Жамият | 15:30 / 23.10.2019
16830
8 дақиқада ўқилади

«Ўз уйимни GPS билан топиб боряпман» — Самарқанддаги ёпиқ кўчалар қачон очилади?

Фото: KUN.UZ

Самарқанд сайёҳлар учун жуда қулай шаҳар. Чунки унчалик катта бўлмаган кўҳна шаҳарни пиёда айланиш ҳам мумкин. Ихчамлиги билан сайёҳларга қулайлик яратадиган Самарқанднинг ҳозирги йўллари эса одамлар учун қулай деб бўлмайди. Тўрт томон қазилган, жуда кўп йўллар ёпиқ, машиналар сигнал бергани-берган, одамлар йўл тополмай ҳалак... Хуллас, шаҳар йўллари қазилгани одамларни қийнаб қўйган. Бу ёпиқ кўчалар қачон очилади?

Шаҳар кўчалари нега қазилаётгани маълум. Самарқандда 2022 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилади. Шу боис, шаҳар бу улкан тадбирга тайёр ҳолатга келтирилиши керак. Аммо тайёргарлик ўнлаб кўчаларни бир вақтнинг ўзида ҳаракатланиш учун яроқсиз қилиб қўйиш эвазига амалга оширилиши керакми? ШҲТ саммитига тайёргарлик тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам Самарқанддаги ҳамма йўлларни бир вақтнинг ўзида ёпиб қўйиш керак дейилмаган.

Келинг, шаҳардаги қайси катта йўллар айни дамда ёпиқлиги ҳақида гаплашсак. Шаҳар чеккасидаги бир йўлнинг ёпилиши юз минглаб одамларга қийинчилик туғдирмоқда. «Кафтархона» автостанциясидан Тойлоқ ва Ургут туманларига олиб борадиган асосий йўл ёпиб қўйилган. «Пулимуғоб» маҳалласи ҳудудидаги кўприкда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Маълум бўлишича, у ерда электр симлари олиб ўтилаётгани сабаб йўл тўсиб қўйилган. Шу боис 500 минг одам яшайдиган Ургут туманига, 200 мингга яқин одам яшайдиган Тойлоқ туманига борадиганлар сарсон-саргардон бўлиб, айланиб юришибди.

Ўша кўприкнинг устини қазиш бошланганда йўлнинг бир чеккасидан машиналар бинойидай ўтиб турганди, аммо 3 кундан буён йўл негадир буткул ёпиб қўйилган. Шу боис Ургут ва Тойлоққа «Кафтархона» автобекатидан қатнайдиган маршрутлар Ўзбекистон маҳалласи орқали 3-4 километр ортиқча йўл юриб боришга мажбур бўлмоқда. Ҳайдовчиларнинг айтишича, аҳвол шундайлигича қоладиган бўлса, йўлкира нархи яна кўтарилади.

Навбатдаги нобоп йўл Жўрақулов кўчасида. Бу ердаги йўлнинг ҳолатини тушуниш мумкин, чунки эшкак эшиш канали атрофидаги туристик зонага олиб борадиган бу кўча снос орқали кенгайтирилмоқда. Йўл устидаги одамларнинг уйлари деярли бузиб бўлинган, аммо йўл қурилиши ҳали бошланмаган. Йўлнинг ҳозирги ҳолати эса жуда ёмон. Бу йўлдан ҳам минглаб одамлар фойдаланади ва ўша ҳудудда яшаётганлар шаҳар марказига боришда қийналмоқда.

Рўдакий кўчасидаги трамвай йўлининг ёпилганига эса одамлар кўникиб бўлди. Шаҳарда қурилиши интизорлик билан кутилган учта кўприкдан бири айнан мана шу чорраҳада бошланди. Бу туннел-кўприк қурилиши 2 йилча вақт олиши аниқ. Шу боис бу йўл ёпиқлиги муҳокама қилинмаяпти ҳам.

«Улуғбек» маҳалласидаги йўл ёпиқлиги эса Тошкент ва бошқа вилоятлардан Самарқандга кириб келадиганлар учун ҳақиқий бошоғриқ бўлмоқда. Самарқанднинг бир нечта туманидан ҳам машиналар айнан мана шу йўл орқали шаҳарга кириб боради. Бу йўлда ҳам ҳар хил трубалар ташлаш ишлари бошланган.

Шаҳар марказидаги кўчалар ҳам қазиш ишларидан четда қолмади. Амир Темур кўчаси собиқ эҳтиёт қисмлари бозоридан бошланган қисмининг бир томонида йўл қазилган. Шу боис иккинчи томондаги бир томонлама йўл икки томонлама йўлга айлантирилган. Машиналар тинимсиз қатнагани сабаб пиёдалар кўчанинг нариги томонига ўтиши амри маҳол. Катта эҳтимол билан йўлнинг биринчи томонида қазиш ишлари тугагач, иккинчи томон ҳам қазилади...

