NYT уруш бошидаги Россия-Украина музокаралари ҳужжатларини эълон қилди. Улардан нималарни билиш мумкин?
New York Times газетасида кенг кўламли босқин бошланганидан буён Россия ва Украина ўртасида ошкора ўтказилган янона тўғридан тўғри музокараларда муҳокама қилинган ҳужжатларнинг тўлиқ нусхалари нашр этилди. Бу музокаралар 2022 йил феврал ойи охири, март ва апрел ойлари давомида Беларус ҳамда Туркияда бўлиб ўтганди.
Ҳужжатлар Украина, Россия ва Европадаги манбалардан олинган, уларнинг ҳақиқийлигини музокараларнинг бевосита иштирокчилари ҳамда уларга яқин бўлган одамлар томонидан тасдиқланган, дея ёзади газета.
Ҳужжатлар мазмуни аввал ҳам қисман очиқланганди (уларни ҳатто Владимир Путиннинг ўзи ошкора намойиш этганди), аммо улар илк марта тўлиқ ҳолда нашр қилинмоқда.
Эълон қилинган файл — 15 апрел кунги келишув қораламасининг қайта ишланиб, Ғарб мамлакатлари ҳукуматларига инглиз тилида тақдим этилган варианти бўлиб, унда икки томон рози бўлмаган тузатишлар белгилаб чиқилган. Ҳужжат бошида бу айнан РФ президенти Владимир Путиннинг столига қўйилган версия экани таъкидланган. Ҳужжатда бир неча бор қандайдир географик харита эслаб ўтилади, аммо файлнинг ўзида харита йўқ.
Келишувда асосан қуйидаги бандлар бўлган:
- Украина доимийга бетараф мамлакат бўлиб қолади.
- Украина ҳарбий иттифоқларга кира олмайди, аммо ЕИга аъзо бўлиши мумкин.
- Кафил давлатлар ва келишув иштирокчилари Украина мустақиллиги ва суверенитетига риоя этиши шарт. Суверенитет бузилган тақдирда улар буни тинч йўл билан ҳал этишга уриниб кўриши керак.
- Украинага ҳужум қилинган тақдирда кафил давлатлар унга ёрдам кўрсатади, жумладан ҳарбий ёрдам ҳам.
- Украина суверенитетини ҳимоя қилиш билан боғлиқ моддалар таъсири Қрим ва Севастополга, шунингдек Украинанинг баъзи бошқа ҳудудларига (катта эҳтимол билан, гап ўша вақтда россиялик ҳарбийлар назоратида бўлган ҳудудлар ҳақида кетган) тааллуқли бўлмайди.
Нималар муҳокама қилинган, нималарга келишилган, нималарга эса йўқ?
Келишув лойиҳасида томонлардан бири рози, бошқаси эса қарши бўлган жойлар, шунингдек украин делегацияси муҳокама қилишдан бош тортган позициялар белгилаб кўрсатилган.
Украиналик музокарачилар Россиянинг барча санкцияларни бекор қилиш ва барча суд даъволарини тўхтатиш, шунингдек, мамлакат Халқаро жиноий судга тортилмаслиги бўйича талабларини муҳокама қилишни истамаган.
Ҳужжатда Украинада рус тили учун кафолатлар, унинг мақомини украин тили билан тенглаштириш, бу мамлакатда нацизм тарғиботини тақиқлаш бўйича бандлар ҳам бўлган. Аммо, эълон қилинган файллардан маълум бўлишича, Украина томони уларни муҳокама қилишдан бош тортган, чунки бу бандлар дастлабки ҳужжатда — 2022 йил март ойи охирида Истанбулда келишилган коммюникеда йўқ эди.
Шунга қарамай, матндан кўриш мумкинки, Украина Россиянинг ҳарбий иттифоқларга, биринчи навбатда НАТОга қўшилмаслик бўйича талабини бажаришга тайёр бўлган, бунинг эвазига Россия – Украинанинг Евроиттифоққа киришига монелик қилмаган.
