Жаҳон | 11:32 / 20.06.2024
2878
3 дақиқада ўқилади

АҚШ корпорацияси Украинада ўқ-дорилар ишлаб чиқаради

Northrop Grumman Украинада ўрта калибрли ўқ-дорилар ишлаб чиқарадиган биринчи Америка мудофаа компаниясига айланади, деб ёзади Breaking Defence.

Фото: Ignacio Marin/Anadolu via Getty Images

Американинг Northrop Grumman ҳарбий-саноат корпорацияси Украинада ўрта калибрли ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда компания вакили Дэйв Бартеллга таяниб, 19 июн, чоршанба куни Breaking Defence хабар берди. «Northrop билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш шартномаси АҚШнинг йирик мудофаа пудратчиси ва Украина ҳукумати ўртасида Украинада ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича очиқ тасдиқланган биринчи келишувдир», — дейилади нашрда. 

Парижда бўлиб ўтган Eurosatory 2024 халқаро кўргазмасида сўзга чиққан Бартеллнинг сўзларига кўра, лойиҳа келажакда 155 мм калибрдаги танк ва артиллерия ўқ-дорилари, шунингдек, бошқа снарядларни ишлаб чиқаришни қамраб олиши режалаштирилган. Northrop вакили режанинг тафсилотларини келтирмади. 

Давлат котибининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси ўринбосари Стэнли Браун, ўз навбатида, Давлат департаменти Украина мудофаа саноати базасига 2 миллиард доллар сармоя киритишни назарда тутувчи янги дастури АҚШ-Украина қўшма ишлаб чиқаришини янада кенгайтириш учун эшик очиши мумкинлигини таъкидлади. 

Northrop Grumman штаб-квартираси Виржиния штатида жойлашган. Корпорация мудофаа даромадлари бўйича дунёда учинчи ўринда туради, бу йилига тахминан 32,5 миллиард долларни (30 миллиард евродан ортиқ) ташкил этади. 

Украинада Rheinmetall ва «Укроборонопром» қўшма цехи очилган

Украинада «Украинская оборонная промышленность» давлат компанияси (собиқ «Укроборонпром») ва Германиянинг Rheinmetall концерни зирҳли транспорт воситаларини таъмирлаш ва ишлаб чиқариш бўйича биринчи қўшма цехи очилди, дея маълум қилди 10 июн куни Украина стратегик саноат вазири Александр Камишин. Унинг сўзларига кўра, «украиналик мутахассислар цехда Германиядан келган ҳамкасбларининг техник назорати остида ишлайди» ва «Украинада солиқлар тўланади».

Ўз навбатида, Украина мудофаа вазири ўринбосари Дмитрий Клименков «Украинская оборонная промышленность» ва Rheinmetall биринчи қўшма цехининг очилиши Украина мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. «Бу бизга немис техникасини тўғридан тўғри Украина ҳудудида тезкор таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни таъминлаш имконини беради, бу эса Қуролли кучларимиз самарадорлигини сезиларли даражада оширади», — дея унинг сўзларини келтиради «РБК-Украина» интернет-нашри. 

Rheinmetall ҳар йили ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинада 155 мм калибрдаги НАТО артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, Киев уларни ҳозирча фақат импорт қилиши мумкин. Дастлабки снарядлар 2025 йилнинг ёзида Украинадаги ишлаб чиқариш линиясидан чиқиши кутиляпти. 

Мавзуга оид