Жаҳон | 13:25 / 11.06.2024
3690
9 дақиқада ўқилади

Ғазода оташкесим ҳақида резолюция, россиялик шахматчиларга санкция, Мексикадан кираётган ноқонуний мигрантларга тақиқ — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

БМТнинг Ғазо бўйича резолюцияси

БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШнинг Ғазода оташкесим бўйича резолюциясини қабул қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШ президенти Жо Байденнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш тўғрисидаги таклифига кўнишга қаратилган резолюция лойиҳасини ёқлаб овоз берди. Резолюцияни 14 та мамлакат ёқлаб овоз берган, Россия овоз беришдан ўзини тийган, вето қўймаган.

Режа уч босқичдан иборат. Унинг биринчи босқичида ўт очишни вақтинча тўхтатиш, Исроилда ҳисбда ушлаб турилган фаластинликлар эвазига ҲАМАС жангчилари томонидан гаровда ушлаб турилганлардан тирикларни озод қилиш, ўлганларининг жасадларини бериш назарда тутилган, деб ёзади BBC News. Иккинчи босқичда эса Исроил қўшинларининг Ғазо секторини тўлиқ тарк этишлари, шунингдек «жанговар ҳаракатларни доимий асосда тўхтатиш» кўзланган.

Учинчи босқичда АҚШ ва халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши билан минтақани кенг кўламли қайта тиклаш режаси бошлаб берилади.

Резолюция қабул қилингач, АҚШнинг БМТ қошидаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд сўзга чиқиб, Хавфсизлик Кенгашининг қарорини олқишлади ва «бугун дунё тинчлик учун овоз бергани»ни таъкидлаб ўтди.

Резолюцияда қайд этилишича, Исроил АҚШ томонидан илгари сурилган режага рози бўлган. Унда ҲАМАСни ҳам ушбу таклифни қўллаб-қувватлаш сўралган.

«Ҳар икки томон шартларни кечиктирмасдан ва сўзсиз бажаришига қатъий чақирилади», — дея резолюциядан иқтибос келтирган Reuters.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарори қабул қилинганидан кўп ўтмасдан ҲАМАС резолюциянинг маъқулланишини олқишлашини эълон қилди. Гуруҳ ўт очишни тўхтатиш режасини бажаришга киришиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда, дея қайд этган The Guardian. Нашрга кўра, гарчи резолюция Исроил томонидан қўллаб-қувватлангани қайд этилган бўлса-да, Исроил бош вазири аввалроқ бу борада танқидий чиқишлар қилган эди. Хусусан, у ҲАМАСнинг ҳарбий салоҳияти тўлиқ йўқ қилинмагунга қадар узоқ муддатли оташкесим тўғрисидаги ҳар қандай қарор истиқболсиз, деб атаган эди.

Украинадаги уруш

Украина Қуролли кучлари Бош штаби тунда аннексия қилинган Қримда Россиянинг бирйўла учта ҳаво ҳужумидан мудофаа дивизиони — иккита С400 ва битта С-300ни йўқ қилганини таъкидлади. Astra телеграм каналига кўра, гап иккита С-300 комплекси ва тўртта радар ҳақида бормоқда. Нашрга кўра, Қримга камида 10 та ATACMS ракеталари билан ҳужум қилинган.

Ҳозирча Америка ракеталари билан зарба берилгани ва йўқ қилиш натижалари факти тасдиқланмаган. Зарба берилган жойлардан ёки дронлардан видеоёзувлар тарқалмаган.

Россиянинг зенит-ракета комплекслари украиналик ҳарбийларнинг энг муҳим нишонларидан бири бўлиб турибди. Американинг 300 км олисликка уча оладиган ATACMS ракеталари пайдо бўлгач, уларга қарата берилаётган зарбалар самарадорлиги ошди. Гап шундаки, ATACMS самолётлар ёки қанотли ракеталарга нисбатан тутиб олиш қийин бўлган баллистик ракеталар ҳисобланади. Украинлар ҳам Россиянинг «Искандер» баллистик ракеталарини тутишда шундай қийналишади.

Зенит-ракета комплекслари жойлашган ўринни аниқлаш бошқа объектларга нисбатан осонроқ, чунки бу ерда вақти-вақти билан радарлар ишга туширилади. Қора денгиз узра ва Руминия осмонида НАТО давлатларининг разведкачи самолётлари мунтазам парвоз қилиб туради. Улар Украина билан ахборот бўлишишади, улар орасида ҳаво ҳужумидан мудофа тизими радарлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бўлиши мумкин. Гарчи самолётлар учаётган нуқтадан Қримгача узоқ бўлса ҳам, ерда ёқилган радар шунча олисликдан ҳам уларга кўринади.

Зенит ракета комплекслари баллистик ракеталарга қарши курашиши қийинроқ, улар қанотли ракеталар ва самолётларга қарши курашишда самарали. Украина Қримда Storm Shadow ва Scalp қанотли ракеталарини қўлламоқда, шунингдек яқин ойларда ғарб қирувчи самолётларини қабул қилиб олади. Шу сабабли Украина учун Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зичлигини пасайтириш муҳим ҳисобланади.

