Жаҳон | 18:53 / 12.04.2024
25924
3 дақиқада ўқилади

Москвада Қирғизистон элчихонаси ходими уйига полиция бостириб кирди 

Қирғизистон томони Россия Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотасини тақдим этди. 

Фото: РИА Новости

Россия ички ишлар органлари ходимлари Москвада Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жўлдошбековнинг хонадонига бостириб кириб, унинг оила аъзоларига тан жароҳати етказгани ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. 

Шу муносабат билан, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилганидек, 12 апрел куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида Россия элчихонаси консул маслаҳатчиси Андрей Бурев билан учрашув бўлиб ўтди. 

Унда Қирғизистон томони Россия ички ишлар органлари ходимларининг Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси маслаҳатчиси оила аъзоларига нисбатан 1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси қоидаларини қўпол равишда бузган ҳаракатларидан хавотир билдирган. 

Шунингдек, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Қирғизистон дипломатик ваколатхонасининг аккредитациядан ўтган ходимларига нисбатан бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ва синчиклаб тергов ўтказиш, айбдорларни имкон қадар тезроқ жавобгарликка тортиш талаб этилган. 

Ўз навбатида, консул Бурев бу фактдан афсусдалигини билдирган ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон томонидан расмий нота олганини, шу асосда ҳозир текширув ўтказилаётганини, унинг натижаларига кўра қирғиз томони хабардор қилинишини айтган.  

Аввалроқ, Россиянинг ВЧК-ОГПУ телеграм канали 8 апрел куни Россия Ички ишлар вазирлигининг икки ходими Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жўлдошбековнинг Москвадаги яшаш манзилига бостириб киргани ва Россияда қандай асосда яшаётганини исботлашини талаб қилгани ҳақида хабар берди. 

Қайд қилинишича, полиция дипломат ва унинг оиласи хонадонига эшик қулфини бузиб кирган. Дипломат ва унинг оила аъзолари дипломатик паспорт ва дипломатик карточкаларини тақдим этганидан кейин ҳам полиция ходимлари миграция рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишни тажовузкор тарзда талаб қилган. Таъкидланишича, дипломатнинг рафиқасига тан жароҳати етказилган, бу эса вояга етмаган фарзандларига руҳий зарба бўлган. 

Россия ИИВ ҳолат бўйича ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади.

Мавзуга оид