Ўзбекистон | 18:28 / 19.02.2024
5639
2 дақиқада ўқилади

Таълим муассасаларида газланган ва энергетик ичимликларни ичиш ва сотиш тақиқланиши мумкин

Мактаб, коллеж, лицей ва олийгоҳларда газланган ва энергетик ичимликлар ҳамда ўта тузланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ва сотишни чеклаш режалаштирилмоқда. Президент фармонига кўра, ҳукумат йил охиригача бу борада қарор лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.

Фото: AP

Президент фармони билан, Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом озиқланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.

Унга кўра, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳудудида кучли газланиб ширинлаштирилган ва энергетик ичимликлар ҳамда ўта тузланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол ва реализация қилиш бўйича чекловларни жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасига 2024 йил 4-чорагигача бу борада ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш топширилган.

Бундан ташқари, стратегияда соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бунда тўйинган ёғли маҳсулотлар, ош тузи, шакар ва ёғли маҳсулотларнинг ўрнини босувчи керакли микро-макроэлементлар ва оқсилга бой маҳсулотларнинг (мева-сабзавот, дуккакли, резавор, балиқ, сутли маҳсулотлар, асал ва бошқалар) истеъмолини оширишни тарғиб қилиш мақсади ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, овқатланиш амалиётларини кўриб чиқиш ва аҳолининг тушунча ва билимларидаги бўшлиқларни аниқлаш борасидаги бирламчи тадқиқотлар ва изланишларнинг устувор йўналишларини белгилаш, ёш болалар ва гўдакларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш ҳам стратегиянинг соғлом овқатланишни тарғиб ва ташвиқот қилиш ишларини ташкил этиш мақсадларидан ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабларга 500 метрга яқин ҳудудларда шакарли, газланган ва энергетик ичимликлар ҳамда тез тайёрланадиган таомлар савдосини тақиқлашни таклиф қилган эди.

Мавзуга оид