18 март куни Бухоро вилояти Когон туманида мактаб ўқувчиларини театрга олиб кетаётган автобус тартибга солинган чорраҳада бетон қорувчи машина билан тўқнашди . Ҳодиса вақтида автобуснинг орқа ўриндиқларида бўлган болалар (уларнинг аҳволи анча яхши) Kun.uz мухбири билан суҳбатда воқеа тафсилотларини гапириб берди. Ўқувчиларнинг айтишича, 18 март куни 5 та синф синф ўқувчилари тақсимланиб, 2 та автобусга чиқарилган. Жами 140 кишидан ошиқ ўқувчи бўлган. Автобусларда 60-70 нафардан ўқувчи бўлган. Тахминан 10:25 ларда автобус ҳаракатланишни бошлаган.


“Ҳайдовчининг тезлиги баланд эди. Автобусдаги кўпчилик буни сезиб, ҳайдовчидан бир неча марта тез ҳайдамасликни сўрадик. Шу орада ён томонимизга келиб нимадир урилди. Бу жуда тез бўлди, нима бўлганини тушунолмай қолдик. Оёғим оғриётганини сездим, кейин ҳамма чиқишни бошлади. Мен ҳам чиқдим. Телефон ва сумкамни ҳам олиб чиқишга улгурдим. Соғлар, юра оладиганлар ҳаммаси бир амаллаб автобусдан чиқдик. Кейин портлаб кетиши мумкинлигидан қўрқиб, тезроқ автобус ёнидан узоқлашишга ҳаракат қилдик. Лекин автобус портламади. Кейин дарров орқамизга қайтиб, чиқолмаётганларга ёрдам бердик. 10-12 киши ичкарида қолиб, чиқолмади, қолганлар ёрдамсиз ўзлари чиқишди”, – деб ҳикоя қилиб берди 5-ИДУМнинг 9-синф ўқувчиси Мироншоҳ Жумаев.


Унинг қўшимча қилишича, автоҳалокат пайтда бир ўғил бола вафот этган. Ўқувчилар бир-бирлари билан хабарлашиб туришганини, кўпчиликнинг аҳволи яхши эканини айтишди. Воқеа гувоҳларидан яна бирининг айтишича, бетон қорадиган машинанинг ёнида бўлган яна бир йўловчи вафот этган. Лекин буни шифокорлар тасдиқламади.
Автоҳалокатдан кейин тарқалган видеоларда бетон қорадиган машина ҳаракатланаётган томондаги светофорнинг чироқлари ёнмагани кўринган эди.


















