Генерал Армагеддон: Украинадаги Россия қўшинларининг янги қўмондони ҳақида нималар маълум?
Манбалар у инфратузилмалар, жумладан фуқаролик объектларини ёппасига ўққа тутиш тарафдори эканини айтишган. Тайинлов ортидан Украинанинг фронт чизиғидан олисларда жойлашган шаҳарлари бўйлаб ракета зарбалари йўллаш бошланди.
Шанба куни Россия Мудофаа вазирлиги армия генерали Сергей Суровикин Украинадаги махсус ҳарбий операция ўтказилаётган ҳудудда мавжуд қўшинлар бирлашган гуруҳи қўмондони этиб тайинлангани ҳақида маълум қилди. Унинг тайинлови Рамзан Қодиров ва Евгений Пригожин томонидан олқишланди, ҳуқуқ фаоллари ва британиялик ҳарбийлар эса азалдан унинг ҳаддан ташқари шафқатсизлиги ҳақида айтиб келишади.
Сергей Суровикин 1966 йил 11 октябрда Россиянинг Новосибирск ҳудудида туғилган. Ҳарбий хизмат учун ордени, Қизил Юлдуз, Жасорат орденларига лойиқ кўрилган. У махсус топшириқли бўлинмалар таркибида Афғонистондаги урушда, Тожикистондаги қуролли можарода ва иккинчи чечен урушида ҳам қатнашган.
У илк бор 1991 йил августида, Москвада Борис Елцин тарафдорлари ва СССРни сақлаб қолмоқчи бўлган ҳарбийлар тўқнашуви вақтида Россия нашрлари саҳифаларида кўриниш берганди. Ўшанда капитан унвонида бўлган Суровикин «Москвада конституциявий тузумни тиклаш»га ҳаракат қилган кучлар буйруғи билан Садовое ҳалқа йўлидаги туннелда Оқ уйни ҳимоя қилган кучлар билан тўқнашган Таман дивизияси жанговар пиёдалар машиналари (БМП) колоннасига қўмондонлик қилган.
Суровикин унга йўл бўшатишни талаб қилади ва огоҳлантирувчи ўт очади, аммо ҳарбийларга тош ва бутилкалар улоқтиришади. Суровикин ёриб ўтишга буйруқ беради, шундан кейин бир неча ҳарбий машина баррикадани бузиб ўтиб, туннелга киради, Оқ уй ҳимоячилари эса қолган машиналарга чиқиб олишади. Натижада машиналардан бири уч кишини босиб ташлайди - москвалик Дмитрий Комарь, Илья Кричевский ва Владимир Усов ҳалок бўлади.
Исёндан кейин Суровикин етти ой давомида судни кутиб, «Матросская тишина» тергов изоляторида ётади. Аммо якунда у фақат буйруқни бажаргани туфайли унга қўйилган айбловлар олиб ташланади.
1995 йилда, Фрунзе номидаги ҳарбий академия тингловчиси эканида Суровикин тўппончани сотиб юборгани бўйича айблов билан судга тортилади. У айбловни тан олмайди ва ўзини «подстава» қилишганини айтади. Москва гарнизони ҳарбий суди уни ноқонуний қурол савдосига оид уч модда бўйича айбдор деб топади. Суровикин шартли жазога ҳукм қилинади, кейинроқ судланганлик ҳолати олиб ташланади.
2002 йилда Суровикин Бош штаб ҳарбий академиясини тамомлайди, икки йил ўтиб яна можарога аралашиб қолади. Бу вақтда Екатеринбургдаги дивизия командири сифатида хонасига ўз ўринбосари, полковник Андрей Штокални чақиради, у эса хонада ўзини отиб қўяди, ОАВда ёзишларича, бу «хонадаги баланд овозлар»дан кейин бўлган. Бундан олдинроқ, ўша йил мартида - маҳаллий сайловлар фонида Суровикиннинг ушбу ҳамкасби у ва яна бир қанча катта зобитларни сиёсий қарашлари учун уни калтаклашгани ҳақида айблаганди. Кейинроқ у прокуратурадан аризасини қайтариб олганди.
2004 йил июнида Суровикин Чеченистонда жойлашган 42-гвардия мотоўқчилар дивизияси командири этиб тайинланади. Суровикиннинг қўли остидагилар бир неча бор уруш қоидаларни бузишда айбланади. Бундай ҳолатлардан энг шов-шувлиси Бородзиновская станицасидаги (қишлоқ) «тозалаш» билан боғлиқ эди. 2005 йилда мазкур дивизия таркибидаги «Восток» батальони станицага ҳужум уюштирган. Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, жангчилар уйларга бостириб кириб, талончилик қилишган ва одамларни калтаклашган, авар ва рус миллатига мансуб аҳолини мактаб ҳовлисига ҳайдаб келган. Барча эркаклар қўллари боғланган ҳолда ерга юзтубан ётқизилган ва олти соат ёмғир остида қолишган, бу вақт давомида уларни калтаклашган.
Суровикин ўшанда аскарлар манзилига айбловлар батальон командири Сулим Ямадаевни «шарманда қилиш»га қаратилганини айтади, кўп ўтмай Ямадаев Россия Қаҳрамони унвонини олади, кейин эса Бирлашган Араб Амирликларида ўлдириб кетилади.
Донбасс ва Сурия
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдошларидан бўлган Леонид Волковнинг ёзишича, Қрим аннексия қилинганидан кейин Суровикин Донбассга Россия қўшинлари жўнатилишида қатнашган.
«2014 йилда Шарқий ҳарбий округни бошқарган генерал-полковник Сергей Суровикин негадир Шарқий Сибирда эмас, балки Ростов областида ишлаган. У бу ерда ўз қўли остидаги танк қисмларини, яъни «бурятлик танкчилар»ни Украина жануби-шарқига жўнатиш билан шуғулланган», дея ёзганди Волков 2016 йилда фейсбукдаги саҳифасида. Бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.
2011 йилда, ўша вақти Екатеринбург шаҳар думаси депутати бўлган Леонид Волков Суровикиннинг хотинига тегишли компания ноқонуний равишда имтиёзлардан фойдаланиб келиши ҳақида ёзганди; кейинроқ суд ундан бу баёнотига раддия беришни талаб қилган.
Мудофаа вазирлигида бир неча лавозимларда ишлаб чиққан Суровикин 2017 йил мартидан Россиянинг Суриядаги авиация гуруҳига раҳбарлик қила бошлайди.
Суровикин қўмондонлигида Россия авиацияси ҳаводан туриб Башар Асад тарафдори бўлган кучларни қўллаб-қувватлайди, жумладан мухолифат назоратидаги Сурия шаҳарларига бомбалар ёғдиради. Муқаддам ҳеч қачон авиацияда ишламаган Суровикин ўша йил ноябрида Ҳаво-космик кучлари бош қўмондони лавозимига тайинланади - бу авиация кучлари тарихида илк шундай ҳолат бўлганди.
Сурияда ҳам Суровикиннинг қўли остидагилар инсон ҳуқуқларини бузишда айбланади. Суриядаги Россия авиация гуруҳи тинч аҳоли яшовчи кварталларга зарбалар йўллашда, кимёвий қуроллар билан бомбардимон қилишда ва шифохоналарга авиазарбалар беришда айбланган.
Human Rights Watch ҳуқуқ ташкилотининг 2020 йилги махсус ҳисоботида Суровикин 2019-2020 йилларда Идлиб вилоятига ҳужум вақтида инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган (яъни ўз қўли остидагилар ҳаракатлари учун) қўмондонлардан бири сифатида кўрсатилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Россия авиацияси тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлиши муқаррарлигини англаган ҳолда фуқаролик инфратузилмаларига, жумладан, шифохоналарга зарбалар берганини таъкидлашган, бу New York Times нашрининг 2019 йилги суриштирувлари орқали ҳам тасдиқланган.
Сурия амалиёти якунларига кўра Суровикин Россия Қаҳрамони унвонини олади (шунингдек, каттагина моддий рағбатлантиришлар ҳам). 2017 йилда у Сурияда президент Владимир Путин билан учрашганди, ўшанда Путин Россия қўшинларининг катта қисми олиб кетилишини эълон қилиш учун Хмеймимдаги авиабазага борганди.
2021 йил августида Суровикинга армия генерали мақоми берилади (бу амалдаги офицерлар орасидаги энг юқори мартаба; кейинги даража — маршал — айни вақтда Россия армиясида ҳеч кимда бундай мақом йўқ).
