Жаҳон | 16:19 / 21.06.2024
28124
7 дақиқада ўқилади

«Ҳужум бўлганда барча мавжуд воситалар билан ҳарбий ёрдам». КХДР ва Россия ўртасидаги янги келишувда айнан нима дейилган?

Пайшанба куни Шимолий Кореянинг ахборот агентлиги Владимир Путиннинг Пхенянга икки кунлик ташрифи чоғида имзоланган КХДР ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги битим матнини эълон қилди. Аввалроқ Россия президенти эълон қилганидек, ҳужжат иштирокчилардан бирига қарши тажовуз рўй берган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Бу уни имзолаганлар, шунингдек бошқа мамлакатлар учун нимани англатади?

Имзоланган ҳужжатнинг 4-бандида шундай дейилади: «Агар томонлардан бири қандайдир давлат ёки бир неча давлатлар томонидан қуролли ҳужумга учраса ва шу тариқа уруш ҳолатига тушиб қолса, у ҳолда иккинчи томон зудлик билан БМТ Низомининг 51-моддасига ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ, зудлик билан ўз ихтиёридаги барча воситалар орқали ҳарбий ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатади».

Экспертлар ва тарихчилар дарҳол бу банд КХДР ва СССР ўртасидаги 1961 йилги шартнома бандлари билан деярли бир хил эканига эътибор қаратишди — фақат БМТ Низомига ҳавола берилгани бундан мустасно.

БМТ Низомининг 51-моддаси аъзо мамлакатнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиши учун индивидуал ёки коллектив мудофаа чоралари кўриш ҳуқуқига эгалигини назарда тутади, дея эслатган Reuters агентлиги.

Бундан ташқари, имзоланган келишувда томонлардан бирига қуролли тажовуз қилиш таҳдиди юзага келган тақдирда, давлатлар «ўз позицияларини мувофиқлаштириш ва юзага келаётган таҳдидни бартараф этишда бир-бирига ёрдам бериш учун мумкин бўлган амалиёт чораларни келишиш» учун маслаҳатлашувлар ўтказиши айтилган.

Жанубий Корея ҳукуматининг собиқ мулозими, ҳозирда Сеулдаги Асан сиёсий тадқиқотлар институтида ишлаётган Ча Ду Ҳёгн Reuters агентлиги билан суҳбатда ўзаро мудофаа мажбуриятлари 1961 йилги келишувдагига ўхшаш бўлса-да, БМТ Низоми ва ҳар бир мамлакатлар қонунларига ҳавола берилганини турлича талқин қилиш мумкинлигини ҳамда бу келишувни иттифоқ дейиш қийин эканини айтади.

«Чунки Ким бу шартнома тузилиши учун барча ишни қилмоқчи, Путин эса буни истамайди», — деб ҳисоблайди у.

Сеулдаги Корея миллий бирлашув институти ходими Чо Хан Бом Reuters билан суҳбатда имзоланган келишувни Россия учун катта ғалаба деб атаган ва бу Украинадаги урушда Шимолий Корея томонидан қўллаб-қувватлов учун ҳуқуқий асос яратишини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, келишувдаги формулировка Москвага ўзи шуни истаса, чегарадаги тўқнашувлар ёки бошқа бўлажак можаролар юзага келган тақдирда Шимолий Кореяга ёрдам беришдан қочишга имкон беради.

Сеулдаги Кунмин университети етакчи илмий ходими Федор Тертицкий — Россия ва КХДР ўртасидаги янги шартномада келтирилган ҳарбий ёрдам тўғрисидаги банд ҳақида:

«Томонлардан бирига ҳужум қилинган тақдирда биргаликда мудофаа мажбуриятлари тўғрисидаги қисми деярли том маънода 1961 йилги совет-шимолий корея келишуви матнини такрорлайди. Бу тасодиф эмаслиги тайин. Мессеж жуда аниқ кўриниб турибди: Москва ва Пхенян 1961 йилги иттифоқчилик муносабатларини тиклаяпмиз демоқда. Ва у ердаги энг муҳим ибора шундай эди: «Агар аҳдлашувчи томонлардан бири қандайдир давлат ёки давлатлар коалицияси томонидан қуролли ҳужумга учраса ва шу орқали уруш ҳолатига тушиб қолса, нариги томон ўз ихтиёрида бўлган барча куч ва воситалар билан ҳарбий ҳамда бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатади». Бу ибора 2024 йилги шартномада ҳам худди шу шаклда такрорланган.

