Байден президентлик пойгасидан чиқди. Асосий маълумотлар
У Камала Ҳаррисни демократларнинг янги номзоди сифатида танлашни таклиф этган.
АҚШ президенти Жо Байден 21 июл куни янги президентлик муддати учун курашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақдаги хабар унинг X ижтимоий тармоғидаги (собиқ твиттер) аккаунтида пайдо бўлган.
«Сизнинг президентингиз сифатида хизмат қилиш ҳаётимдаги энг катта шараф бўлди. Мен қайта сайланиш ниятида бўлган бўлсам-да, ҳисоблайманки, ўз партиям ва мамлакатим манфаатлари учун чекинишим ва қолган муддат давомида фақат президентлик вазифамни бажаришга эътибор қаратишим керак деб ҳисоблайман», — дейилган Байденнинг америкаликларга мактубида.
Жо Байден Демократик партиядан вице-президент Камала Ҳаррисни президентликка номзод сифатида кўрсатишни таклиф этган. «2020 йилда [Демократик] партия номзоди сифатидаги илк қарорим Камала Ҳаррисни вице-президент сифатида танлаш бўлганди. Бу менинг энг яхши қарорим эди. Бугун мен Камаланинг бу йилги сайловда партиямиздан номзод бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашим ва маъқуллашимни билдирмоқчиман», — деган Байден.
Доналд Трамп Байденнинг сайловдан чиқиш қарорига биринчилардан бўлиб муносабат билдирди ва CNN телеканалига берган интервюсида уни «мамлакат тарихидаги энг ёмон президент» деб атади. Шунингдек, у Байден «президентлик сайловида иштирок этишга лойиқ номзод бўлмагани ва бу лавозимга умуман муносиб эмаслиги»ни таъкидлаган. «У президентлик лавозимига фақат ёлғон, сохта хабарлар ва ўз ертўласидан чиқмасдан эришганди. Унинг атрофидагиларнинг барчаси, жумладан унинг шифокори ва оммавий ахборот воситалари у президент бўлишга лаёқатли эмаслигини биларди ва шундай бўлди ҳам», — дея ёзган у.
Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон Байден президентлик ваколатларини топшириши кераклигини айтган. «Агар Жо Байден президентликка номзод бўла олмаса, у президент ҳам бўла олмайди. У дарҳол ваколатларини топшириши лозим. Биз 5 ноябргача кута олмаймиз», — деган Жонсон.
Байденнинг сайловолди штабининг юқори мартабали ходимлари АҚШ президентининг қарори ҳақида у америкаликларга мурожаатини эълон қилишидан бир неча соатгина олдин воқиф бўлишган. CNN ёзишича, Оқ уйдаги юқори мартабали шахслардан бири Жо Байден бу ҳақда сўнгги бир неча кун давомида ўйлаб келганини айтган. Оқ уйнинг кўплаб оддий ходимлари қабул қилинган қарор ҳақида мактуб эълон қилинганида билишган. Байденнинг катта маслаҳатчиси президент сайловолди пойгасидан чиқиш тўғрисидаги якуний қарорни охирги 48 соат ичида, ўз оиласи аъзолари ҳамда етакчи маслаҳатчилари билан телефон орқали маслаҳатлашувлардан кейин қабул қилганини айтган.
Юқори мартабали сиёсатчилар Байденга президентликдаги фаолияти учун миннатдорчилик билдиришган. Калифорния губернатори, демократ Гэвин Нюсом Байденни «барча америкаликлар учун ажойиб натижаларга эришган», «тарихга кирувчи фавқулодда президент» деб атаган. Сенатдаги демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер Жо Байденни «ўз партияси ва мамлакат келажагини биринчи ўринга қўйгани» учун мақтаган. АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден инстаграмдаги саҳифасида Жо Байденнинг постини қайта жойлаштириб, иккита юракча қолдирган.
АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон ва унинг рафиқаси, АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон Байденга қилинган ишлар учун миннатдорчилик билдирган. «Биз миллионлаб америкаликларга қўшилган ҳолда президент Байденга у эришган барча натижалар учун миннатдорчилик билдирамиз», — дейилади Клинтонлар жуфтлиги эълон қилган постда. Улар Камала Ҳаррисни демократларнинг президентликка номзоди сифатида қўллаб-қувватлашган.
Кремл Байденнинг қарори юзасидан муносабатида АҚШдаги сайловларга қадар кўп нарса ўзгариши мумкинлигини билдирган. «Сайловларгача ҳали 4 ой бор ва бу кўп нарсани ўзгартириши мумкин бўлган узоқ муддат. Сабрли бўлиш ва буёғига нима бўлишини диққат билан кузатиш лозим. Биз учун биринчи навбатда — махсус ҳарбий амалиёт мақсадларига эришиш», — деган РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Жо Байден Доналд Трамп билан дебатларда муваффақиятсизликка учраганидан қарийб бир ой ўтиб ўз номзодини қайтариб олмоқда. Байден ва Трамп ўртасидаги илк дебат 27 июн куни ўтказилган ва кўплаб экспертлар ҳамда томошабинлар фикрича, унда Республикачилар партияси номзоди ғолиб чиққанди. Шундан кейин Демократик партия вакиллари Байденни сайловолди пойгасидан чиқишга ундай бошлашди. Бундай чақириқ 30 нафар америкалик конгрессмен томонидан билдирилди. Байден эса охирги вақтларга қадар ноябрдаги сайловда иштирок этиб, ғолиб чиқиш ниятидалигини айтиб келарди.
Байден президентлик пойгасидан чиқиш қарорини ковид туфайли иҳоталанган ҳолатида қабул қилган. Оқ уй 17 июл куни Жо Байденнинг коронавирус учун топширган тести мусбат натижа берганини маълум қилганди. Президентда ковиднинг «енгил аломатлари» кузатилган. Байден Делавэр штатидаги уйида ўзини иҳоталаган. 21 июл куни президентнинг шифокори Кевин ОʼКоннор Байденнинг ҳолати анча яхшиланганини айтган.
Бу сўнгги ўн йилликларда АҚШнинг амалдаги президенти навбатдаги сайловда ўз номзодини қайтариб олиши билан боғлиқ илк ҳолат. Бунгача бу каби охирги ҳолат 1968 йилда АҚШнинг 36-президенти Линдон Жонсон муваффақиятсиз сайловолди кампанияси туфайли иккинчи муддатга сайланмасликка қарор қилганида кузатилганди.
Мавзуга оид
21:40 / 04.11.2024
Трамп ниманинг эвазига ғолиб бўлиши мумкин? Ҳаррис-чи? Йилнинг асосий сайлови учун батафсил превю
16:14 / 04.11.2024
Камала Ҳарриснинг президентлигидан нима кутиш мумкин? Трампникидан-чи?
15:24 / 03.11.2024
Гуржистон ва Молдова сайловлари: Европа орзуси орзулигича қолдими?
13:31 / 03.11.2024