АҚШ Арктикада Россия ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашишидан хавотирда
Пентагон 2024 йилга мўлжалланган Арктика стратегиясини эълон қилди, унда Арктика Қўшма Штатлар учун стратегик муҳим минтақа деб аталади ва Россиянинг минтақадаги иштироки кучайиб бораётгани билдирилади.
АҚШ Мудофаа вазирлиги Арктика минтақасида Россия-Хитой ҳамкорлиги кенгайиши хавфи ҳақида огоҳлантирди. 22 июл, душанба куни Пентагон котиби ўринбосари Кэтлин Хикс АҚШнинг 2024 йилга мўлжалланган Арктика стратегиясини эълон қилар экан: «Биз Арктикада Хитой ва Россия ўртасида ўсиб бораётган тижорий ҳамкорликни кўряпмиз, Хитой Россиянинг Арктика энергиясидан фойдаланиши бўйича асосий қўллаб-қувватловчи», деди.
Арктикада Россия ҳарбийлари мавжудлиги - минтақа давлатлар орасида энг каттаси
Бундан ташқари, Вашингтон Арктика минтақасида Россия Федерацияси ва Хитой ўртасида ҳарбий ҳамкорлик ўсиши, хусусан, Аляска қирғоқларида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилишини қайд этди. Бундай ҳаракатлар иқлим ўзгариши фонида кучайди, деди Хикс. Арктика минтақасида глобал исиш ва муз қопламининг юпқалашиши уни янада қулайроқ қилмоқда, у ерда юк ташиш йўллари ва ресурслар учун рақобат кучайган.
Шу билан бирга, Россиянинг Арктикада ҳарбий мавжудлиги минтақадаги барча давлатлар орасида энг каттаси бўлиб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳудудларига таҳдид солиши мумкин. Вашингтон қайд этишича, Россия Федерацияси Арктикадаги мавжудлигини оширмоқда, совет давридаги ҳарбий иншоотларни қайта очмоқда ва Арктика сувларига даъво қилмоқда. «Россия минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солишда давом этмоқда», - деди Кэтлин Хикс.
Арктика - АҚШ учун стратегик муҳим минтақа
Пентагон веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатда Арктика Қўшма Штатлар учун «стратегик муҳим минтақа» деб аталади, у орқали мамлакатга шимолий йўллар ўтади ва «АҚШнинг муҳим мудофаа инфратузилмаси» жойлашган.
Шу билан бирга, Вашингтон бу минтақада шериклик учун катта имкониятларга эга, чунки саккиз Арктика давлатидан еттитаси НАТОга аъзо. Шунинг учун Қўшма Штатлар бу афзалликлардан фойдаланиши керак. Стратегияда АҚШнинг Арктикадаги иштирокини кенгайтириш, жумладан, амалиётлар ва ҳарбий машқлар сонини ошириш орқали хавфсизликни мустаҳкамлаш таклиф қилинади.
Бундан ташқари, Пентагон Россия Федерацияси ва Хитойнинг тегишли фаолиятидан ортда қолмаслик учун Арктикада сенсор ва радар тизимлари, алоқа ва космик технологияларни модернизация этишга сармояларни кўпайтириш зарурлигини эълон қилди. Бу Арктика хавфсизлиги ва қўшинларнинг зарур жиҳозларини таъминлаш учун «танқидий давр», деб таъкидлади Хикс.
Пентагон Арктикада хавфларни юмшатиш учун армияни тайёрлашни режалаштирмоқда
«2030 йилга бориб Арктика ўзининг биринчи ёзини деярли муз қопламисиз бошдан кечириши мумкин ва денгиз музи йўқолиши Арктика денгиз транзит йўналишлари аҳамиятини оширади, сувости ресурсларига кириш имконини беради», дейилади Пентагон ҳужжатида.
Идора фикрича, минтақада инсон фаоллигининг кучайиши бахтсиз ҳодисалар, нотўғри ҳисоб-китоблар ва атроф-муҳит бузилиши хавфини оширади. Шу билан бирга, АҚШ армияси «Арктикада юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ хавфларни юмшатиш учун тайёрланиши ва жиҳозланиши керак».
Мавзуга оид
02:02
Канада Мудофаа вазирлиги Хитойни Арктикада разведка маълумотларини тўплашда айблади
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024