Машҳурлашиб бораётган «инновацион» китоблар: тил ўрганиш воситасими ё лотерея?
Kun.uz сўнгги вақтларда хорижий тилларни тез ва инновацион методлар орқали ўргатишда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида реклама қилинаётган китоблар устида кичик суриштирув ўтказди. Натижалари ҳар қандай ўқувчини қизиқтирса ажаб эмас...
Реклама ва ташвиқот
Охирги пайтларда хорижий тилларни тез ва инновацион методлар орқали ўргатишни ваъда қилувчи лойиҳалар кўпайгандан кўпайди. Телевидение, ижтимоий тармоқлар, кўчадаги билбордлар фалон ойда инглиз, корейс, араб тилларини ўргатиш бўйича таклифларга тўлиб кетди.
Келинг, лойиҳаларнинг сайт ва веб-саҳифаларига разм солиб кўрамиз.
Аввал, сўнгги вақтларда рекламага зўр бераётган Booknomy лойиҳасига тўхталсак. Лойиҳанинг сайтида 2018 йилдан буён бу метод бўйича 50 мингдан зиёд фойдаланувчи тил ўргангани ҳақидаги факт келтирилади.
Бу рақам ниҳоятда каттадек туюлди бизга ва лойиҳа асосчиси, раҳбари ва қўлланма муаллифи Одилбек Икромов билан суҳбат қилишга қарор қилдик.
Муаллифларнинг таъкидлашича, китоб AJ Hoge ва XX асрнинг 50-60-йилларида фаолият кўрсатган атоқли Пол Пимслер методлари асосида яратилган. Хоуг ва Пимслерларнинг методлари инглиз тилини фақат эшитиб ўрганишга асосланган.
Суҳбат чоғида О.Икромовдан юқоридаги 50 минг рақами қаердан олингани ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, сотилган китоблар ададига таяниб шундай рақам ҳосил бўлган.
Шу ўринда муаллифнинг сўзлари бизда шубҳа уйғотди. Сабаби Booknomy лойиҳасига тегишли “Intensive English” дарслигининг 2020 йил 27 январда босмага рухсат берилган нашри бир минг ва 2020 йил 2 сентябрдагиси ҳам бир минг нусхада чоп этилган. Бир йилда икки минг нусхада китоб чиқариб, 50 мингдан зиёд фойдаланувчи натижага эришганлиги ҳар қандай одамда ҳам айтилаётган рақамларга нисбатан шубҳа уйғотса ажаб эмас.
Энди “5 юлдузли даражага эга дунёнинг етакчи 3D инновацион методикаси” деб бонг урилаётган TEDBOOK лойиҳаси ҳақида сўз юритсак. Лойиҳа сайтида мазкур метод дунёда биринчи рақамли экани (!) айтилмоқда
Қайси методика бу? Одатда лойиҳалар бирор методика устида ишлаган ва/ёки унга сайқал берган гуруҳ ёхуд шахслар номи билан аталади. Tedbook таклиф қилаётган методиканинг номи нима? У қаерда биринчи рақамли деб тан олинган? Афсуски, бу фактни тасдиқловчи бирор ҳавола келтирилмаган.
Tedbook лойиҳасининг расмий сайтида ушбу методика бўйича Ҳонконг, Тайван ва Хитойда тил ўрганаётганлар сони келтирилган.
Аммо, бу маълумотга ҳам ҳеч қандай исбот-далил келтирилмаган, яъни, ҳавола йўқ.
Tedbook лойиҳаси ижрочи директори Абдурауф Олимов бунга изоҳ берар экан, Google PlayMarket порталидан юклаб олинган мобил иловалар сонидан келиб чиқиб, бу методика биринчи рақамли деб айтилишини маълум қилди. Аммо, айнан қайси мобил илова ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмади.