Қолаверса, Украина мамлакат қуролли кучлари сонини, ракета тизимларининг ҳаракатланиш масофасини ва бошқа ҳарбий параметрларни чеклашга рози эди, аммо бу борадаги лимитлар юқорироқ қилиб белгиланишини талаб қилган. Масалан, Россия украин армиясидаги ҳарбийлар сонини 85 минг кишигача қисқартиришни сўраган, Украина 250 минг атрофидаги лимит ўрнатилишини истаган.
Ўшанда Қрим ва Донбасс мақоми масаласини 15 йил муддатга музлатиш кўзда тутилганди.
Музокаралар тўхтатилишига олиб келган асосий тўсиқ эса тажовузкор томонидан ҳужум қилинганида, кафил давлатлар (БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари бўлган АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия. РФ бу рўйхатга Беларус ва Туркияни ҳам киритмоқчи бўлган) томонидан ёрдам кўрсатилиши масаласи билан боғлиқ, ҳужжатга кўра, кафил давлатлардан бири Россия бўлиши лозим эди.
Украинага ёрдам бериш ҳақидаги қисмига Россия қуйидагича аниқлик киритмоқчи бўлган: «барча кафил давлатлар томонидан келишилган қарор асосида». Бундан ташқари, Россия Украинанинг зарурий қуроллар билан ёрдам кўрсатиш ҳамда мамлакат ҳаво кенгликларини ёпиш борасидаги истагига рози бўлмаган (булар урушнинг илк ойларида Украинанинг жаҳон ҳажамиятидан сўраган асосий нарсалари эди).
Моҳиятан, деб ёзади The New York Times, Россия ёрдам кўрсатишга вето қўйиш ҳуқуқини сўраган — ва яна Украинага ҳужум қилиб, бундай ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин эди. Агар нашр қилинган маълумотларга ишонилса, айнан шу талаб тинчлик музокаралари барбод бўлишида муҳим рол ўйнаган: украин делегация аъзоларидан бири газета билан суҳбатда шундай тузатиш пайдо бўлганидан кейин Киев «музокараларни давом эттиришга қизиқишни йўқотгани»ни айтган.
Ғарб музокараларга қандай муносабатда бўлган?
Путин украинларни ғарблик ҳамкорлари бу келишув шартларини қабул қилишдан қайтарганини айтганди. Айрим пропагандачилар буни тўғридан тўғри Буюк Британиянинг 2022 йил 9 апрелида Киевга келган бош вазири Борис Жонсонга боғлаган.
Жонсон кейинроқ BBC учун берган интервюсида у чиндан ҳам ҳудудлар Россияга берилишига қарши бўлгани тан олган, аммо Зеленский унинг ташрифини эслай туриб, Жонсон фақат Украина ён бериши учун босим остида қолишидан огоҳлантирганини, аммо Украина қилажак ҳар қандай танловни қўллашини билдирганини айтган. Уларнинг иккиси ҳам Россиянинг Украинага бошқа талаблари ҳақида ҳеч нарса демаган.
New York Times АҚШ ҳам украин делегацияси Россия билан муҳокама қилаётган шартлардан қаттиқ хавотирга тушгани ҳақида гапирган америкалик мулозимнинг сўзларини келтирган, ўшанда америкаликлар тўғридан тўғри шундай савол қўйишган: «Бу бир томонлама қуролсизлантириш эканини тушуняпсизми?»
The New York Times нашрида чиққан материал 15–16 июн кунлари Швейцарияда Украина, унинг ғарблик иттифоқчилари ҳамда дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари ва ташкилотлари иштирокида ўтаётган тинчлик конференциясига бағишланган. Унда Россия, Хитой ва яна бир қатор катта давлатлар қатнашмаяпти. Россия президенти Владимир Путин саммит арафасида Украинага урушни якунлаш учун Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларидан (РФ бу ҳудудларни ўзига қўшиб олинган деб билади) қўшинларини олиб чиқиш, шунингдек НАТО аъзолигидан бош тортиш шартини қўйди. Володимир Зеленский бу талабларни «ишониб бўлмайдиган навбатдаги ултиматум» деб баҳолади.
Мавзуга оид
08:31
AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024