Тайван можароси

Америка минглаб пилотсиз бошқариладиган кемаларни Тайван атрофига жойлаштириб, оролни Хитойнинг эҳтимолли ҳарбий операциясидан ҳимоя қилмоқчи. Бу ҳақда АҚШ Ҳинд-Тинч океани қўмондонлигининг раҳбари Самуэл Папаро таъкидлаб ўтган.

«Мен Тайван бўғозини бир қатор махфий имкониятларимиздан фойдаланиб, пилотсиз бошқариладиган кемалардан иборат дўзахга айлантирмоқчиман», — деган Папаро.

Унинг қайд этишича, бу вазият Хитой флоти орол томон йўл олиб, 100 миляли зонани кесиб ўтса пайдо қилинади. Папаро минглаб пилотсиз бошқариладиган сувусти ва сувости кемалари ёрдамида Хитой армиясининг ниятларини мураккаблаштира олишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, «бу бошқа нарсалар учун вақт ажратилишига олиб келади».

Папаронинг қайд этишича, расмий Пекин Тайванга қарши у ёки бу фаол ҳаракатларни 2027 йилда бошлайди. «Айнан 2027 йилгача АҚШ жавоб қайтаришга тайёр бўлиши керак», — деган у.

Россияга қарши спорт санкциялари

Украинанинг шикояти билан Россия Халқаро шахмат федерациясидан четлатилди. FIDE Россия шахмат федерациясини икки йилга ташкилотдан четлатди. Қарор этика бўйича комиссия томонидан чиқарилган. Унга кўра, Россия шахмат федерацияси Украинанинг оккупация қилинган ҳудудлари — Қрим автоном республикаси, Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларидаги шахмат клубларини ўз таркибига қўшиб олган ва у ерларда мусобақалар ташкиллаштирган, шунингдек «сиёсий нефтралитет»га амал қилмаган.

Бундан ташқари, комиссия FIDE раҳбари Аркадий Дворковични федерациянинг этика ва интизом кодексини бузганликда айблаб, унга ҳайфсан берган. Бунга сабаб Дворковичнинг Россия шахмат федерацияси васийлик кенгашига аъзолиги бўлган. Ундан ташқари бу ерда ғарб санкциясига дучор бўлган шахслардан Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу, Москва мэри Сергей Собянин, миллиардерлар Геннадий Тимченко ва Михаил Фридман бор. Кенгашни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бошқаради.

Кремлдагилар FIDE'нинг бу қарорини адолатсиз, деб атаган. Песков Россия ўз манфаатларини ҳимоя қилишини айтган. Бу қандайдир тушунмовчилик туфайли юз берганини таъкидлаб, масала тез орада ҳал бўлишига умид билдирган.

Этика комиссиясига шикоятни жаҳоннинг 16-чемпиони Магнус Карлсеннинг мураббийи Петер Ҳейне Нилсен, Украина шахмат федерацияси ва уркаиналик гроссмейстер Андрий Баришполец ёзишган. Улар FIDE'ни «Кремл ҳамда россиялик жиноятчиларнинг тўғридан тўғри хизматкори» Аркадий Дворкович бошқараётганидан норозилик билдиришган. Уларга кўра, токи Украинада уруш борар экан, россиялик ва беларуслик шахматчиларга ҳар қандай статусда мусобақаларда иштирок этишга йўл қўймаслик керак.

Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича Россия миллий жамоаси ҳам 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш учрашувларида иштирок этишдан четлатилди.

АҚШдаги ноқонуний мигрантлар

АҚШ ҳукумати Мексика чегарасида ушланган Россия ва собиқ иттифоқнинг беш республикасидан борган нолегал мигрантларни дарҳол мамлакатдан чиқариб юборишни бошлайди. Бу ҳақда The New York Post газетаси ёзмоқда.

Газета ихтиёрига келиб тушган маълумотларга кўра, Калифорниядаги чегара хизматлари ходимлари юздан ортиқ давлатлардан келган нолегал мигрантларни мамлакатга монеликсиз киритиш тўғрисида буйруқ олишган. Бироқ, бу Россия, Ўзбекистон ва бошқа айрим собиқ иттифоқ давлатлари фуқароларига тааллуқли эмас.

Истисно Россия, Ўзбекистон, Гуржистон, Молдова, Қирғизистон ва Тожикистондан келган мигрантларга нисбатан қўлланади. Бу мамлакат фуқаролари чегарани ноқонуний кесиб ўтиш жараёнида зудлик билан депортация қилинади. Бироқ, АҚШ ҳукумати ёш болалар, ўғирлаб кетиш қурбонлари бўлганлар, шунингдек таҳдид остида қолганлар ва тиббий ёрдамга муҳтож инсонларни киритади.

Буйруқ Мексиканинг Тихуана шаҳри ҳамда Калифорния штатидаги Сан Диего округи маъмурий маркази яқинидаги чегара учун тааллуқли. Бу манзил айни пайтда чегарани ноқонуний кесиб ўтишда энг зич ҳудуд ҳисобланади. 

Мавзуга оид