Европарламент сайловлари: Макрон ва Шолцнинг партиялари Украинага ёрдам бермаслик тарафдорларига ютқазди
Украинага ёрдам беришга қарши чиққан мухолифатчилар Германия ва Франция раҳбарлари мансуб бўлган партияларни Европарламент сайловларида мағлубиятга учратишди. Франция президенти Эммануэл Макроннинг «Ренессанс» партияси (15,2 фоиз) Марин ле Пеннинг «Миллий уюшма»си (32 фоиз)га нисбатан 2 баробар камроқ овоз тўплади.
Сайлов натижалари эълон қилингач, Макрон Миллий йиғин (парламентнинг қуйи палатаси)ни тарқатиб юборди ва 30 июн ва 7 июл кунларига навбатдан ташқари парламент сайловлари белгилади. Сўнгги марта Франция президенти парламентни 1997 йилда тарқатиб юборган эди.
Ўз навбатида, Германияда Европарламентга сайловларда мухолифатдаги «Христиан демократлар иттифоқи/Христиан социалистлар иттифоқи» консерватив блоки сайловчиларнинг 29,5 фоиз овозини тўплаб, ғолиб чиқди. Украинани қўллаб-қувватлашга қарши ва Россия билан музокаралар бошлашни талаб қилаётган ўнг популистик «Германия учун муқобил» партияси 16,5 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади. ГФР канцлери Олаф Шолцнинг социал-демократик партияси 14,1 фоиз овоз билан фақат учинчи ўринни эгаллай олди. Шундай қилиб, Шолцнинг партияси Европарламент сайловлари тарихида энг ёмон натижани кўрсатди.
Лекин барибир Европа Иттифоқи давлатларининг кўпчилигида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен раҳбарлик қилаётган Европа халқ партияси ғалаба қозонган. Дастлабки маълумотларга кўра, ЕХП 26,25 фоиз овоз тўплаган ва 720 ўринли Европарламентдаги 189 та ўринни ўзиники қилган.
«Эртагаёқ биз янги ва кучли кўпчиликни шакллантириш, ҳаммаслакларимиз ўртасида кўприк қуриш устида иш бошлаймиз. <…> Европарламентдаги янги кўпчилик европапараст ва украинапараст бўлади», — деб ваъда қилган фон дер Ляйен.
Эммануэл Макрон Марин Ле Пен бошчилик ултраўнгларнинг Европа парламентига сайловдаги ғалабасидан сўнг, мамлакатда муддатидан аввал парламент сайловларини эълон қилди.
Агар Ле Пеннинг «Миллий уюшма» партияси парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритса, Макронда ички масалаларга таъсир ўтказиш учун камроқ имконият қолади.
Миллатга мурожаатида Макрон парламент сайловлари 30 июнга, иккинчи тур эса 7 июлга белгиланганини эълон қилган.
Белгияда бош вазир Александр де Кроонинг либерал партияси бўлмиш Open Vld ўта ўнг партия — «Фламанд манфаати»нинг кучайиши фонида федерал ва ҳудудий парламентларга сайловларда ютқазган. «Фландрияда дастлабки маълумотлар «Фламанд манфаати»нинг парвози ва Open Vld’нинг шўнғишини кўрсатмоқда», — деб хабар берган Белгиянинг RTBF телеканали.
Болгарияда «Фуқаролар Европага хос ривожланиш учун» ва Демократик кучлари иттифоқи партиялари коалицияси мамлакатда ўтказилган муддатидан аввалги сайлов ва Европарламентга сайловда етакчилик қилмоқда, деб хабар берган Novinite нашри.
Австрияда эса Россияга қарши қўлланган санкцияларни танқид остига олиб келувчи Австрия озодлик партияси Европарламентга ўтказилган сайловда 27 фоиз овоз тўплаб етакчилик қилмоқда, деб хабар беради Kurier нашри. Иккинчи ва учинчи ўринлар учун қаттиқ кураш кечган. Канцлер Карл Неҳаммернинг Австрия халқ партияси 23,5 фоиз овоздан умид қилиши мумкин, социал-демократлар 23 фоиздан камроқ овоз тўплаган.
Финландияда бош вазир Петтери Орпонинг Миллий коалицион партияси Европарламентга ўтказилган сайловларда етакчилик қилмоқда.
Словакиянинг россияпараст етакчиси Роберт Фицонинг «Курс — социал демократия» партияси Европарламентга ўтказилган сайловда 24,76 фоиз овоз жамғариб, муваффақиятсизликка учраган. Мухолифатдаги «Прогрессив Словакия» сиёсий кучи 27,81 фоиз тўплаган.
Шунга қарамасдан ҳар бир партия Европарламентда аввалгисидан иккитага ортиқ ўрин эгаллайди.
Умуман олганда, ўнг марказчи Европа Халқ партияси Европанинг янги парламентда яна етакчи фракциялигича қолади. Бу ҳақда Reuters агентлиги Австрия, Германия, Греция, Кипр ва Нидерландиядаги экзет-полларга асосланиб, хабар бермоқда.
Мавзуга оид
18:56
ЕИ Хитой компанияларидан ишлаб чиқаришларини Европага жойлаштиришни талаб қилади
15:36 / 18.11.2024
Трюдо Шолцнинг Путинга қўнғироқ қилиш қарорини қўллаб-қувватлади
13:49 / 18.11.2024
Молдовадаги сайловлар: КС шикоятлар туфайли натижаларни ҳали тасдиқламади
13:15 / 18.11.2024