Янги қарор: ЮНЕСКО рўйхатидан жой олган Ўзбекистондаги тарихий объектлар муҳофазаси кучайтирилади
Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 9 июнь куни “ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 435-сонли қарорни қабул қилди.
Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция 1995 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган. Конвенция доирасида Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти, Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари ҳамда Чотқол биосфераси (табиий мерос) Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Қарорга мувофиқ, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришда Конвенция ва уни амалга ошириш бўйича амалий қўлланма қоидаларига риоя қилмасдан ва уларнинг лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишилмаган ҳолда олиб борилгани унинг бемисл универсал ва умумбашарий қийматига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Натижада, ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг 40-сессияси қарори билан Шаҳрисабз тарихий маркази 2016 йилда Умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлар рўйхатига киритилган.
Мазкур қарор билан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистондаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш бўйича Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида республика идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.
Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш ва ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини амалга ошириш бўйича 26 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Янги қарорга мувофиқ, Ишчи гуруҳ Конвенция, халқаро умумэътироф этилган нормалар ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсиялари, “Тарихий шаҳарлар манзаралари тўғрисида”ги ЮНЕСКО тавсияномасини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг миллий қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик норма ва қоидалари, тарихий шаҳарларнинг бош режаларини, шу билан бирга, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган юртимиздаги тегишли ҳудудларни олимлар, халқаро экспертлар, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда танқидий таҳлил қилади ҳамда асосланган таклифлар ишлаб чиқади.
Бу борада жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмлари, шу жумладан, жамоатчилик кенгашлари фаолиятини йўлга қўйишга ҳар жиҳатдан кўмаклашилади. Олимлар, халқаро, хорижий ва миллий ташкилотларнинг малакали мутахассислари ва экспертларидан иборат таркибда Халқаро маслаҳат кенгаши, доимий амалий мулоқот олиб боришга қаратилган “Дўстлар клуби” фаолияти йўлга қўйилади.
Қарорга асосан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги тегишли ҳудудлар (объектлар) алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар сифатида эътироф этилади ҳамда уларда режалаштирилган барча қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан белгиланган тартибда аввалдан келишилган ҳолда амалга оширилиши шартлиги, белгилаб қўйилди.
Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги тегишли ҳудудлар (объектлар)да Конвенция талаблари бажарилмаганда ва улардаги қурилиш ишларининг лойиҳалари келишмасдан амалга оширилган ҳолатлар бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган тартибда кучайтирилади.
ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини инобатга олган ҳолда Шаҳрисабз тарихий марказининг бемисл универсал ва умумбашарий қийматини тиклаш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” ва Бухоро тарихий маркази ва уларнинг муҳофаза ҳудудидаги барча капитал қурилиш ишлари, уларнинг лойиҳалари Умумжаҳон мероси маркази томонидан маъқуллангунга қадар тўхтатилади.
Жорий йилнинг 10 июлигача Моддий-маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган объектларнинг янгиланган рўйхати белгиланган тартибда тасдиқланади. Аҳолининг хабордорлигини ошириш мақсадида ушбу рўйхат расмий-веб сайтларда эълон қилинади.
Ҳар йили 18 апрель – Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро кунини Ўзбекистонда кенг нишонланади, шу кун арафасида соҳа вакилларини муносиб рағбатлантирилади, турли тадбирлар ва республика кўрик-танловлари ўтказилади. 18 апрель куни республика аҳолисини давлат музейлари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига бепул, хорижий фуқароларни арзонлаштирилган нархларда кириши юзасидан таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Конвенция қоидаларига оғишмай риоя қилиш, мамлакатимиздаги Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг ноёблиги, жаҳон маданияти ва тарихига қўшган ҳар томонлама беқиёс ҳиссасини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказишга ҳисса қўшади.
Мавзуга оид
11:18 / 27.11.2024
Миллий симфоник оркестри ходимлари маоши оширилади
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024