Жамият | 22:05 / 19.07.2024
12097
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда йўл ҳаракати қоидаларини 105 марта бузган Gentra хатловга олинди

МИБ ходимлари қарздорнинг уйига борганда машина эгаси ва унинг яқин қариндошлари уйда бўла туриб дарвозани очмаган. Сўнг ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатган. Қарздорнинг уйида бўлган Gentra тегишли ташкилотлар ёрдами билан 5 соат деганда хатланган.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилоятида 105 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва маъмурий жарималарни тўламаган шахснинг Gentra машинаси хатловга олинган.

Вилоят МИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Қарши шаҳрида яшовчи шахс 105 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани ва маъмурий жарималарни ўз вақтида тўламагани учун унинг Gentra машинасига қидирув эълон қилинган.

Жорий йил 19 июл куни МИБ ходимлари қарздорнинг яшаш хонадонига мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориш учун борган. Шунда қарздор ва унинг яқин қариндошлари уйда бўла туриб дарвозани очмаган. Сўнг ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатган.

Салкам беш соат давом этган ижро ҳаракатлари натижасида тегишли ташкилотлар иштирокида қоидаларни бузган Gentra қарздорнинг уйида экани аниқланиб, хатланган.

Қайд этилишича, қарздорга маъмурий жарималарни тўлаш учун 10 кун муҳлат берилган. Қарзлар тўланмаса машина аукционга чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилган.

МИБ Қашқадарё вилояти бошқармаси хабарида машина эгаси қанча қарз экани очиқланмаган.

Мавзуга оид