Швейцарияда қандай баёнотлар янгради? — тинчлик саммитидан иқтибослар
15-16 июн кунларида Швейцариянинг Бюргеншток курорт шаҳрида тинчлик саммити ўтказилмоқда. 90 дан ортиқ давлатлар ўз вакилларини юборишган, аксар мамлакатларнинг давлат етакчилари саммитда қатнашишди. Хўш, саммитда қандай баёнотлар берилди?
Володимир Зеленский, Украина президенти:
«Ҳозир бу ерда Россия йўқ. Нега? Агар Россия тинчликдан манфаатдор бўлганида, бу уруш ҳам бўлмас эди. Биз биргаликда жаҳон учун адолатли тинчлик нима экани ва унга узоқ муддатли эришиш учун нималар қилиниши лозимлигини аниқлаштириб олишимиз керак. БМТ Низоми биз учун асосдир. Ҳаракатлар режаси столимизда бўлганидан сўнг, барча тасдиқлагач ва барча халқлар учун тушунарли бўлгач, у Россия вакилларига ҳам берилади. Иккинчи саммитда биз урушнинг чиндан ҳам тугаганини қайд этишимиз учун.
Биз энг ҳалокатли нарсалардан биридан қоча олдик — дунёнинг бир бирига қарама-қарши блокларга бўлинишидан. Бу ерда Лотин Америкаси, Африка, Яқин Шарқ, Тинч океани минтақаси, Шимолий Америкадан вакиллар бор, диний етакчилар келган — 101 иштирокчи. Ҳеч ким бошқа учун қарор қабул қилиш имтиёзига эга эмас. Бу ҳақиқий кўпқутблилик.
Уруш ғояси аллақачон мағлуб бўлиб бўлди. Путин ултиматумлар тилидан адолатли тинчликни истаётган жаҳондаги кўпчилик тилига ўтиши керак».
Урсула фон дер Ляйен, Еврокомиссия раиси:
«Россия-Украина урушини музлатиб қўйиш ечим эмас. Бу келгусидаги агрессив урушлар учун тайёр рецепт бўлади. Биз Украина учун умумқамровли, адолатли ва барқарор тинчликни таъминлашимиз керак. Бу тинчлик шартлари Украина суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини тиклайди».
Жозеп Боррел, Европа Иттифоқининг халқаро сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили:
«Украинага давомли агрессияси билан Россия тинчлик учун чиндан ҳам манфаатдор эканини намойиш этмаяпти. Путиннинг қабул қилиб бўлмас талаблари Россия қайта қуролланаётган ва узоқ давом этувчи урушга тайёрланаётган бир пайтда босқинни легитимлаштириш ва тинчлик саъй-ҳаракатларини йўққа чиқаришни мақсад қилган».
Шарл Мишел, Европа кенгаши раиси:
«Украина ва Россия ўртасидаги тинчлик томонлар ўртасидаги мулоқотни тақозо этади, бироқ бундай мулоқот қачон бошланишини Киев ҳал қилади».
Камала Ҳаррис, АҚШ вице-президенти:
«Президент Жо Байден ва мен Украинани мудом қўллаб-қувватлаймиз, Россияга санкциялар жорий этамиз ва БМТ Низоми принциплари ва Украина халқи иродаси номидан ҳаракат қиламиз. Кеча Путин Россия-Украина можаросини ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди, бироқ у музокаралар ҳақида сўз очгани йўқ, у Украинанинг таслим бўлиши ҳақида гапирди».
Риши Сунак, Буюк Британия бош вазири:
«Путин адолатли тинчликдан манфаатдор эмас. Россиянинг БМТдаги доимий вакили яқинда Украина бўйича учрашувнинг ягона мавзуси «Киев режимининг таслим бўлиши», деб атади. Бу ҳеч қачон рўй бермайди, чунки тажовузкорлик ғалаба қозона олмайди».
Эммануэл Макрон, Франция президенти:
«Биз барчамиз мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига хайрихоҳмиз. Кўпчилик таъкидлаганидек, бу тинчлик Украинанинг таслим бўлганини англатмаслиги керак, шу сабабли биз агрессорга қарши курашиши учун Украинага ёрдам беришда давом этамиз. Чунки агрессор бор, қурбон бор. Бирортамиз Россияга қарши урушмаётганимиз фактини ҳам такрорлашим лозим. Биз барчамиз халқаро ҳуқуққа асосланган мустаҳкам тинчлик томон интилмоқдамиз».
