Жаҳон | 19:44 / 24.07.2021
39356
3 дақиқада ўқилади

Рейхстаг биносида Тошкент номи нима учун ёзилган? - Германия парламентига саёҳат

UzbekLife’нинг Германиядаги колумнисти Маҳкам Ҳамидов ҳозирда ўзи амалиёт ўтаётган Германия парламенти, яъни Бундестагга саёҳат уюштиради.

Бугунги пандемия шароитида бинога кириш учун албатта тиббий ниқоб тақилади. Махсус бежик бор, бу орқали Германия парламентининг исталган биносига кириш мумкин. Эътиборли жиҳати Рейхстаг биноси ичида ибодатхона мавжуд. Ибодатхонанинг ўзгачалиги шундаки, унда турли дин вакиллари ибодат қилишлари учун шароитлар яратилган. Масалан, бу ерда жойнамозлар бор.

Иккинчи жаҳон уруши охирига келиб, совет иттифоқи аскарлари Рейхстаг биносини забт этишган ва ўз ғалабасини муҳрлаб қолдириш учун исмларини бино деворига ёзишган. Германия ҳукумати ушбу ёзувларни сақлаб қолиш қарорини қабул қилган. Аскарлар ўртасида ҳамюртларимиз ҳам албатта бўлган. Ва бу ерда “Тошкент” ёзувини кўришимиз мумкин.

Германия парламентининг энг асосий жиҳатларидан бири бу унинг очиқлиги ва шаффофлиги. Рейхстаг биносининг деярли ҳар бир нуқтасидан ялпи мажлисларни кузатиб борсангиз бўлади. Бугунги кунда Германия парламентида 6 та фракция мавжуд бўлиб, умумий ҳисобда 700 дан ортиқ депутат фаолият юритади.

Шунингдек, Бундестаг биносидаги арт объектда Германия депутатлари архиви жойлашган. Бу ерда 1919 йилдан бошлаб, яъни парламент ўз фаолиятини бошлагандан буён то 1990 йилгача бўлган депутатлар исмлари ёзилган. Қизиқ томони, 1933 йилда национал социалистлар ҳокимиятга келгандан бошлаб 1949 йил, Германия Федератив Республикаси ташкил этилгунга қадар ҳеч қандай исмлар ёзилмаган. Шу йиллар оралиғидаги жой қора қути эканлигини кўрамиз, бу ерда ҳеч қандай ёзувлар йўқ. Чунки бу даврда депутатлар демократик йўл билан сайланмаган. Бу ерда Гитлер исми ҳам ёзилган. Чунки у ҳам парламентга демократик йўл билан сайланган деб ҳисобланади.

Германия парламенти Рейхстаг биносидан ташқари яна учта катта бинодан ташкил топган. Улар барчаси ерости туннеллар билан боғланган. 1933 йил Рейхстаг биноси ёнганда уни ёқиб юборган инсонлар туннел орқали қочган деган тахминлар бор. Парламент ичида умуман арт объектлар жуда кўп.

Рейхстаг биноси гумбази ХХ аср охирида қурилган. Очиқлик ва шаффофликни англатади. Бу ерга фуқаролар бемалол келиб, гумбазни айланади ва бу Германияда фуқаролар депутатлардан ҳам юқорироқ деган маънони англатади. Бундестагнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири бу унинг инсонларга яқинлигида. Фуқаролар бевосита парламент биноси остида ўз севган машғулотлари билан шуғулланишлари мумкин. Масалан, одамлар кўпинча рақс машғулотларини амалга оширади.

Шарқий ва Ғарбий Берлин чегараси айнан шу ерда Шпри дарёси бўйидан ўтган. Германия бирлашганидан сўнг парламентнинг янги бинолари айнан шу ерда қурилган. Сиз кўриб турган дарёнинг ўнг ва чап томонида қурилган бинолар яхлит комплексни ташкил этади ва Германия бирлиги рамзи саналади. 

Тўлиқ видеони UzbekLife'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.

Маҳкам Ҳамидов
UzbekLife’нинг Германиядаги колумнисти

Мавзуга оид