13:50 / 30.06.2024
15113

«Ўзбекистонда Telegram’ни севишади». Дуров Ўзбекистонга ташрифи ҳақида фотопост жойлади

У Тошкентга яна келишни ният қилган.

Telegram асосчиси Павел Дуров Ўзбекистонга бир неча кунлик ташрифи бўйича таассуротларини ўртоқлашди. У мамлакат ўзига жуда ёққанини билдирган ва сафар давомида олган фотосуратларини бўлишган.

«Ўзбекистонда Telegram’ни яхши кўришади: мамлакатнинг 37 миллионлик аҳолисидан 70 фоиздан ортиғи Telegram’дан фойдаланади ва уларнинг бутун иқтисодиёти бизнинг платформамиз билан боғлиқ (мамлакатдаги ҳар бир бизнес тармоғида Telegram-бот ёки канал мавжуд). Биз бу машҳурликдан фахрланамиз ва бунга жавобан Ўзбекистонга севгимизни изҳор қиламиз», — деган Дуров.

У тез ривожланаётган Тошкентнинг замонавий инфратузилмаси, Ўзбекистон шарқидаги тоғли ландшафтлар ҳамда Бухоро ва Самарқанднинг бой тарихи ўзини ҳайратга солганини билдирган.

«Мен жуда кўп ёш ва иқтидорли, қалби қайноқ инсонларни учратдим. Мен илиқ қабулдан мамнунман ва умид қиламанки, йил охирида қуёшли Тошкентга яна келаман», — дея ёзган у.

Бироз олдинроқ Марказий Осиё MMA конфедерацияси президенти Отабек Умаров Тошкентда Павел Дуров билан учрашгани ҳақида хабар берганди.

«Жорий ҳафтада Telegram жамоаси лойиҳа асосчиси Павел Дуров ва унинг акаси Николай бошчилигида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мамлакатимизда ушбу хизматга алоҳида илиқ муносабат билдирилади, чунки Telegram биз учун шунчаки биринчи рақамли мессенжердан каттароқ нарсадир. Биз унинг ёрдамида яқинларимиз билан доим алоқада бўлиш билан бирга, янгиликлардан хабардор бўламиз, ишларни юритамиз, керакли товар ва хизматларни топамиз. Telegram ҳар қандай масалада мобил интернетнинг деярли ҳар бир фойдаланувчисига ёрдам беради.

Биз учун Павел ва унинг яқинларини меҳмондўст Ўзбекистон заминида қабул қилиш ҳақиқий шарафга айланди. Уларнинг барчаси юксак даражадаги ўз ишининг усталари бўлибгина қолмай, балки дунёга қалби очиқ бўлган ажойиб инсонлар эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилиш бениҳоя ёқимли ҳиссиётдир. Умид қиламизки, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари қолдирган таассуротлар ҳамда Telegram фойдаланувчилари билан мулоқот уларга янги технологик ечимларни яратишга илҳом беради. Бунга жуда оз фурсат қолганига ишонаман», — дея ёзган Отабек Умаров.

Фото: Telegram / Отабек Умаров

Павел Дуров Ўзбекистонга келишидан олдин Қирғизистонда ҳам бўлганди.

У Марказий Осиё мамлакатлари келмоқчилиги ҳақида 10 июн куни хабар берганди. «Мен Марказий Осиёга ташриф буюриб, у ерда ҳаёт қандай экани, одамлар Telegram’дан қандай фойдаланишини ва уларнинг рақамли эҳтиёжларини ўрганишга қарор қилдим», — дея ёзганди у.

Top