Муаллифлар
Лойиҳаларни тадқиқ қилиш жараёнига чуқурроқ кирганимизда муаллифлар шахси билан боғлиқ энг қизиқ фактларга дуч келдик. Асъаса-ю дабдаба билан реклама қилиниб, тил ўрганувчиларга катта ваъдалар бераётган лойиҳа муаллифлари педагогика ва методология бўйича мутахассисликка ёхуд дарс бериш тажрибасига эга бўлиш уёқда турсин, ҳатто олий маълумотга эга бўлмаган инсонлар бўлиб чиқди.
Booknomy.uz лойиҳаси асосчиси, раҳбари ва истеъмолчиларга фалон сўмдан сотилаётган қўлланма муаллифи Одилбек Икромов ҳатто инглиз тилини яхши билмаслигини ҳам тан олди.
Қандай қилиб инглиз тилини билмайдиган одам инглиз тилини ўргатадиган китобнинг муаллифи бўлиши мумкин?! Шу китобдан фойдаланиб 6 ойда инглиз тилида эркин гапириб кетиш мумкин бўлса унинг ўзи нега ҳамон чет тилини билмайди?
Тасаввур қилиб кўринг, сиз ўзингиз ёки бирор яқинингиз учун салкам ярим миллион сўмдан воз кечиб бир китоб, 8 гигабайтлик флешка ва битта қулоқчиндан иборат тўплам сотиб олиб, катта умидлар билан тил ўрганишга киришасиз, муаллифлар эса, соҳадан хабари йўқ. Энг ажабланарлиси, улар ҳатто инглиз тилини билмайди ҳам.
Дарвоқе, Intensive English дарслигининг 2020 йил 27 январда ва 2020 йил 2 сентябрда қилинган нашрларида муаллифлар номлари орасида фарқ бор. 2020 йил 27 январдаги нашрида Шоҳижаҳон Абдуллаев, Шаҳбоз Маматқосимов ва Одилбек Икромовлар муаллифлар сифатида кўрсатилган бўлса, 2020 йил 2 сентябрдаги нашрда Одилбек Икромов ягона муаллиф сифатида кўрсатилган.
Одилбек Икромовнинг айтишича, истиқболда китобнинг муаллифлик ҳуқуқига даъвогарлар кўпаймаслиги учун биринчи нашрда кўрсатилган қолган икки муаллиф иккинчи нашрда муаллифлар сафидан чиқарилган.
Booknomy Company нашрдан чиқарган Intensive English дарслиги муаллифларидан бири сифатида титул вароққа исми ёзилган Шаҳбоз Маматқосимовнинг фейсбукдаги саҳифасида келтирилган маълумотга ишонсак, у Санкт-Петербургдаги Введенский отелида бармен бўлиб ишлаган. Суҳбатимиз давомида, Одилбек Икромов Шаҳбознинг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқигани, лекин олий ўқув юртини тамомлай олмагани ва меҳмонхонада бармен бўлиб ишлагани чин эканини тасдиқлади. Бу ўринда, бармен бўлиб ишлаган шахс инглиз тилини ўргатувчи мутахассис бўла олмайди, дейиш фикридан мутлақо йироқмиз. Зеро, йигит кишига қирқ ҳунар оз. Дунё миллиардерлари рўйхатида етакчи ўринларни эгаллаб келаётган Жефф Безос ҳам ўз фаолиятини айнан китоб сотишдан бошлаган.
Шу ўринда, Intensive English дарслигининг илк нашрида муаллифлар қаторида қайд этилган Шаҳбоз Маматқосимов асос солган smartbook.uz лойиҳаси ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсак.
Араб тилини ўргатувчи қўлланманинг 2020 йил куз ойларида айлантирилган рекламаларидан бирида дарсликни сотиб олиб, Умра сафарига йўлланмалардан бирини ютиб олиш мумкинлиги айтилади.
Маълум бўлишича, лойиҳа муассиси бўлган корхона (раҳбари Шаҳбоз Маматқосимов) Дин ишлари бўйича қўмитага хат билан мурожаат қилиб, smartbook маҳсулотларини харид қилган мижозлар ўртасида ўйналадиган лотореяга тикилган 15та умра йўлланмасини навбатдан ташқари тақдим қилишда амалий ёрдам сўраган. Гуноҳлардан покланиш учун бориладиган, йиллаб кутиладиган ва узун ҳамда қатъий навбат асосида ташкиллаштириладиган умра ибодатига НАВБАТСИЗ 15 йўлланма сўралиши навбатда турган бошқа фуқароларнинг ҳаққига хиёнат экани ва бу қайси мезонларга тўғри келиши ҳақидаги саволларни smartbook лойиҳаси асосчиларига қолдирамиз.
Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси билан боғланиб, мазкур хат ҳақида сўрадик. Масъуллар навбатсиз йўлланма учун ҳеч кимга имтиёз ёки устунлик берилмаслигини маълум қилишди.
Қизиқ томони, Қўмита билан боғлангач, яна бир бор smartbook.uzнинг қўнғироқлар марказига билан боғланиб, умра йўлланмалари ҳақида сўрадик. Бизга жавоб берган оператор қиз, умрага йўлланмалар тайин эканини айтди.
Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги масъул ходими айни масаладан хабари борлигини, Дин ишлари бўйича қўмита билан бирга ўрганиб чиқилганлигини, лойиҳа муаллифларига ҳам хат билан чиқилганини маълум қилди.
Маълумот учун: суриштирувимиз даврида Smartbook.uz лойиҳаси муаллифлари билан кўришиб, суҳбатлашиш ҳақидаги таклифимиз жавобсиз қолдирилди.
Методика ва мутахассислар фикри
Энди эътиборимизни тезкор тил ўрганиш лойиҳалари таклиф этаётган методик жиҳатларга қаратамиз ва бу борада мутахассислар фикрларига қизиқиб кўрамиз.
Келинг, методика муаллифи бўлган AJ Hoge нинг Effortless English Learning Ютуб канали саволларига берган жавобларини тинглаб кўрайлик. Савол: “Инглиз тили она тилиси бўлмаганлар томонидан яратилган аудиокитобларга муносабатингиз қандай?”
AJ Hoge нинг жавоби: “Инглиз тилини ўрганиш учун тавсия қилмайман. Шунчаки ахборот олиш учун, агар сизга қизиқ бўлса бу яхши. Инглиз тилингизни яхшилаш учун ўша тилда гапирувчидан ўрганганингиз маъқул. Зеро гапираётган одам кўп хато қилиши, акценти нотўғри бўлиши мумкин. Масалан, мен испан тилини ўрганмоқчи бўлсам, испаниялик, колумбиялик ёки мексикаликни тинглайман. Бунинг учун мен канадалик ёхуд британиялик одамдан ўрганмайман”.
Booknomy компаниясининг Intensive English дарслигининг аудиоёзувлари эса, лойиҳа раҳбари Одилбек Икромовнинг айтишича, “native speaker”ники эмас. Ажойиб-а? Ўзи мақтаб турган методика бўйича на инглиз тили ўрганган, на дарсликни ёзаётиб унга амал қилган.
Booknomy компаниясининг Intensive English лойиҳаси китобларидаги ўзбекча матнларнинг сифати алоҳида мавзу. Юмшоқ қилиб айтганда, услубий, имловий ва грамматик хатолар жуда кўп.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Инглиз тили биринчи факультети Инглиз тили интеграллашган курси кафедраси мудири, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мавлуда Ғуломова Booknomy дарслиги ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
“Қўлланма асосан матнга таяниб қолган. Матнларни мустаҳкамловчи машқлар йўқ. Ундан кейин коммуникатив компетенцияни ривожлантирувчи унсурлар ҳам йўқ. Ҳозирги кунда бу жуда муҳим. Ундан ташқари танқидий ва мантиқий фикрлашга доир машқлар мавжуд эмас.
Дарслик фақат эшитиш орқали ўргатишни ваъда қиляпти. Лекин биз биламизки, фақат бир нутқ фаолияти тури билан эгаллаб бўлмайди. Бу ҳақда устоз методистларимиз алоҳида таъкидлашади.
Ундан ташқари, китобда грамматик, услубий, лингвистик ва имловий хатолар кўзга ташланади.
