Тилла нархига тенг: Россияда нега товуқ тухуми қимматламоқда?
Сўнгги икки ой ичида Россияда тухум нархининг 30 фоиздан зиёдга ошиши Россия ҳукуматини ҳам ташвишга солиб қўйди. Ҳукумат тухумни божсиз олиб киришга изн берди, Россия Бош прокуратураси эса ишлаб чиқарувчиларни текширишни бошлаб юборди. Хўш, бу чоралар наф берадими?
Экспертлар фикрича, бу чораларни жуда шошилинч деб қараш мумкин, тухум нархи ошиши бутун бир сабаблар мажмуаси туфайли содир бўлган. Жумладан, ҳарбий сафарбарлик туфайли ишчилар сони етишмаслиги, мигрантлар ишдан кетиши ва ишлаб чиқариш таннархи ошиши туфайли.
Товуқ тухуми Россияда бир неча ойдан буён асосий истеъмол маҳсулотлари ичида нарх ошиши борасида етакчилик қилмоқда. Росстат маълумотларига кўра, сўнгги икки ой — октябрдан декабргача мамлакат бўйлаб 10 дона тухумдан иборат тўплам нархи ўртача нархи 34 фоизга қимматлаб, 97 рублдан 116,5 рублга етган.
Йил бошидан буён тухумнинг чакана нархи 36,5 фоизга, 2022 йил декабридан эса 42 фоизга ошган.
Асосий истеъмол маҳсулотларидан бири бўлмиш тухум нархи ошиши федерал ҳукуматнинг ҳам диққатини жалб қилган. РФ Бош прокуратураси «фуқаролар ҳуқуқларини асоссиз нарх ошишидан ҳимоя қилиш» важи билан текширишлар ўтказиши ва чора кўришни бошлашини эълон қилган.
Федерал аксилмонополия хизмати эса аввалроқ савдо тармоқларига товуқ тухумларига устама нархни ўз ихтиёрлари билан чеклашни таклиф қилган. Савдо тармоқлари бу таклифга тушуниш билан муносабатда бўлишган ва «Азбука вкуса» ритейлери 10 фоизлик устама билан чекланган.
13 декабр куни Россия ҳукумати Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тухум импорт қилишга божни ноллаштириш таклифини қўллаб-қувватлаган. Айни пайтда 15 фоиз атрофида белгиланган бож 2024 йил 1 январидан 30 июнгача бекор қилинади. РФ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу йўл билан маҳсулот нархи ўсишини тўхтатишдан умидвор.
Тухум, жумладан, Туркиядан ҳам олиб кирилади. Росселхознадзор 8 декабрдан бошлаб Туркиядаги 17 та паррандачилик фабрикасидан товуқ тухумларини импорт қилишга рухсат берган.
Ноябр ойи бошларида РФ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги истеъмол тухумлари ва айрим турдаги парранда гўштларини экспорт қилиш тўғрисидаги ҳукумат қарорлари лойиҳасини тайёрлаганди.
Россияда товуқ тухуми нархи бу қадар ўсиб кетишига сабаблар нимада? Россия ҳукумат кўраётган чоралар муаммони ечишга ёрдам берадими? BBC бу борада таҳлилий мақола эълон қилди.
Энг арзон ҳайвон оқсили энди арзонмас
INFOLine-Аналитика бош директори Михаил Бурмистровнинг фикрича, Россия тухум нархи осмонга чиқиб кетиши бир неча омиллар мажмуасига боғлиқ.
Сабаблардан бири — товуқ тухумига талаб сезиларли кўпайгани. Нега россияликлар кўпроқ тухум харид қила бошлашди? Эксперт фикрича, Россия аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари умумий ошиши фонида арзонроқ нарсалар билан озиқланишга ўтишган.
«Биз айни пайтда гўшт нархи ошаётганини кўрмоқдамиз. Юқори инфляцион кутилмалар ва инфляциянинг юқори суръатлари шароитида истеъмолчи нисбатан арзон оқсилни танлай бошлайди», — дейди Михаил Бурмистров.
Энг арзон гўшт — парранда гўшти аллақачон қимматлашиб бўлган, товуқ гўшти январ-октябр ойларида ўртача 27 фоизга қимматлашган. Сўнгги ойларда товуқ гўшти нархи ошиши сезиларли секинлашган. Бироқ товуқ гўшти энди илгаригидек россияликлар бемалол харид қила оладиган маҳсулот эмас.
«Бу кўргуликларнинг ножўя оқибатида истеъмолчи оқсил моддасини олишнинг манбаларини қайта кўриб чиқа бошлади. Товуқ гўштига муқобил эса унданда арзон тухумдир», — дейди Михаил Бурмистров.
