Навоийда хонадонларга давлат байроғи ўрнатилмоқда
Бу орқали фуқароларда ватанпарварлик, юртга муҳаббат ва садоқат фазилатларини шакллантириш мақсад қилингани айтилмоқда.
Навоийда хонадонларга давлат байроғи ўрнатилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилояти бўлими раҳбари Акрам Муқимов хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Нормат Турсунов бошлаб берган ташаббусни маънавий-маърифий соҳа вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари давом эттиряпти. Бу орқали фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида фахр ва ифтихор туйғусини мустаҳкамлаш, ватанга муҳаббат ва садоқат фазилатларини шакллантириш мақсад қилинган.
Ўзбекистонда давлат байроғига нисбатан барчада ҳам етарлича ҳурмат шаклланмаган эди. Бунга узоқ йиллар мобайнида давлат байроғидан фойдаланишда чекловлар киритилгани сабаб бўлган.
Аммо бугунга келиб вазият ўзгарди: президент томонидан 2023 йил 7 июлда имзоланган қонун билан давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилганди. Жумладан, байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.
Бу қонун қабул қилингунга қадар Ўзбекистон аҳолиси ўз байроғига ҳурмат кўрсатмайдиган, уни миллий ғурури расмзи сифатида ардоқламайдиган кам сонли мамлакатлардан бири эди десак адашмаган бўламиз.
Навоий вилояти ташаббуси республика даражасида оммалаштирилса, бу фуқароларда ватанпарварлик ҳамда юртга садоқат фазилатларини шакллантириши мумкин.
Мавзуга оид
13:31 / 22.11.2024
Бухоро ва Навоийда саксовулларни синдирганларга 43 млн сўм жарима белгиланди
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024