Шунингдек, китобга тақриз ёзилмаган. Китобни яхши мутахассис тақризидан ўтказишни тавсия этардик. Зеро, сифатли дарслик албатта методист ва филологлар кўригидан ўтиши шарт. Бу жуда муҳим.
Реклама ва китобнинг ўзида ваъда қилингани каби инглиз тилини 6 ойда мукаммал ўрганиш мумкин деб ўйламайман. Чунки тил ўрганиш кўпроқ психологик жараён. Бу дегани тил ўрганишда жуда кўп нарса шахснинг ўзига боғлиқ бўлиб қолади. Ундан ташқари, тилни яхши ўрганиш учун кўпроқ амалиёт, кўпроқ гапириш керак. 6 ойда фақат тинглаб-тушуниш орқали тил ўрганиш, фикримизча, жудаям мураккаб. Китобда таржималарда хатолар кўп. Таржималар асосан сўзма-сўз бўлиб қолган”.
Чикагода истиқомат қилувчи, мутахассислиги амалий тилшунос бўлган тадқиқотчи, Northeastern Illinois University профессори Улуғбек Нурмуҳаммедов бу каби лойиҳаларнинг методик тарафи ҳақида фикрларини баён қилди.
“Booknomy қўлланмасида хатолар жуда кўп. Талаффуз ва иборалар нотўғри берилган. Илтимос, халқимизга тўғрисини айтинглар. Мен, масалан, ҳозир фақат гапиряпман, сизларни эшитмаяпман. Тилни ўрганишдан асосий мақсад гапириш, эшитиш эмас. Сизлар эса, фақат эшитишга эътибор қиляпсизлар.
Сизлар таклиф қилаётган усул audiolingualism деб номланади ва бу усул 1970-80 йилларда кенг тарқалганди. 40-50 йил аввал машҳур бўлган метод! Бу усулнинг жудаям кўп камчиликлари бор. Бу ҳақда Diane Larsen-Freeman ва Marti Anderson'нинг “Techniques and Principles in Language Teaching” китобида ёритилган.
Шунингдек, сизлар таклиф қилаётган усул – аудиолингвализм ва унинг камчиликлари ҳақида Marianne Celce-Murcia, Donna M. Brinton, Marguerite Ann Snow, David Bohlke ҳаммуаллифлигидаги “Teaching English as a Second or Foreign Language” рисоласида ҳам батафсил маълумот бор.
Рекламаларда, Ютубдаги видеолар бор, муаллифлар билан суҳбат бўлганмикан, деб қарасам муаллифлар гапирмаган. Бизнинг соҳа шунақа – унда аввало муаллифлар гапириши керак. Ота-оналарга маслаҳатим – Ўзбекистонда 100 доллар (booknomy дарслигининг чегирмасиз нархи 1 миллион юз минг сўм, тақрибан юз доллар) қандай пул билмайман, Чикагода бу пулга анча иш қилса бўлади. Ҳатто Стив Жобс ва Билл Гейтсларнинг китоблариям бунча пул турмайди. Анча арзон.
Фарзандингизга зиё истаб, китоб олмоқчимисиз, илтимос, уни ким реклама қилди, офиси қанақалигига эмас, муаллифига эътибор беринг. Дипломи борми-йўқми, илтимос, қизиқиб кўринг. Аудиолингвализм бу болани хонага қамаб қўйиб, фақат нон-сувини бериш каби. Бунда болангиз билан гаплаша олмайсиз. Чунки бола гапирмайди, у нималардир дейиши мумкин. Аммо сиз уни тушунмайсиз. Зеро, сиз болангиз билан гаплашмадингиз. Фақат эшитиш тил ўрганишга етарли эмас.
Шоу-бизнес вакилларига эса, тушунмадим. Бўлмаган нарсани оммага ялтироқ қилиб кўрсатишнинг нима кераги бор?” дейди Улуғбек Нурмуҳаммедов.
