Light | 21:35 / 12.06.2019
59029
3 дақиқада ўқилади

Олимлар кимлар секинроқ қаришини аниқлашди

Фото: Depositphotos

РИА Новости қандай кишиларда кексайиш жараёнлари секин кечишига ойдинлик киритди.

Кўпинча бу ҳолат ирсиятга боғлиқ. Бироқ фақат бу омилнинг ўзи сабабчи дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Бир неча тадқиқот натижаларига кўра, ёшликни ўз кучингиз билан ҳам узайтиришингиз мумкин экан.

Ҳамма бирдек қаримайди

2015 йилда Дьюк университети, Қуддусдаги Яҳудий университети ва Лондондаги Қироллик коллежи олимларидан иборат халқаро гуруҳ Янги Зеландиядаги Данидин шаҳрининг мингга яқин аҳолиси маълумотларини таҳлил қилган. Ўша вақтда тадқиқот иштирокчилари 26 ёшдан 38 ёшгача бўлганлардан иборат эди. Улар 12 йил давомида синчковлик билан кузатилган.

Аниқланишича, айримлар қолганларга қараганда уч марта тезроқ қаришган. Ўн икки ой давомида уч ёшга улғайишган. Қолганлар эса аксинча бир йилда 16 ярим ойни «яшашган». Тадқиқот иштирокчилари 38 ёшга тўлганида уларнинг биологик ёши 28 ёшдан 61 ёшгача бўлган турли кўрсаткичларни намойиш этган.

Мазкур тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, қариш суръати бор-йўғи 20 фоизгагина ирсиятга боғлиқ бўлган. Спорт билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш, мунтазам тиббий кўрик ва чекишдан воз кечиш катта аҳамиятга эга бўлган. Бундан ташқари, руҳий ёши ҳақиқий ёшидан катта бўлганлар тезроқ қаришган.

Ҳаракат-ҳаёт

Калифорния университети биологларининг хулосалари ҳамкасблари фикрини қисман тасдиқлаган. Улар 64 ёшдан катта бир ярим минг аёлнинг турмуш тарзини кузатиб, кам ҳаракатлилар тезроқ қаришини аниқлашган. Кунига ўн соатдан ортиқ вақт давомида ўтириш ҳолатида бўлганларнинг биологик ёши фаол тенгдошларига қараганда саккиз ёшга катталиги аниқланган.

Ёшликни узайтиришнинг яна бир ишончли усули – камроқ ширинлик истеъмол қилиш деб ҳисоблашмоқда инглиз ва немис ирсиятшунослари. Шакар ўрнига олимлар уролитинга бой маҳсулотларни тавсия қилишмоқда. Бу бирикма грек ёнғоғи, анор ва қулупнай таркибида мавжуд. Ҳаёт давомийлигини чили гармдориси, унинг таркибидаги капсаицин алкалоиди анчага узайтиради. У семизликка тўсқинлик қилади, юрак қон-томир ва ўпка касалликлари хавфини камайтиради. Америкалик олимлар эса одам қанча кам асабийлашса, шунча секин қарийди деган фикрни илгари суришган.

Мавзуга оид