Фумио Кишида, Япония бош вазири:
«Биз Украинадаги тинчлик ҳақида гаплашмоқдамиз. Биз бу ерга бир мақсад остида тўпланганмиз. Бу тинчлик адолатли ва умрбод бўлиши керак. Россия Украинага икки йил аввал агрессия бошлагач, Япония қатъий санкциялар ва Украинани кучли қўллаб-қувватлаш йўлини тутди. Чунки Россия Украинада ўз мақсадига эришса, кейин Шарқий Осиё давлатларига ҳужум қилиши мумкин».
Италия бош вазири Жоржа Мелони:
«Жаноб Зеленский, Италияга келинг, биз Украинага янги қурол-яроғлар пакетини тақдим этишга тайёрмиз».
Олаф Шолц, Германия канцлери:
«Украинада чинакам тинчликка Россиясиз эришиб бўлмайди. Биз бу ҳақида ҳозир гаплашар эканмиз, Россия қонли урушни давом эттириш билан банд. Россия бугуноқ, ўзи истаган вақтда қўшинларини олиб чиқиб кета олишини биламиз. Урушни тўхтатиш камлик қилади, можарони музлатиб, агрессиянинг давом этиш хавфини сақлаб қолиш ярамайди».
Педро Санчес, Испания бош вазири:
«Испания келгусида ҳам Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу можарода бир жиҳат кундек равшан —бу агрессия. Агрессор бор — бу Путин ва қурбон бор — бу Украина халқи».
Анжей Дуда, Полша президенти:
«Россия мустамлакачиликдан воз кечиш йўлини ҳамон ўтамаган, ўз тарихининг иблисларини енга олмаган мустамлака империяси бўлиб қолмоқда».
Карл Неҳаммер, Австрия канцлери:
«Реал тинчлик жараёнига эришиш учун имкон қадар кўпроқ давлатлар Москвага босим ўткзаиши керак. Ғарб бу ишни бир ўзи бажара олмайди».
Андрей Пленкович, Хорватия бош вазири:
«Дунё турлича бўлиши мумкин. Хорватия қурбон таслим бўлмайдиган ва агрессорга ўз ҳудудини бериб қўймайдиган дунё тарафда туради».
Саломе Зурабишвили, Гуржистон президенти:
«Бучагача Абхазия рўй берганди, Украинага қарши очилган урушгача Гуржистонда уруш бўлган эди. Украина бутун Европанинг хавфсизлиги, ҳаттоки ундан ҳам ортиқ нарса учун курашмоқда».
Майя Санду, Молдова президенти:
«Тинчлик — бу чегаралар ҳурмат қилиниши ва ҳар бир халқ ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишидир. Украинадаги тинчлик Молдовадаги тинчлик ҳамдир. Бу ҳаммамиз учун тинчлик, дегани».
Кая Каллас, Эстония бош вазири:
«Россия — мустамлакачи қудратли давлат. Ярим аср, қарийб 1990 йилгача Эстония ҳам Россия мустамлакачи тизимининг бир қисми эди».
Александр Стубб, Финландия президенти:
«Иккинчи жаҳон уруши чоғида Россия Финландияга ҳужум қилган. Биз ўшанда ҳудудимизнинг 10 фоизидан айрилганмиз. Менинг бобом туғилган ҳудуд Россияга ўтиб кетган».
Хоқон Фидан, Туркия ташқи ишлар вазири:
«Иккинчи томон — Россиянинг ушбу залда бўлиши билан саммитнинг натижадорлигини таъминлай олган бўлишимиз мумкинлигини тушунишимиз муҳим. Дипломатик қадамларни назарда тутувчи бир бир бутун инклюзив стратегия ишлаб чиқилиши ҳам муҳим жиҳат».
Файсал ибн Фарҳон Ол Сауд, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири:
«Украинадаги уруш бўйича ҳар қандай жиддий музокара жараёнлари Россиянинг иштирокини тақозо этади».
Мавзуга оид
08:31
AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024