Жаҳон | 08:50 / 23.11.2022
11036
2 дақиқада ўқилади

Европа иқтисодиёти глобал инқироздан энг кўп зарар кўриши маълум қилинди

ИҲТТ Германия ва Буюк Британия иқтисодларида рецессия бўлишини кутмоқда, бироқ Россия ялпи ички маҳсулоти энг кўп қисқаради.

Фото: Getty Images

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) 22 ноябрь, сешанба куни эълон қилинган янгиланган прогнозига кўра, келаси йил жаҳон иқтисодиёти рецессияга юз тутмайди, Европа давлатлари эса 1970 йилдан бери кузатиладиган энг ёмон энергетика инқирозидан энг кўп зарар кўради.

ИҲТТ таҳлилчилари глобал иқтисодий ўсиш бу йилги 3,1 фоиздан 2023 йилда 2,2 фоизгача секинлашишини, кейин эса 2024 йилда 2,7 фоизгача тезлашишини башорат қилмоқда. «Биз рецессияни башорат қилмаяпмиз, лекин аниқ заифлашув даврини кутяпмиз», деди ИҲТТ раҳбари Маттиас Корманн.

Ташкилотнинг таъкидлашича, глобал иқтисодий пасайиш бутун дунё бўйлаб нотекис тақсимланган ва асосий зарба Европага тушади, чунки Россиянинг Украинага бостириб кириши ишбилармонлик фаоллигига таъсир кўрсатди ва энергия нархининг кўтарилишига олиб келди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 19 та евроҳудуд мамлакати иқтисодиёти жорий йилда 3,3 фоизга ўсишини, кейинги йили эса 0,5 фоизга секинлашишини ва 2024 йилда 1,4 фоизга ўсишини кутмоқда.

Ташкилот Германия ялпи ички маҳсулоти бўйича ўз прогнозини яхшилаган, аммо барибир саноатга йўналтирилган иқтисодиёти Россиядан энергия импортига катта боғлиқ бўлган Германияда рецессия кутилмоқда. Германия иқтисодиёти келгуси йилда 0,3 фоизга қисқаради, чунки ИҲТТ сентябр ойидаги 0,7 фоизга пасайиш бўйича ўз прогнозини кўтарди.

Франция иқтисодиёти 2023 йилда 0,6 фоизга, Италия иқтисодиёти 0,2 фоизга ўсади. ИҲТТ Буюк Британия иқтисодиёти бўйича ўз прогнозини пасайтирди – 0,2 фоизга ўсиш ўрнига, энди таҳлилчилар 0,4 фоизга пасайишни кутмоқда.

Россия иқтисодиёти учун ИҲТТ таҳлилчилари уч йиллик рецессияни башорат қилмоқда: бу йил 3,9 фоизга, кейинги 5,6 фоизга ва 2024 йилда 0,2 фоизга пасайиш.

«Пул-кредит сиёсати бўйича, аксарият илғор иқтисодиётлар ва кўплаб ривожланаётган бозорларда инфляция кутилмаларини ишончли тарзда ушлаб туриш учун уни янада қатъийлаштириш керак», - дея огоҳлантирди Корманн.

Мавзуга оид