Асир олинган Исроил аскарлари, Макроннинг Европа келажаги тўғрисида баёноти ва Папуа Янги Гвинеядаги кўчки — кун дайжести
Ўтган дам олиш кунлари давомида дунёда содир бўлган муҳим воқеалар, ҳодисалар, баёнотлар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.
Ғазодаги вазият
Исроилнинг Ғазодаги агрессияси қурбонлари 36 мингга яқинлашди, сўнгги сутка ичида 81 киши ўлдирилган.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлими хабарларига кўра, 7 октябрдан буён секторда Исроил агрессия қурбонлари 35 минг 984 нафарга етган яна 80 минг 643 киши яраланган.
Сўнгги бир сутка ичида яна 81 киши ўлдирилган ва 223 киши ярадор қилинган. Ўлганлар ва ярадорлар сонининг кескин ортаётгани жаҳон афкор оммасининг чақириқларига қарамасдан Исроил Ғазода зулмни янада кучайтирганидан далолат беради.
Хабарларга кўра, вайрон қилинган бинолар ва кўча ёқаларида инсонларнинг жасади қолиб кетмоқда. Тез ёрдам хизмати ва фуқаролик мудофааси кучлари Исроил кучлари томонидан ўққа тутилаётгани сабабли уларнинг олдига бора олишмаяпти.
Бу орада ҲАМАС ҳаракати Исроил ҳарбийлари асирга олганини эълон қилди. Ҳаракатнинг жанговар қаноти — “Изаддин ал-Қассам” бригадаси жангчилари Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида жойлашган туннеллардан бирида пистирма уюштириб, Исроил кучлари ҳарбийлари гуруҳини асирга олишган.
Бу ҳақда бригада вакили Абу Убайда хабар берган. Унинг сўзларига кўра, исроиллик ҳарбийлар орасида ўлдирилганлар ҳам бор. Асирга неча киши олингани хабар қилинмаган. Фақат операция натижасида қурол-яроғлар ҳам қўлга киритилгани таъкидланган.
Исроил армиясининг расмий вакили Даниэл Ҳагари Исроил ҳарбийларининг асир олингани тўғрисидаги хабарларни рад этган.
Макроннинг таъсирли чиқиши
Германияга сафар қилган Франция президенти Эммануэл Макрон Европа ҳалок бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
“Бизда ҳеч қачон бунча ички ва ташқи душманлар бўлмаган. Биз ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган даврда яшамоқдамиз: бизнинг Европамиз ҳалок бўлиши мумкин», деди у.
Макронга кўра, биринчидан, Европага уруш қайтди. Бу Россиянинг Украинадаги агрессиясидир. “Лекин биз Европа тинчлик дегани, дея таъкидлаб келардик”, деди у.
“Иккинчидан, биз Европанинг мақсади — қитъа иқтисодиётни карбонсизлаштириш даврида яшамоқдамиз: биз иқлим ҳақида, иқтисодий ўсиш ва саноатлаштириш тўғрисида қайғуришимиз керак.
Учинчидан, бизда демократиянинг қандайдир таназзул шакли кузатилмоқда, буни танамизда ҳис қилмоқдамиз. Демократияларнинг кучи — инсонлар танлайдиган энг яхши ечимни топиш учун барча масалаларда мунозарага киришдир. Лекин бизнинг ўз демократияларимизда энг мураккаб онларда туғилаётган авторитаризмга ружу қўйишни кўрмоқдамиз. Авторитаризм национализм ва бошқа унсурлар билан суғорилади, бир қарашда агар биз ҳам националист бўлсак осондек туюлади. Лекин биз агар националистлар бошқарганида Европамиз ҳозир қандай бўлиши мумкинлигини унутиб қўйяпмиз. Бизда Европани тиклаш режаси бўлмасди. Бизда Европадаги миграцион муаммоларга таъсир қилиш имконияти бўлмасди. Бизда Европа яшил йўналиши ва карбонсизлаштиришни бошқариш имконияти бўлмасди. Агар националистлар бошқарганида биз европаликлар бўлиб ташланган бўлардик. Ниҳоят, биз Украинани дастаклашдан воз кечиб, барча мамлакатларимиздаги националистлар қилаётгани сингари Россияни қўллаб-қувватлардик.
Биз демократияга жуда кўникиб қолдик. Биз националистлар ва демократия душманларига демократиядан дивидент олиш ва бир вақтнинг ўзида уни қаттиқ танқид қилишга қўйиб бермоқдамиз. Биз демократияни ҳимоя қилишимиз ва июн ойининг бошида бўлиб ўтадиган Европа сайловларида бу ҳимояни таъминлай оладиган партияларга овоз беришимиз керак”, — деган Франция президенти.
Россияга қарши санкциялар
АҚШ Россия билан ишлашда давом этаётган Европа банкларига нисбатан санкцияларни қатъийлаштириш билан таҳдид қилди. АҚШ молия вазири Жанет Йелленга кўра, гап Россияда ҳамон фаолият олиб борилаётган Европа банклари ҳақида кетмоқда. Унинг сўзларига кўра, кредит ташкилотлари Россияга “ҳарбий мақсадлари”га етишиш учун кўмаклашмоқда.
Йеллен бу ҳолда муаяйн банкларнинг номини тилга олмаган ва санкциялар шундай транзакциялар исботлангач қўлланишини эълон қилган. Бироқ Европа молия ташкилотларининг Россияда ишлаши “жуда катта риск яратаётгани”ни таъкидлаган.
АҚШ Молия вазирлиги Австриянинг Raiffeisen Bank International (RBI) ва Италиянинг UniCredit банкларининг Россиядан кетишини кутмоқдами деган саволга Йеллен тикка жавоб бермаган. «Менимча, уларнинг раҳбарлари у ердагиларга эҳтиёт бўлиб ишлашни маслаҳат берган бўлишлари керак”, — деган вазир.
