хоним.

Аввалроқ Фаластин давлатини Европанинг уч давлати: Испания, Норвегия ва Ирландия тан олган эди.

Энди нохуш статистикага ўтамиз. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмас маълумотларига кўра, адолатсиз урушнинг 242-кунига келиб, вафот этган фаластинликлар сони 36 минг 550 нафарга етди. Яраланганлар сони 82 минг 859 нафарни ташкил этмоқда.

Сўнгги бир сутка ичида исроиллик ҳарбийлар 7 та оммавий қирғин ўтказиб, 71 кишининг ўлими ва 182 кишининг яраланишига сабабчи бўлишди.

Украина бўйича тинчлик саммити

Украина Россия билан келгусидаги музокаралар учун Володимир Зеленскийнинг тинчлик режаси пунктларини 10 тадан 3 тагача қисқартирган, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

Швейцария 15-16 июн кунлари ўтадиган Украина бўйича тинчлик саммити россиялик мулозимларни бўлғуси музокараларга жалб этиш имконини берувчи қадамларга йўналтирилган бўлади. Бошқа мамлакатларнинг кўпроқ ва кенгроқ қўлловига эга бўлиш учун Украина аввалбошдан эълон қилинган масалалар сонини 3 тагача қисқартиган. Булар:

- Ядровий объектларнинг хавфсизлиги ва ядровий қуролдан фойдаланишга йўл қўймаслик. Запорижжя атом электр станцияси Украина назоратига ўтиши керак ва АЭХА принципларига мос равишда фаолият кўрсатиши лозим;

- Озиқ-овқат хавфсизлигидан «қурол» сифатида фойдаланмаслик керак. Қора денгиз ва Азов денгизларида эркин кемачилик кафолатларига эришиш. Украина ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун учинчи томонларга эркин чиқа олиши лозим;

- Барча асирга олинганларни озод қилиш, жумладан депортация қилинганлар ва ноқонуний кўчирилган Украина болалари ва фуқароларини қайтариш.

Байден Украина уруши ҳақида

Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатса, Россияга қарши уруш йўлига ўтади, деган АҚШ президенти Байден The Time журналига берган интервюсида. Байден шунингдек, Украинани НАТОга қабул қилиш шарт эмас, деган.

Жо Байден Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш Россия ҳақиқатан ҳам бу давлатга бошқа ҳеч қачон ҳужум қилмаслиги кафолатини англатади, деб ҳисоблайди.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар келажакда ўзини ҳимоя қила олиши учун Украинага қурол-яроғ етказиб берадиган бошқа давлатлар билан қандай муносабатда бўлса, Киев билан ҳам худди шундай муносабатда бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Байден ўтмишда «Украинанинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашга тайёр эмас» деб айтганини эслатган.

Бундан ташқари, Америка президенти Украинани Россия Федерациясига қарши урушда мағлуб бўлишига йўл қўймасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, воқеалар ривожи Полша, Болқон яримороли мамлакатлари, Беларус ва минтақадаги бошқа давлатларнинг беқарорлашишини назарда тутади.

НАТОнинг Россия билан «уруш хавфи остида» қолиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, Байден Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатса, шундай йўлга тушиб қолади, деб жавоб берди. «Аммо бундай бўлмайди», деб таъкидлаган у.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча янги мажбуриятларни эълон қилди. Апрел ойида АҚШ Конгресси бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг Киевга 61 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллаган эди. АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Вашингтон Киевга 50 млрд доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам берган.

Бундан ташқари, бир неча кун аввал Вашингтон Киевга Россиядаги нишонларга зарба йўллашга норасмий тарзда рухсат бергани маълум бўлди. Аммо бу рухсат Харкивни ҳимоя қилиш учун чегарадаги ҳудудларга тегишли.

НАТОнинг Европадаги режалари

Россия билан уруш эҳтимолини назарда туриб, НАТО АҚШ қўшинларини Европага жойлаштириш режасини ишлаб чиқмоқда, деб ёзади The Telegraph нашри.

Қуруқликдан бир неча янги йўлаклар яратилмоқда, улар вазият туғилиши билан Роттердам портига америкалик ҳарбийларни тушириб, Нидерландия ва Германия ҳудудидан темирйўл орқали Полшага ташишни назарда тутувчи асосий йўлак ўрнига ишга тушади.

Бу ишлар алянснинг олий раҳбарияти ғарб давлатлари яқин 20 йил ичида Россия билан можарога тайёр туришлари лозимлиги тўғрисидаги огоҳлантиришлар фонида рўй бермоқда.

НАТОнинг моддий-техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Александр Солфранкнинг айтишича, Нидерландия, Германия ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги портлар Россиянинг ракета ҳужумлари олдида энг ожиз нуқталар ҳисобланади. Алянс ўзининг шарқий қанотини қоплаш учун зарур бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг 5 фоизигагина эга эканлиги тўғрисидаги огоҳлантиришлардан сўнг, қўмондонлик ўзининг моддий-техника марказларини ҳимоялаш имкониятларидан ташвишга тушиб қолган.

«Россиянинг Украинадаги ҳужумларини баҳолар эканмиз, Россия Украина логистика базаларига ҳужум қилганини қайд этдик. Бу ҳол агар можаро рўй берадиган бўлса улкан моддий-техника базаларига биринчи навбатда ҳужум уюштирилиб, улар йўқ қилинишини англатади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига келсак, у ҳеч қачон етарли бўлмаган. Мен ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими етарли бўлган вазият қандай бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман», — деган Солфранк.

Тайван можароси

АҚШ президенти Жо Байден агар Хитой ҳужумига дучор бўлса, АҚШ ҳарбийлари Тайванга киритилишини инкор этмади. Унга кўра, америкалик ҳарбийларнинг Тайванда жойлаштирилиши маълум бир вазиятга боғлиқ.

«Мен Си Жинпингга аввалги президентлар томонидан эришилган келишувларни аниқ қилиб тушунтирдим. Биз Тайваннинг мустақил давлат бўлишига интилмаяпмиз, лекин Хитой биртомонлама тартибда унинг статусини ўзгартирмоқчи бўлса Тайванни ҳимояламасдан ташлаб ҳам қўя олмаймиз», — деган Байден.

Байденга кўра, айни пайтда АҚШ оролга қурол-яроғ етказишда давом этмоқда ва минтақадаги вазият бўйича ўз ҳамкорлари билан маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда.

Журналистларнинг Тайванда Америка ҳарбийларини жойлаштириш масаласи юзасидан аниқлаштирувчи саволига жавоб берар экан, АҚШ етакчиси Вашингтон мамлакатнинг айнан ҳарбий кучларидан фойдаланишини инкор этмаслигини айтиб ўтган.

«Ерусти қўшинлари, ҳарбий ҳаво кучлари, ҳарбий денгиз кучларини ёйиш ўртасида фарқ бор», деган Байден.

Байден АҚШ ҳарбийларининг Филиппин ва Японияда жойлашган ҳарбий базалардан минтақага зарар бериши эҳтимоли борми, деган саволга жавоб беришдан бош тортган.

Мавзуга оид