Кўп вақт ўтмасдан совет иттифоқи бу келишув оғирлигини ҳис қила бошлайди — Ким Ир Сен иккинчи Корея урушини бошлаши хавфи туфайли. Менга маълум бўлишича, Сиёсий бюро [КПСС марказий қўмитаси] агар Ким Ир Сен ўзини ҳаддан ташқари тийиқсиз тутадиган бўлса, Шимолий Кореяга бу келишув фақат мудофаа характерида экани айтиши, сиз ўртоқлар, тажовузкор ҳаракатларни бошладингиз, шунинг учун биз сизларга ёрдам кўрсатмаймиз, дейиши мумкин эди. 1961 йилги бу келишув ўрнини 2000 йилга келиб, Путиннинг илк президентлиги даврида дўстлик ва яқин қўшничилик шартномаси эгаллайди, унда айнан ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги банд тушиб қолганди ва шу туфайли уни бемалол маъносиз келишув деб аташ мумкин.

Сеул нуқтайи назарига кўра, ҳозир содир бўлган воқеа — жуда ёмон. Бундай иттифоқчилик келишувининг эҳтимолий реанимацияси бу ерда ҳам, Токиода ҳам энг ёмон сценарий сифатида муҳокама қилинди. Сеул узоқ вақт давомида аввалига советлар иттифоқини, кейин Россияни КХДРдан «узоқлаштириш»га ҳаракат қилди. Қайсидир паллада бу иш бераётгандек ва Россия Шимолийдан кўра, Жанубий Корея томонида тургандек туюлди. Кейин эса [Украинада] уруш бошланди ва барчаси сочилиб кетди».

Ғарб матбуоти нималар ёзмоқда?

Фото: AFP

New York Times газетаси имзоланган келишувни «Пхенян ва Москва ўртасида ҳозир мавжуд бўлмаган 1961 йилги ўзаро мудофаа шартномаси»га қайтарувчи, «совуқ уруш давридаги хавфсизлик кафолатлари янгиланиши» деб атаган.

Аммо бу сафар келишув «ўзаро транзакция эҳтиёжларига асосланган — Россия учун артиллерия ва Шимолий Корея учун илғор ҳарбий технологиялар», дея ёзади нашр Жорж Буш маъмуриятида КХДР масалалари билан шуғулланган, ҳозирда Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказида ишловчи Виктор Чага ҳавола берган ҳолда.

New York Times мақоласида айтилишича, Москва ваъда қилган технологик ёрдам келишувда аниқ кўрсатилмаган, аммо у Ким Чен Ин яхшилашга интилаётган технологияларни ўз ичига олган бўлса, бу КХДРга ядровий каллакларни яратишда ёрдам беради.

Bloomberg агентлиги шунингдек, КХДР ўз атом сувости кемасини қуриш ва жосус сунъий йўлдошлар олиб чиқиш учун пул, маҳсулотлар ва технологияларга муҳтожлигини эслатган.

Имзоланган келишув натижасида Ким Чен Ин «уни қўллайдиган, ядровий арсенали бор бўлган иттифоқчига эга бўлди». «Бу яна шуни англатадики, у ўз ядровий амбицияларини амалга оширишда давом этиши, Россия эса БМТ Хавфсизлик кенгашидаги вето ҳуқуқидан фойдаланиб, ҳар қандай янги санкцияларни блоклаши мумкин», — дея қайд этади нашр.

Financial Times газетаси эслатишича, Россия март ойидаёқ БМТ Хавфсизлик кенгашида КХДРга қарши санкциялар қўмитаси экспертлар гуруҳи мандатини узайтиришни назарда тутувчи резолюция лойиҳаси бўйича овоз беришга вето қўйганди.

Мавзуга оид