Booknomy дарслиги борасида қиёсий тилшунослик бўйича фан доктори, педагог ва ўқитувчи Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Лидс университети битирувчиси Нодира Исамуҳамедова жумладан шундай дейди:
“Booknomy'da инновацион янги метод асосида яратилган, деб тарғиб қилинган бўлса-да, бу фақат тинглашга асосланган метод 1950-йилларда АҚШда ҳарбийларни ўқитиш мақсадида қўлланилган. Бу методнинг асосидаги бихейворизм, яъни инсон онгли мавжудот эмас, ташқи таъсир ёрдамида автоматик равишда бошқариш мумкин бўлган (Павлов кучукларда ўтказган экспериментлар мисолида) объект сифатида қаратилган ғоялар психология ва педагогикада кенг танқидга учраган.
Аудиолингвал метод инглиз тили ўқитиш методикаси нуқтайи назаридан ҳам самараси суст ҳисобланади. Ҳеч ким ҳали фақат (ва фақат) тинглаб, бир куни чет тилида равон гапириб ёки ёзишни ўрганган эмас. Ҳозирги кунда чет тили ўрганишда коммуникатив метод – барча нутқ ва тил аспектларининг (гапириш, тинглаш, ўқиш, ёзиш, сўз бойлиги, грамматика, фонология) биргаликда ўрганилиши муҳим ҳисобланади.
Она тилини тинглаб ўрганамиз, инглиз тилини ҳам шундай ўргансак бўлади, дейиш нотўғри. Ёш боланинг она тилини ўрганиши билан катталарнинг чет тилини ўрганишлари орасида катта тафовут бор ва уларни таққослаб бўлмайди. Мен яшайдиган Канадада ҳам 30 йиллардан ортиқ шу ерда яшаб, мунтазам инглиз тилини тинглаб келаётган бўлса-да, инглиз тилида гапира олмайдиган, ёза олмайдиган иммигрантлар талайгина.
Китобда жуда кўп грамматик, лексик, стилистик, фонетик (талаффузда) хатолар нафақат инглиз тилида, ҳатто ўзбек тилидаги таржимасида ҳам мавжуд. Хато ўрганилган сўзларни келажакда нутқда тузатиш амри маҳол. Бундай ҳодиса тилшуносликда “қотиб қолган хатолар” дейилади ва уларни тўғрилаш жуда қийин.
Матнлар реал ҳаётдан олинмаган, ноаутентик, сунъий тузилган. Бундай матнларни ўқувчи ҳаётида инглиз тилида мулоқотга киришганда қўллай олмайди.
Нуфузли Оксфорд, Лонгмэн, Макмиллан каби халқаро нашриётлар чоп этадиган инглиз тилини ўқитиш бўйича сифатли, рангли, бехато, замонавий методларга асосланган, халқаро аппробациядан ўтказилган китоблар 20-30 АҚШ доллари атрофида туради”.
Китобларнинг ISBN рақамлари
Китобларга бериладиган уникал рақам – International Standard Book Number (ISBN)ни текшириб кўрдик.
Booknomy лойиҳаси Intensive English қўлланмасининг 2020 йил 27 январда босишга рухсат этилган нашрининг ISBN рақами 978-9943-6091-8-1. Бу орқали биз Санжар Одилов, Гулбаҳор Мирзалиева, Одилбек Икромов ва Нурмуҳаммад Даутов ҳаммуаллифлигидаги “INTENSIVE ENGLISH” китобини кўришимиз мумкин.
Китобнинг титул варағида эса, муаллифлар сифатида Шоҳижаҳон Абдуллаев, Шаҳбоз Маматқосимов ва Одилбек Икромовлар кўрсатилган. Нима сабабдан бундай қилингани бизга қоронғу.
Энди Tedbook лойиҳаси Innovatsion Ingliz tili қўлланмасининг 2020 йил 16 сентябрда босишга рухсат этилган нашрининг ISBN рақамини (978-9943-5117-7-4) қараб кўрамиз. ISBN рақам Г.Жуманазарованинг PARADIGMA нашриётида чоп этган “Бошланғич синф ўқувчилари учун инглизча-ўзбекча-русча луғат” китобига тегишли.