Бироқ, товуқ тухумига талаб кескин ортиши қўшимча ҳажмдаги таклиф билан қўллаб-қувватланмаган.
«Таассуфки, бу йил бир неча ҳудудларда парранда гриппи бўй кўрсатди ва бу касаллик паррандалар боши камайишига олиб келди», — дейди Михаил Бурмистров.
Россияда бир неча миллион парранда йўқ бўлишига олиб келган парранда гриппининг кутилмаганда авж олиши май ойидан бошлаб кузатилмоқда. Росстат маълумотларига кўра, айнан май ойидан бошлаб тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми пасая бошлаган. Кузга келиб ишлаб чиқариш ўзини ўнглай бошлаган. Октябрда ўтган йилги даражагача чиқилган, бироқ бу нарх ўсишини тўхтата олмаган.
Биргина россиялик ишлаб чиқарувчилар ўсиб бораётган талабни қондириши айни пайтда ўта тақчил бўлиб қолган ишчи кучи етишмаслиги туфайли ҳам жуда мураккаб, дейди эксперт. Унинг сўзларига кўра, бу меҳнат ресурслари билан энг оғир аҳвол мамлакат шимоли-ғарбий қисмида рўй бермоқда.
Август ойида Ленинград областидаги «Синявинская» паррандачилик фабрикаси ўз ҳамкорларига ишчи кучи чиқиб кетиши натижасида форс-мажор ҳолатини маълум қилган, шу сабабли юк етказиб бериш ва жўнатишдаги узилишлар учун жаримага тортмасликни сўраган. Паррандачилик фабрикасининг ўз ҳамкорларига жўнатган хатига асосланиб, «Фонтанка» нашри корхона ўша пайтда ўз штатининг 25–30 фоизидан айрилгани ҳақида маълум қилган эди.
Михаил Бурмистровнинг сўзларига кўра, айни пайтда ишчи кучи етишмаслиги иқтисодиётнинг барча жабҳалари учун характерли бўлса-да, қишлоқ хўжалигида бу янада яққолроқ намоён бўлмоқда.
«Чунки бу соҳада автоматлаштириш имкониятлари жуда чекланган. Боз устига, айнан қишлоқ жойларда Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганлар улуши кўпроқ. Буларнинг барчаси ишчи кучи етишмаслигига олиб келмоқда», — дейди эксперт.
Ҳарбий сафарбарлик туфайли ишчи кучи чиқиб кетиши билан бир вақтнинг ўзида мигрантларнинг ҳам ўз ватанларига қайтиб кетиши кузатилмоқда. Август ойида «Коммерсант» нашрига берган интервюсида «Роскар» паррандачилик фабрикаси директори Роман Смирнов унинг компанияси рубл курси пасайиши туфайли Россияни тарк этишни бошлаган мигрантлар муаммосига дуч кела бошлаганини таъкидлаган эди.
Августдан буён Россияда мигрантлар сони кўп бўлган корхоналарда полиция рейдлари ҳам ўтказилмоқда. Қоидага кўра, бундай рейдлар яқиндагина Россия фуқаролигини қўлга киритган мигрантларни ҳарбий комиссариатга олиб келиш билан якунланади.
«Меҳнат мигрантларининг оқими у қадар сезиларли эмас, — дейди Михаил Бурмистров. — Қандайдир ҳолатларда биз чиндан ҳам ҳарбий ҳисобга қўйилишидан чўчиб, ёки Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланишидан қўрқиб мамлакатни тарк этаётган мигрантларни кўришимиз мумкин».
Тухум таклифи ўсишини чеклаб турган омиллардан яна бири — автомобилда ташиш хизматлари ниҳоятда қимматлаб кетгани, умуман, транспорт хизматлари таклифи чеклангани ҳамдир.
Михаил Бурмистровнинг сўзларига кўра, айрим йўналишларда айниқса катта қийинчиликлар юзага келган. Хусусан, Украина чегарасига яқин Белгород областида вазият жуда мураккаб. Айнан ўша ерда одамларга тухум сотишни чеклаш борасида видеолар тарқалган.
«Ушбу ҳудуд уруш зонасига яқин ва бу транспортдан фойдаланишга салбий таъсир ўтказади. Яъни транспорт компаниялари у ерга ўз транспорт воситаларини жўнатишни истамайди, шу сабабли Белгород областида автомобилда юк ташиш нархи жуда қиммат ва бу ҳол тухум етказиб берилишини ҳам чеклайди», — деган Бурмистров.