Самарқанд тумани бошланишидаги йўл ёпилганига эса бир ойдан ошди. Бу йўл кенгайтирилиши учун одамларнинг уйлари бузилмаган. Бутун Самарқанд тумани, бундан ташқари Қашқадарёга қатнайдиган таксилар фойдаланадиган йўл ҳали бери очиладиганга ўхшамайди. Одатда бу йўл машина бозори бўладиган кунлари жуда гавжум бўларди. Энди Самарқанд туманининг чекка йўллари бозор кунлари «умрида кўрмаган машиналар қатновини кўрмоқда». Асосий йўл бўлмагандан кейин ҳайдовчи қўшимча йўллардан юришга мажбур бўлади-да. Маҳаллалар ичидаги тор йўллар эса ҳаракатланиш кўплигидан машина билан тўлиб-тошмоқда. Оқибатда бу кўчаларда яшайдиган одамлар ёш болаларини ҳам кўчага чиқаришга қўрқади.

Шаҳарнинг ички қисмидаги кичик кўчалар қазилганини айтиб ўтирмадик. Бу гапларни ёзишдан мақсадимиз мутасаддиларни қоралаш эмас, шунчаки одамлар яхши яшашини хоҳлаймиз. Одамларни рози қилиш аслида қийин иш эмас. Ўқитувчилари 22 минг долларлаб ойлик оладиган Люксембургда одамлар ўзини бахтсиз деб ҳис қиларкан. Бизда эса бундай эмас. Ўзбек 2 миллион (200 доллар) ойликни яхшигина пул деб ҳисоблайди ва шу пулга ватанида яхши яшай олишига ишонади.

Бизнинг одамлар давлатга Америкада бўлгани каби фалон минг доллар маош беринг, бизга фалон нарсалар қилиб беринг демайди. Одамлар шунчаки мавжуд шароитлар чекланмаса дейди. Шунчаки тинчгина уйғониб, муаммосиз ишга бориб, кечаси асабийлашмай уйига қайтишни, фарзандлари даврасида ўтиришни истайди. Ахир бу кўп нарса эмас-ку?

Бугун Самарқанд кўчаларидаги тирбандликни, бу одамларни қанчалик асабийлаштираётганини кўрсангиз, ичингиз ачийди.

Битта йўлнинг ёпиқлиги қанчадан-қанча одамларга зарар келтиради. Кўплаб одамлар ишга кеч қолади, уларга жарима ёзилади, жарима эса фарзандларининг ризқидан қияди. Бу жарималар сиз учун арзимаган пул бўлиши мумкиндир, аммо 1 200 сўмлик автобус 1 400 бўлганига бир ойлик харажатлари қанчага ошганини ҳисоблайдиган оддий халқ учун кўп. Балки йўллар ёпиқлиги сиз учун ҳеч нарсани англатмас, аммо шаҳарга яқин тумандан ўқишга қатнайдиган, тирбандлик сабаб дарсга кечикиб, дарсхонада дўстлари олдида сарғайган талаба учун бу кўп нарсани англатади.

Йўллар ёпиқлиги сабаб йўлкирани оширишга мажбур бўлган, аммо бунинг учун «ноинсофга чиққан» таксистдан сўранг йўл ёпилиши нима эканини. Бугун бир таксичи шу ҳақда ҳасрат қилиб қолди: «Йўл ёпилади, айланиб борамиз, кейин кўпроқ сўрасак, бизни ноинсоф дейишади. Ахир бизнинг ҳам рўзғоримиз бор, газ оламиз, машина ижара бўлса...».

Бир танишим Кафтархонадаги йўл ёпилгани учун одатда ҳеч юрмаган кўчалардан ўтиб адашиб қолганини, кейин амаллаб GPS орқали уйига етиб олганини айтди. Одам ўз уйини GPS билан топиб олишга мажбур бўлса-я!

Йўлларнинг нега ҳаммаси бирдан қазиб ташланган деган савол билан Самарқанд шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилдик. Ҳокимликдагилар барча ишлар Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан қилинаётганини айтишди. Аммо ўша қарорда Самарқанддаги ўнлаб кўчалар бир вақтнинг ўзида қазиб, ёпиб қўйилсин деган гап йўқ.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир нечта кўчани бирданига қазиб ташлашдан нима маъни? Аввал битта объектни қуриб, кейин навбатдагисига ўтса бўлмайдими? Ахир шунда иш ҳам тез битади, одамлар ҳам камроқ овора бўлади.

Самарқанд чиройли шаҳар бўлишини ҳамма хоҳлайди. Шаҳарда қурилишлар бўлишига қарши эмасмиз, лекин ҳар қандай ишни бошлашдан аввал бу одамларга фойда берадими йўқми деб ҳисоб-китоб қилиб кўриш керак. Чиндан бизнинг одамларни рози қилиш қийин эмас. Уларни шунчаки мавжуд шароитлардан чекламасангиз бўлгани...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид