Жаҳон | 20:41 / 21.07.2024
9189
3 дақиқада ўқилади

Бангладешда суд намойишларга сабаб бўлган квоталарни бекор қилди

Тартибсизликлар вақтида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Фото: AFP

Бангладеш олий суди талабалар намойишларини келтириб чиқарган ва 100 дан ортиқ киши ўлимига сабаб бўлган, давлат лавозимларининг катта қисми уруш фахрийларининг қариндошлари учун банд қилинишини кўзда тутувчи квота тизимини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Олий суд июн ойида қуйи инстанция судининг давлат лавозимларининг 56 фоизи асосан Покистонга қарши мустақиллик уруши иштирокчиларининг қариндошларига тақсимланиши тўғрисида июн ойида қабул қилган қарорини бекор қилган.

Бангладеш бош прокурори Амин Уддин Reuters агентлигига маълум қилишича, олий суд қарорига кўра, давлат иш ўринларининг 93 фоизи квоталаш тизими асосида эмас, номзодларнинг касбий лаёқатига кўра тўлдирилади, фақат 5 фоиз ўрин уруш қатнашчиларининг қариндошларига, 2 фоизи этник озчилик вакиллари ҳамда ногиронлар учун ажратилади.

Мамлакатда 1972 йилдан буён мавжуд бўлган квоталар тизими давлат секторидаги иш ўринларининг учдан бир қисми 1971 йил Покистондан мустақил ажралиб чиқиш учун олиб борилган уруш фахрийларининг қариндошларига ажратилишини кафолатлаган. Шунингдек, аёллар, этник озчилик вакиллари ҳамда имконияти чекланган одамлар учун квоталар ажратилганди.

2018 йилда Бангладеш ҳукумати квоталар тизимини бекор қилади, аммо 2024 йил июнида суд уни тиклашга қарор қилади, аммо мамлакат мустақиллиги учун курашганларнинг авлодлари учун квоталар янада ошириб берилади. Бу эса бутун мамлакат бўйлаб талабалар намойишлари бошланишига сабаб бўлди, сўнгги кунларда намойишчилар ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Бангладешдаги тартибсизликлар чоғида 114 киши ҳалок бўлган. Маҳаллий нашрлар эса қурбонлар сони кўпроқлиги, жума кунининг ўзида 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлганини ёзмоқда. 18 июлдан буён мамлакатда интернет ишламаяпти, натижада 170 миллион аҳоли яшовчи мамлакат ташқи дунёдан узилиб қолган. Тартибсизликлар юзага келиши туфайли ҳукумат комендантлик соати жорий этган. Олий суд қароридан кейин комендантлик соати амал қилиши тўхтатилиши аниқ эмас.

Бангладеш бош прокурори Reuters мухбирига ҳукумат зўравонлик ишлатилишида айбдорларни топиши ва уларга қарши қатъий чоралар кўрилишини маълум қилган. «Талабалар улар ҳеч қанақасига Бангладешда 15 июлдан буён кузатилаётган зўравонликлар ва ўт қўйишларга алоқадор эмасликларини аниқ тушунтиришди», — деган Амин Уддин журналистларга. У суд қароридан кейин Бангладешда «одатий ҳаёт тарзи тикланиши», «яширин мотивларга эга одамлар» эса аҳолини қўзғашни бас қилишига умид билдирган.

Бангладеш — жаҳоннинг иқтисодиёти энг тез ўсаётган мамлакатларидан бири, аммо бу ўсиш университетларни битирганлар учун иш ўринлари яратишга етарли бўлмаяпти. Баҳоларга кўра, 18 миллион атрофидаги ёш бангладешликлар ишсиз ёки янги иш излаш ҳолатида қолмоқда.

Университет битирувчилари ўртасидаги ишсизлик даражаси уларнинг пастроқ маълумотга эга тенгдошлари орасидагига қараганда юқорироқ.

Мавзуга оид