Аввалроқ Raiffeisen Bank Россиядаги операциялари туфайли Америка молия тизимидан узиб қўйилиши тўғрисида АҚШ молия вазирлигидан ёзма огоҳлантириш хати олгани маълум қилинган эди. Reuters манбалари худди шундай хат UniCredit’га ҳам йўналтирилганини айтишган.
АҚШ Молия вазирлигига эса Украинадаги уруш туфайли жорий қилинган санкцияларни айланиб ўтишда Россияга ёрдам бераётганларни Америка молия тизимидан узиш каби иккиламчи санкция қўллаш ҳуқуқи берилган.
Россияда маош солиғи оширилади
Россия Давлат думасида ойига 150 минг рублдан ортиқ маош олувчи фуқароларга нисбатан солиқни ошириш таклиф этилди.
Жисмоний шахсларнинг даромад солиғига нисбатан қўлланадиган ошиб борувчи шкаланинг пастки даражаси Россиядаги ўртача ойлик номинал иш ҳақининг икки баробарига тенг бўлиши керак, дейилади Думанинг бюджет ва солиқлар қўмитаси тавсияномасида. Депутатларга кўра, бундай қарор “кўпчилик фуқаролар”ни солиқ ошишидан ҳимоялайди ва мамлакат “рақобатбардошлигини сақлайди”.
Ростат маълумотларига кўра, 2024 йилнинг февралида Россияда ўртача номинал иш ҳақи 78,4 минг рублни ташкил этган. Шундай қилиб, парламентдагилар ойига 150 минг рублдан кўпроқ маош олувчилар учун юкламани оширишмоқчи. Бу йилтга 1,8 млн рубл бўлади. Даромади бундан пастлар учун ставка аввалгидек қолаверади.
Айни пайтда Россияда Жисмоний шахсларнинг даромад солиғини ҳисоблаш учун икки босқичли шкала амал қилади. Унга кўра, йилига 5 млн рубл даромад қилувчилар 13 фоиз солиқ тўлайди. Бундан юқорилар эса 15 фоиз. Депутатлар “бир тофиадан иккинчисига силлиқ ўтиш” ва юкламани секин-аста ошириш учун шкалани кўп босқичли қилишга ҳаракат қилишмоқда. Янги қоидалар 2025 йилда кучга кириши кутилмоқда.
Гуржистоннинг режалари
Мустақиллик кунида чиқиш қилар экан, Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе Абхазия ва Жанубий Осетияни мамлакат таркибига қайтариш ва евроинтеграция курсини давом эттиришини таъкидлаган.
«Бизнинг орзумиз — 2030 йилга бориб абхаз ва осетин биродарларимиз ва опа-сингилларимиз билан ягона ва кучли Гуржистонда биргаликда яшаш. Ягона ва кучли Гуржистон 2030 йилга бориб Европа оиласининг тўлақонли аъзоси ҳам бўлиши керак», — деб ёзган Кобахидзе ўз табрикномасида.
Бироқ Гуржистон ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар Россиядан қиёс олинган “чет эл агентлари” тўғрисидаги қонун қабул қилиниши фонида ёмонлашган. Financial Times нашри манбалари агар қонун кучга кирадиган бўлса, Европа Иттифоқи Гуржистоннинг аъзолик тўғрисидаги аризасини музлатиб қўйиши мумкинлигини хабар қилишган.
Абхазия ва Жанубий Осетияни Гуржистон таркибига қайтариш масаласида ҳам силжиш йўқ. Бу икки республика 1990-йиллар бошида мустақиллик эълон қилган. Ўшандан бери уларнинг мустақиллигини фақат Россия, Венесуэла, Никарагуа, Науру ва Сурия тан олган.
700 кишини тупроқ босиб қолди
Папуа Янги Гвинеяда тупроқ кўчиши оқибатида 700 га яқин инсон тупроқ остида қолиб кетганлиги хабар қилинмоқда.
БМТнинг хабар қилишича, Папуа Янги Гвинеядаги марказида жойлашган узоқ қишлоқлардан бири — Энгада содир бўлган тупроқ кўчишида 1100 дан ортиқ уйлар ва 670 дан ортиқ инсонлар тупроқ остида қолиб кетган.
Тупроқ кўчиши мингдан зиёд инсонларни ўз уйларини ташлаб қочиб чиқишга мажбур қилган. Қурбонлар сони айтилаётганидан ҳам кўпроқ бўлиши тахмин қилинмоқда.
Papua New Guinea Post Courier нашрига маҳаллий парламент аъзоси Аимос Акемнинг маълум қилишича, тупроқ кўчиши қурбонлари юзлаб одамларни ташкил этиши мумкин.
Австралия телеузатиш корпорациясининг дастлабки хабарларида тўрт кишининг жасади топилгани маълум қилинган эди. Маҳаллий шоссе ҳам тупроқ уюмлари остида қолиб кетгани ва қутқарувчилар воқеа жойига фақат вертолётларда бора олиши ҳам қутқарув ишларини қийинлаштирмоқда. Қутқарувчилар жасадларни топиш учун белкурак ва таёқлардан ҳам фойдаланишга мажбур бўлишмоқда.
Мавзуга оид
13:34 / 16.11.2024
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
13:57 / 15.11.2024
Таълимсиз қолган Ғазо болалари, соқолини олган Пашинян ва ўзидан кетаётган Илон Маск — кун дайжести
14:12 / 14.11.2024
Ливанга қўйилган талаб, сионист элчини танлаган Трамп ва Севастополда портлатилган флот қўмондони — кун дайжести
14:20 / 13.11.2024