Ўзбекистон | 16:18 / 15.11.2020
5235
2 дақиқада ўқилади

ФАО Бухорода кўмакка муҳтож оилаларга 17та сув насослари тақдим этди

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бухоро туманидаги кўмакка муҳтож хонадонларга 17та сув насослари ва тумандаги томорқа ерларига ишлов бериш учун 4 та мотокультиваторни беғараз тақдим этди.

ФОТО: ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан Kun.uz'га маълум қилишларича, бу – ФАО томонидан Глобал Экологик Жамғарма кўмаги билан амалга оширилаётган «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган.

Сув насослари берилган муҳтож хонадонлар рўйхати Бухоро тумани ҳокимлиги ва вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан тақдим этилган.

ФОТО: ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

«Деҳқон ва томорқа хўжаликларига пандемияга қарши курашнинг мураккаб даврида кўрсатилаётган беғараз ёрдам учун миннатдорлик билдираман ва шуни таъкидламоқчиманки, Бухоро тумани аҳолиси бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан жуда манфаатдор», – деган Бухоро тумани ҳокими Қахрамон Дўстов.

Таъкидланишича, ФАОнинг туман аҳолисига беғараз ёрдами шу билан чекланмайди. Юқорида таъкидланган лойиҳа доирасида иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш учун тумандаги томорқа хўжаликларида 20 та иссиқхона қуриш ҳам режалаштирилган. Иссиқхоналарни етказиб бериш ва қуриш бўйича чора-тадбирлар бошлаб юборилган.

ФОТО: ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Умуман, лойиҳа доирасида 2020 йилнинг июн ойида Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги томорқа хўжаликларига 30 минг дона помидор, карам ва булғор қалампири кўчатлари, июл ойида эса 10 тоннадан ортиқ азотли ва фосфорли ўғитлар беғараз етказиб берилган. «Бу – пандемия даврида туманда молиявий қийинчиликларга дуч келган томорқа ер эгалари учун сезиларли ёрдам бўлди», – дейилади хабарда.

«Аҳолининг энг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, глобал озиқ-овқат таъминоти занжирларининг барқарорлигини таъминлаш ва озиқ-овқат тизимида пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар ушбу мураккаб даврда озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга ёрдам беради», – дейди лойиҳанинг миллий координатори Муҳаммаджон Қосимов.

ФОТО: ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Мавзуга оид