16:03 / 28.03.2024
23345

“Ҳаққингиз йўқ, журналист бўлсангиз ҳам ИИБ ходимлари билан келишингиз керак” – Бухорода журналист мактабга киритилмади

Когон туманида мактаб ўқувчилари билан содир бўлган ЙТҲ бўйича репортаж тайёрлаётган журналист ва тасвирчи қаршиликка учради. Улар интервю олиш мақсадида тумандаги 5-умумтаълим мактабига борганида ўқитувчилардан бири жанжал кўтариб, мактаб ҳудудига киритмаган.   

Фото: Видеодан кадр

Paradigma.uz сайти журналисти Когон туманида мактаб ўқувчилари билан содир бўлган ЙТҲ бўйича репортаж тайёрлаш жараёнида қаршиликка учраган. Журналист ва тасвирчини аввалига Миллий гвардия ходимлари, сўнгра эса ўқитувчилардан бири мактабга киритмаган.  

“Воқеа содир бўлган чорраҳада тасвирга олишни бошлаганимизда ИИБ ходимлари етиб келиб, бизни сўроққа тута бошлашди. Шундан сўнг бизни Когон туман ИИБ биносига олиб бориб суҳбатлашишди ва қўйиб юборишди. 

Кейин биз Когон туманидаги 5-макатабга бориб, масъуллардан воқеа бўйича интервю олишга ҳаракат қилдик. Мактабга борганимизда Миллий гвардия ходимлари дарвоза олдида турган эди, улар мактабга кирмаслигимизни сўрашди, бир неча дақиқадан кейин эса кетиб қолишди. Биз директор билан учрашиш учун яна кирмоқчи бўлдик, аммо бу сафар ўқитувчилар қаттиқ қаршилик кўрсатди”, дейилади журналист суриштирувида.

Эълон қилинган видеолавҳада кўринишича, журналист билан ЙТҲ пайти автобус ичида бўлган ўқитувчи жанжаллашган.

“Мен ҳам қонун-қоидани тушунаман. Бу ерда ҳозир ҳамма жой “ёниб ётибди”. Сизларнинг ҳаққингиз йўқ, журналист бўлсангиз ҳам ИИБ ходимлари билан келишингиз керак”, деган ўқитувчи.

Ўзаро жанжалдан кейин журналист мактабга кира олмасдан кетган ҳамда Когон ва Бухоро шаҳар шифохоналарига бориб, болаларнинг аҳволи ҳақида маълумот олган.

“Ҳалокатга учраган автобусда бўлган болаларнинг кўпчилиги билан суҳбатлашганимизда деярли уларнинг барчаси мактаб томонидан театрга боришга мажбурланганини, мажбурий пул йиғилганини ва тиқилинч автобусда олиб кетилганини айтишди.

Шифокорлар бизга тақдим этган маълумотларга кўра, автоҳалокат содир бўлганидан сўнг Бухоро шаҳар шифохонасига 16 нафар, Когон шаҳар шифохонасига 22 нафар бемор олиб келинган. Шундан ҳам билиш мумкинки, 24 нафар йўловчига мўлжалланган автобусда сиғимидан ортиқ йўловчи ташилган”, дейилади журналист суриштирувида.  

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни Когон туманида мактаб ўқувчиларини Бухоро шаҳрига театр томошасига олиб кетаётган автобус чорраҳада бетон қорадиган юк машина билан тўқнашиб, ағдарилиб кетганди. ЙТҲ оқибатида бир ўқувчи воқеа жойида, яна бири эса кейинчалик шифохонада вафот этди.

Кўп ўтмай ҳодиса видеоси ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Унда кўринишича, ЙТҲ содир бўлган чорраҳада ўша вақтда светофор ишламаётган бўлган, ҳаракатни тартибга солиш учун эса ЙПХ инспектори ҳам бўлмаган.

Бош прокуратурага кўра, ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.  

Аввалроқ Kun.uz мухбири ҳам автоҳалокатга учраган ўқувчилар ва шифокорлар билан суҳбатлашган эди. Унда ўқувчилар ҳайдовчидан бир неча марта тезликни оширмаслигини сўрашганини маълум қилганди.

Top