Жамият | 15:50 / 23.10.2019
16081
6 дақиқада ўқилади

Ғиждувондаги ёпилиш хавфида қолган боғчалар: кимгадир битим керак, кимгадир йўл

Ўзбекистонда хусусий боғчалар барпо этишга рухсат берилгач, ташаббускорларга давлат томонидан эътибор ва арзон кредитлар тақдим этила бошлангач, кўпчилик «юрагида ўти борлар» ишга киришишди.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида бундай талабгорлар сони бошида 60дан ошиқ эди. Улардан фақат тўрт нафари кўзланган режаларини амалга оширишга муваффақ бўлишди.

Бироқ бугунги кунда келиб улар муаммолар гирдобида қолишгани сабабли дардларига масъуллар қулоқ тутишини сўраб Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди. Бирин-кетин уларни қийнаётган муаммолар билан танишдик.

 Машҳура опа етишолмаётган «битим»

Ғиждувон туманининг «Қўрғон» маҳалласида 150 ўринли хусусий боғча қуришга бел боғлаган Машҳура Эшмуродова бугун ўзи тўқнаш келиб турган муаммоларга дучор бўлишини билганида асло бу ишга бош қўшмас эди.

У аёл боши билан барпо этаётган боғча биноси қад кўтарган чоғда ишлар тўхтаб қолди. Нега?

«Президентимиз ташаббус кўрсатиб хусусий боғчаларга кенг йўл очиб бергач, имкониятлар тақдим этгач, руҳланиб шу ишга қўл урдим. Мактабгача таълим вазирлиги вилоят ҳокимлиги уч томонлама битим имзолаб берди, бироқ у вақтда лойиҳа смета ҳужжатларимиз тайёр эмас эди. У пайти бирортамиз тўлиқ тушунчага ҳам эга эмасдик. МТВдан келиб мутахассислар кўриб ўрганиб кетишди, ишларни тўхтатманглар, ёрдам берамиз, боғчани ўз вақтида ишга тушириш керак дейишди. Кредит олганман 1 фоизлик, аёл бошим билан шу ҳолатга келтирдим. 2 млрд 800 миллион сўм ажратиб беришлари керак эди. Лекин тушунчага эга бўлмаганимиз сабабли кам сумма ажратилган. Қўшимча битим қилиб берамиз, деб ваъда беришган эди. 9 ойдан бери 25 марта вазирликка бордим. Лекин нуқул ваъдадан нарёққа ўта олишмаяпти», — дейди Машҳура Эшмуродова.

Машҳура Элмуродова ўша тузилган эски битимни ҳали қўлига ушлаб ҳам кўрмаганини айтиб ўтди. Хуллас, у ўзи дуч келган муаммоларнинг охирини кўра олмаяпти.

 Битмаётган «Гўзал-Нодирабегим»

«Қассобон» маҳалласида Диловар Жўраева томонидан барпо этилаётган «Гўзал-Нодирабегим» мактабгача таълим муассасаси ҳам шу аҳволда. Молия вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги билан тузилган битимда кўрсатиб ўтилган кредит маблағларини тўлиқ кўчириб бермаяпти. Боғча қурилишида ишлар жуда суст кетмоқда.

«Бошланғич лойиҳа бўйича 70 ўринли боғча қурилиши керак эди. Ҳозир 140та ўринга боғча тайёрлаяпман. Битим бўйича менга 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши керак эди. Боғча қурилишига шунинг тенг ярми — 752 миллион сўм ажратилган», — дейди Диловар Жўраева.

Энг қизиғи, Диловар Жўраеванинг мурожаатларига жавобан Мактабгача таълим вазирлигидан боғча тўлиқ молиялаштирилган, деган жавоблар ҳам келмоқда.

Материални тайёрлаш асносида маълум бўлдики, Машҳура Эшмуродова ва Диловар Жўраева ўзларини қийнаётган муаммо бўйича Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин билан шахсан учрашишган. Вазир уларга ёрдам беришни ваъда қилган.

Фермер очган боғча

Ғиждувонлик таниқли фермер Акмал Ҳалимов томонидан очилган, хорижий тиллар чуқурлаштириб ўргатиладиган «Доно-Чемпион» мактабгача таълим муассасасидаги муаммолар ҳам битим билан боғлиқ бўлса-да вазият бироз бошқачароқ. Боғча қурилиши бошланганида ишлар тезлаштирилиши учун ҳокимлик банкдан бир фоизлик кредит олишда ёрдамлашган.

Бироқ ҳануз уч томонлама битим имзоланмагани туфайли, банк ўша кредитни фоизлари жуда катта тижорий кредитга қайта расмийлаштирмоқчи. Боғча эса ҳали тўлиқ битказилмаган.

 «2017 йилда боғча қурилишини бошлаган эдик. 2018 йилда очилди. 1,5 йилдан буён ишлаб турибди. 1,5 йилдан бери давлат-хусусий шерикчилик бўйича битим имзоланмаяпти. Давлат тақдим этган имтиёзлардан фойдалана олмаяпман. Бир неча бор вазирликка бордим, барча инстанцияларга мурожаат қилиб чиқдим. Менга қўшимча пул ҳам керакмас, шунчаки мен олган пулимга битим имзолаб беришса бўлди», — дейди А.Ҳалимов.

Тадбиркор шартнома қилинган 1 млрд 700 миллион сўм пулдан 1 млрд 180 миллионини олиб, боғча қурилишига ишлатган.

Боғча истеъмол қилаётган электр энергияси ва табиий газ учун тўлиқ ҳақ тўламоқда. Ҳолбуки, битим имзоланганида, коммунал тўловлар учун эллик фоиз чегирма бўлар эди.

«Бир мавсумда 30 миллион сўмлик газ ёқаман. Болаларни иссиқда сақлаш керак. Бу туришда хонавайрон бўламан. Болалар учун боғча ҳақини ошириб бўлмаса. Ишлар шу зайлда кетаверса, боғчани ёпишдан бошқа иложим қолмайди», - дейди Акмал Ҳалимов.

Боғча айни пайтда фаолият кўрсатмоқда. Болажонлар учун бу ерда барча шароитлар муҳайё қилинган. Тўрт маҳал иссиқ овқат берилади. Болаларга тил ўргатувчи мураббиялар Бухоро шаҳридан қатнаб ишлашар экан.

Боғча ҳовлисига йўл ахтараётган тадбиркор

Меҳринисо Мирзаева томонидан мослаштирилган бинода барпо этилаётган «Маржон-Эъзоза» боғчасида ҳам иш қизғин. Фақат бу ерда бошқа бир муаммо кўндаланг бўлиб турибди. Боғча ҳовлисига ўтиш учун катта кўчадан ҳеч бўлмаганда битта машина сиғадиган йўлак керак.

Унинг Ғиждувон туман ҳокимлигига бу борадаги мурожаатлари жавобсиз қолмоқда. Аввалига ёрдам қилишни ваъда берган масъуллар унга энди боғча ёнидаги тадбиркор билан ўзаро келишишни маслаҳат беришмоқда. Қўшни тадбиркор қўшимча ер учун талаб этаётган пул эса боғча қураётган опада йўқ.

Бу боғчага ўт ўчириш машиналари кира олиши учун йўлак албатта керак. Бусиз боғча ўрнатилган талабларга жавоб бера олмай ҳам қолади. Ўйлаймизки, Ғиждувон туман ҳокимлиги ва мутасадди идоралар яна бир болалар таълим маскани тўлақонли фаолият кўрсатиши учун ўз ёрдамларини аяшмайди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи.

Мавзуга оид