Таннарх валюта курси ортидан ошмоқда
Товуқ тухумининг чакана нархи ўсишига йил давомида унинг таннархи ҳам ошиб бораётгани сабаб бўлди, дейди Petrova Five Consulting бош директори Марина Петрова. Ишлаб чиқарувчиларнинг харажатлари йил бўйи сезиларли даражада ўсган, дея таъкидлайди эксперт.
«Бу ишлаб чиқариш занжиридаги бутун бир мураккабликлар комплексидир: уруғ, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, қишлоқ хўжалиги техникаси учун эҳтиёт ва бутловчи қисмлар нархидан тортиб, ишлаб чиқариш ускуналари, электр энергияси ва албатта ёнилғи мойлаш материаллари баҳоси ўсганигача», — дейди Петрова.
Экспертлар қайд этишича, руб курси кучсизланиши ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатган.
«Тухум ишлаб чиқаришда импорт таркибий қисмларнинг улуши юқори экани сабабли валюта курсининг тебранишлари ҳам харид қилиш таннархини ошириб юборди», — дейди Марина Петрова.
Михаил Бурмистров эса россиялик ишлаб чиқарувчилар инкубацион тухумни, витаминлар ва емга минерал қўшимчаларни ҳам хориждан сотиб олишларини эслатиб ўтган.
«Буларнинг барчаси биргаликда, шунингдек, асосий банк ставкаси ошиши ва кредитлар учун қарз маблағлари нархи ошиши таннарх сезиларли ошишига олиб келганининг гувоҳи бўлиб турибмиз», — дея хулосалаган Бурмистров.
«Захира учун харид қилиш васвасаси» ва турк товуғи тухуми
Нархлар сакрай бошлаганда одамлар васвасага тушиб қолиб, захира учун кўпроқ тухум харид қила бошлагани ҳам вазиятни қийинлаштирмоқда, дейди эксперт. «Буларнинг барчаси савдо тармоқларида арзон тухум савдога чиқарилиши таклифини ҳам йўққа чиқаради. Бинобарин, истеъмолчи бундан янада асабийлаша бошлайди», — дея тушунтиради Михаил Бурмистров.
Россия ҳукумати томонидан кўрилаётган чоралар — Федерал аксилмонополия хизмати томонидан савдо тармоқларини назорат қилиш, ишлаб чиқарувчилар Бош прокуратура томонидан текширилиши, импорт тухумларни божсиз олиб кириш, товуқ гўшти ва тухумини Россиядан олиб чиқишга чеклов жорий қилиш — нарх ўсишини тўхтатиши керак, деб ҳисоблашади экспертлар.
Марина Петрованинг таъкидлашича, «тухум ишлаб чиқариш бўйича турк заводлари очилиши» нафақат маҳсулотнинг чакана нархи пасайишига олиб келади, шунингдек тоифа бўйича импорт ошишига ҳам сабаб бўлади.
«Нархлар ошишини тўхтатиш ва бир вақтнинг ўзида соҳани ривожлантиришдан тўхтамаслик учун ишлаб чиқариш занжири бўйича ўз технологияларини, ускуналарини ривожлантирадиган, хориждан етказиб беришга боғлиқликни камайтирадиган ва миллий ишлаб чиқаришни жаҳон бозорида рақобатбардош қила оладиган комплекс дастур керак», — дейди у.
Михаил Бурмистровнинг қайд этишича, Туркия ва бошқа давлатлардан тухумларни божсиз олиб кириш — нарх ошиши билан боғлиқ ўткир муаммони ечиш учун қўлланган вақтинчалик чора. Муаммонинг фундаментал ечими таклифни оширишни тақозо этади.
«Бу чораларни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқарувчиларнинг рентабеллиги тушиб кетиши мумкин бўлган вазиятга йўл қўймаслик керак. Чунки ҳозир улар ўсиб бораётган харажатлар туфайли жуда катта босим остида қолган. Яъни, бу томондан олиб қараганда паррандачилик соҳасининг рақобатбардошлиги ёмонлашувига йўқ қўймаслик асосий масала», — деган Михаил Бурмистров.
Росптицесоюз баҳолашларига кўра, 2023 йилда 46,4 млрд дона тухум ишлаб чиқарилган, бу эса ўтган йилги (46,1 млрд)га нисбатан бирозгина кўп. Келгуси йилда экспертлар жорий йилги ишлаб чиқариш ҳажми сақланиб қолиши ва 46,5 млрд дона тухум ишлаб чиқарилишини прогноз қилишмоқда.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024