Украина
23 феврал куни, Россия «ЛХР» ва «ДХР»ни тан олгач, аммо ҳали Россия армиясининг Украина ҳудудига кенг кўламли босқини бошланмаганида Суровикин бошқа қатор юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар, вазирлар ва пропагандачилар қаторида Евроиттифоқ санкцияларига учраганди.
Урушнинг илк давридаёқ Суровикин Украинада фуқаролик объектларига берилган зарбалар ва тинч аҳоли вакиллари ўлими муносабати билан қўзғатилган жиноий ишлардаги асосий фигурантлардан бири бўлади.
Россия қўшинлари Киев атрофидан чекиниб, асосий ҳарбий ҳаракатлар Украина жануби-шарқига кўчгач, Россия мудофаа вазирлиги илк бор Украинада ҳаракатланаётган кучлар қўмондонларини очиқлайди, улардан бири Суровикин эди.
У ўшанда жанубий йўналишда қўмондон этиб тайинланган - Жанубий ҳарбий округ раҳбарлигида генерал Александр Дворниковнинг ўрнини эгаллаганди.
Шу пайтгача Украинадаги урушда Россия қўшинларига ким қўмондонлик қилгани ҳақида расмий хабарлар берилмаганди. Апрел ойида матбуотда тарқалган маълумотларга кўра, қўшинларга генерал Александр Дворников раҳбарлик қила бошлаганди. Conflict Intelligence Team ўз манбаларига асосланиб, босқиннинг илк даврида Россия қўшинларига мудофаа вазири ўринбосари Геннадий Жидко қўмондонлик қилганини ёзган.
Июн ойи охирида британ ҳарбий разведкаси ёзишича, «Жанубий гуруҳ Россиянинг Донбассдаги юришларида марказий ролни ўйнашда давом этган». Ўшанда унинг гуруҳи Северодонецкни эгаллаганди. Британлар Суровикин «30 йилдан ортиқ ҳарбий фаолиятини коррупция ва шафқатсизлик асосида олиб боргани»ни қайд этишган.
Генерал Армагеддон
«Медуза» манбалари аввалроқ Суровикин кўтарилиши кутилаётганини хабар қилишганди. РФ президенти администрациясига яқин манба ва ҳукуматга яқин бўлган суҳбатдош Суровикинни РФ мудофаа вазирлигидаги муҳим лавозимлардан бирига тайинлаш ёки Донбассдаги гуруҳ қўмондонлигига ўтказиш масаласи муҳокама этилаётганини айтишганди.
Суровикиннинг тайинлови Украина қўшинларининг муваффақиятли қарши ҳужумлари ортидан рўй берди, улар октябр ойи бошида Донецк областининг Лиман шаҳрини озод этишди ва Россия қўшинларини Херсон области шимолидан сиқиб чиқаришди.
«Медуза» манбалари Суровикинни инфратузилмалар, жумладан фуқаролик объектларига ёппасига ракета зарбалари бериш тарафдори сифатида таърифлашган. «Суровикинда ҳеч қандай ҳиссиётлар йўқ», — дейди Россия ҳукуматига яқин манбалардан бири. Кремль таъсиридаги нашрлар Суровикиннинг тайинлови ҳақидаги материалларида у армияда Генерал Армагеддон лақаби билан танилгани, у бу номни «ўзининг ностандарт ҳаракатлари ва шафқатсизлиги» билан олгани қайд этилган.
Россияда унинг тайинланиши яқинда Лиман бой берилгани учун мудофаа вазирлиги раҳбариятини қаттиқ танқид қилган Евгений Пригожин ва Рамзан Қодиров томонидан оптимизм билан қаршиланди. Қодиров Суровикинни «ҳақиқий жангчи» деб атаган, Пригожин эса «афсонавий шахс». Пригожин 1991 йил августи воқеаларини ҳам эслаган. Унинг сўзларига кўра, Суровикин ўшанда «буйруқ берилгач, ҳеч иккиланмасдан танкка ўтирган ва ўз мамлакатини қутқариш учун отланган».
Суровикин тайинлови ортидан аввалига Запорижжя шаҳри ракеталар ёмғири остида қолди ва турар жой биноларига ракеталар келиб тушиши оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди. 10 октябр куни эса Украинанинг фронт чизиғидан олислардаги шаҳарларига ёппасига ракета зарбалари йўлланди.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024