Бу ҳақда http://isbn.natlib.uz манзилида, 25636 тартиб рақамида турган линк орқали маълумот олиш мумкин. Лойиҳа муаллифлари ва раҳбарлари нима қилсак ҳам буни биров текширмайди, сезмайди ё ақли етмайди деб ўйлашганмикан? Ундан ташқари, бировнинг китобига тегишли идентификацион рақамни ўз китобига қўйиб сотувга чиқариш ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини лойиҳа муаллифлари ўйлаб кўришганмикан?
Мундарижа ва плагиат
Booknomy лойиҳасининг Intensive English китоби ичидаги матнлар интернетдаги турли саҳифалардан ўзгаришсиз кўчириб олинган. Масалан, 114-115-бетлардаги матн Википедиядаги Билл Гейтс ҳақидаги маълумотлар билан айнан бир хил (Early life бўлимига қаралсин).
Ёки АҚШлик сармоядор Уоррен Баффет ҳақидаги 116- ва 117-бетдаги матн ҳам Википедиядан нуқта-вергулигача кўчириб олинган. (10.1) (10.2)
Марк Цукерберг ҳақидаги маълумотлар ҳам Википедиядан кўчирилган.
Tedbook лойиҳаси эса бошқача усулни танлаган. Уларнинг китобидаги матн ва диалоглар негадир Cambridge University Press чиқарган Kid’s Box дарсликларининг бўлим номлари, матн ва диалоглари билан айнан бир хил. Шунингдек, Tedbook ва Kid’s Box'нинг аудиоёзувлари ҳам айнан ўхшаш. Эслатиб ўтамиз, Kid’s Box китоблар комплекти 8-10 ёшдаги болаларга инглиз тилини ўргатишга мўлжалланган.
Бу – илмий тилда плагиат деб аталади.
Бунга Tedbook ижрочи директори Абдурауф Олимов қуйидагича изоҳ берди: “Хитой тилида ҳам мен деган сўз бор, ўзбек тилида ҳам. Бу шунчаки тасодиф”.
Китобларни таҳлил қила туриб, яна бир шубҳали ҳолатга дуч келдик. Tedbook дарслигини нашрдан чиқарган “SITY BOOK” МЧЖ Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан Расулов Муҳаммадали Содиқжон ўғли ва Ибайдуллаев Авазбек Ғайратилло ўғли ҳаммуаллифлигидаги “TADEBOOK INNOVATION ENGLISH (Case I)” методик қўлланмаси учун гувоҳнома олган. Лекин қўлланма савдога негадир Tedbook бўлиб чиққан, Tadebook эмас.
Эслатиб ўтамиз, жаҳонга машҳур тилларни ўрганишнинг Ted method of learning languages номли ўзига хос усули ҳам бор. Мана бу ҳаволага кириб бу ҳақда маълумот олиш мумкин.
Ҳурматли ўқувчи, бу бизнинг кузатувларимиз маҳсули холос. Хулоса чиқариш эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Биз ёдга олган китобларнинг ижобий томонлари ҳам бордир, албатта. Зеро, улар ҳақида ижтимоий тармоқлар ва бошқа манбаларда эшитган, кўрган бўлсангиз ажаб эмас. Балки ораларингизда китоблардан фойдаланиб, лойиҳа муаллифлари айтганидек натижага эришганлар ҳам бордир. Агар шундай бўлса, биз пулингиз ва вақтингиз беҳуда кетмаганидан хурсандмиз.
Ушбу орқали бу китобларнинг муаллифлари ва яратувчиларига яратган маҳсулотлари камчиликлардан ҳоли эмаслиги ҳақида ўзимиз ва мутахассисларнинг фикрларини етказишга ҳаракат қилдик, холос. Умид қиламизки, улар бундан фақат ва фақат тўғри хулоса чиқарадилар.
Сўзимиз якунида Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасида ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланишини эслатиб қўйишни лозим топдик.
Шоакмал Исроилов
Монтаж устаси – Отахон Юсупов
Мавзуга оид
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
12:07 / 23.10.2024