Ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 2 млрд сўмлик сигарет йўқ қилинди
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг тезкор тузилмалари бошқа идоралар билан ҳамкорликда 5 та ҳолатда қарийб 172,4 минг қути тамаки маҳсулотларини ноқонуний муомаладан олиб қўйган. Мазкур тамаки маҳсулотлари жамоатчилик иштирокида ёқиб юборилди.
16 май куни Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган, қиймати 2 млрд сўмлик 172 392 қути тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказилди. Унда божхона, экология, санитария-эпидемиология хизмати вакиллари, мажбурий ижро тузилмалари ходимлари иштирок этди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг тезкор тузилмалари бошқа идоралар билан ҳамкорликда 5 та ҳолатда 172 392 қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний муомаладан олиб қўйган.
Жумладан, биргина 2023 йил 24 август куни ўтказилган тезкор тадбирда 2 нафар фуқаро муқаддам мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтилган 32 номдаги 154 320 қути тамаки маҳсулотларини яшаш хонадонида сақлаб келаётгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2024 йил 23 февралдаги ҳукми билан ушбу шахслар Жиноят кодексининг 1861-моддаси 3-қисми “а” бандида (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланган. Уларга 4,5 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Тадбирда суд ҳукми билан йўқ қилиниши белгиланган тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди. Маълум бўлишича, ашёвий далил тариқасида олинган, қиймати 2 млрд сўмлик 172 392 қути тамаки маҳсулотлари хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, улар рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган ва акциз маркалари билан қадоқланмаган.
Расмийларга кўра, йўқ қилинган тамаки маҳсулотлари қуйидагиларга кўра контрафакт ва сифатсиз ҳисобланади:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Aлкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун талаблари бузилган бўлиб, тамаки маҳсулоти қутисида тиббий огоҳлантириш, яъни тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборотлар мавжуд эмас.
Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Aйрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республика ҳудудида барча тамаки маҳсулотлари махсус код билан маркировкаланиши шарт этиб белгиланган бўлса-да, ушбу тамаки маҳсулотлари маркировкаланмаган.
Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тамаки маҳсулотларига ва спиртли ичимликларга акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, акциз солиғи йиғимининг тўлиқлиги устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек, нолегал ишлаб чиқаришнинг ва республика ҳудудига келтиришнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган тамаки маҳсулотлари мажбурий равишда акциз маркалари билан маркаланиши лозим. Бироқ ушбу ҳолатда тамаки маҳсулотларида акциз маркалар мавжуд эмас.
Қайд этилишича, божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2023 йилда аниқланган 291 та ҳолатда қиймати 92,2 млрд сўмлик 5,7 млн қути, жорий йилда эса 196 та ҳолатда қиймати 17,7 млрд сўмлик салкам 798 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.