Ўзбекистон | 17:10 / 05.05.2019
26575
9 дақиқада ўқилади

Шерзодхон Қудратхўжаев: Инсонда она Ватан, ота-она ва миллий тил иккитадан бўлиши мумкин эмас!

Халқаро-Пресс клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев фейсбукдаги саҳифасида давлат тили ҳақидаги мулоҳазаларини баён қилди.

Мен болаликдаги ҳаётимни эсласам, ўша даврларда жудаям қизиқ бўлган, ўзига хос тарзда кечган. Мен ҳам ўша даврдаги тенгдошларим қатори совет даврида туғилдим, таълим олдим, балоғатга етдим. Ёшлигим асосан ўзбеклар яшайдиган маҳаллада ўтди. Маҳалла учун бир нотабиий ҳолат: болалар боғчасида русийзабон гуруҳда тарбия топдим.

Шунингдек, ўрта мактаб ва университетда ҳам Оврупо гуруҳида таълим олдим. Мутахассис бўлиб етишишдан ташқари рус тилини ҳам мукаммал ўргандим. Шунинг учун эскитдан рус тилида эмин-эркин гаплашаман, ёзаман, ижод қиламан, кўрсатувлар олиб бораман. Кейинчалик касбий эҳтиёжлар пайдо бўлгани сабабли инглиз тилини, шунингдек, туркча сўзлашишни хам ўргандим. Бугун қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, уйғур, татар, бошқирд ва ҳатто тожик тилларини тушунаман, оз-оз бўлса-да фикримни тушунтира оламан.

Лекин болалик давримдан бошлаб ўз она тилим – ўзбек тили мен учун бош ва асосий тил. Ўйлайманки, ҳар қандай соғлом, ўзини ҳурмат қилган одамда ўз она тилига муносабат шу каби бўлиши керак. Инсонда она Ватан, ота-она ва миллий тил иккитадан бўлиши мумкин эмас. Тўғри, одам бошқа тилларда ҳам эркин ва муфассал сўзлаша олиши, хорижий тилдаги китобларни ўқиб завқ олиши табиий бир ҳол. Лекин, ҳар бир камолга етган инсон учун унинг ўзлигини англаши фақат она тили орқали кечади. Ҳар қандай ор-номус ва пок виждонга эга бўлган ҳазрати инсон ўз она тили турганида бошқа бир тилга расмий мақомни беришни сўраб юрмайди.

Ўзбек тили кеча пайдо бўлган тил эмас. Ўзбек тили олтой тиллар оиласининг туркий тиллар туркумига киради. Бу тил туркий тиллар ичида марказий ўринни эгаллайди. Ўз даврида Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилининг бошқа туркийларда бўлмаган сифатларини очиб берди ва бу тилни ниҳоятда бой ва жозибадор эканлигини ўз ижоди билан исботлади ҳам. Ўзбек тилининг форсий-тожик тилларидан ҳеч қандай кам жиҳатлари йўқ эканлигини турли далиллар билан кўрсатиб берди.

Совет даврида қатағонлик даври – 1937 йилдан мустақиллик давригача ўзбек тили коммунистик мафкура, тоталитар сиёсат ва мустабидлик остида камситиб келинди. Ўша даврда ўзбек халқининг ўз она тилида сўзлашиши байналмилалчиликка зид, деб талқин қилинди. Ҳамон эсимда, ҳатто мактабда, транспортда, кўчаларда ўзбекча гапирсак, бизга жеркиб беришарди ўзбекча гапирма деб, давлат идораларидаги манзарани энди тасаввур қилаверинг...

Миллий тилимиз – ўзбек тили мустақиллик даврига келиб эркинликка эришди, миллатни ривожлантиришнинг энг асосий омилларидан бирига айланди. Аммо бизнинг хатойимиз салкам 30 йил давомида «Ўзбек тили тўғрисидаги» Қонунни қабул қилдик, энди у Давлат тили деб бепарво юравердик.

Тўғри, ҳозир дунёда икки давлат тилли – Канада (инглиз, француз), Голландия (нидерланд, ғарбий фриз), Беларусь (беларусь, рус), Финляндия (фин, швед), Ирландия (ирланд, инглиз), Кипр (юнон, турк), Исроил (иврит, араб), Ҳиндистон (ҳинд, инглиз), Ироқ (араб, курд), Филиппин (филиппин, инглиз), шунингдек, икки тилдан кўпроқ тилларга давлат тили мақоми берилган мамлакатлар – Бельгия (француз, нидерланд ва немис), Буюк Британия (инглиз, ирланд ва шотланд), Люксембург (люксембург, француз, немис), Швейцария (немис, француз ва итальян), ЖАР (11та тил, жумладан, инглиз, африканс, венда, зулу, коса), Янги Зеландия (инглиз, маори ва янги зеланд имо-ишора тили) ҳозирга қадар яшаб келмоқда. Чунки, бу давлатлар иккита тил бўлиш учун асос мавжуд: ана шу тилда сўзлашишга эҳтиёж сезадиган миллатлар яшайди. Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 2 фоизини рус миллати ва 8 фоизини русийзабонларга мансуб аҳоли ташкил этса-ю, яна рус тилига расмий мақом беришни истайдиганлар қандай мантиқийликка асосланяптилар?

Мен тил масаласида айрим одамлар кўтарган масаладан жуда ҳам таажжубдаман. Нима учун баъзи катта авлод вакиллари Ўзбекистон Республикасининг мустақил ва суверен давлат эканлигини англашни исташмаяпти?

Нима учун Мустақиллигимизнинг ўтган 27 йили ичида уларда ўз миллий тиллари ва мамлакатини севиш ҳис-туйғулари шаклланмади? 

Нега улар Ватан битта ва танҳо эканлигини англай олишмаяпти? 

Нега улар миллий тилимизга янги шерик топишга ҳаракат қилмоқда? 

Улар орасидаги ижод аҳли, олимлар нега шунча йиллар давомида тилимизни ривожлантирмади?

Нега бу масала миллатлараро низо ва тортишувларга олиб келишини англамаяптилар?

Бу масалани кўтараётган бир гуруҳ катта авлод вакиллари ёшларга намуна бўлиш ўрнига, яна ўша эски замонни, «социалистик» ўтмишни қўмсаётганини тушуниш жуда ҳам қийин, албатта. Ҳурматли кекса авлод вакиллари, аввало шуни билинглар: ўша машъум совет даври энди қайтиб келмайди, орқага қайтадиган кўприклар ёниб кетган. Орқага қайтувчи йўллар ҳам қолмади. Миллат ҳам ўзгарди, Ўзлигини қайтараётган миллат бу.

Лекин, ҳар қандай ҳодисанинг бир неча ҳикмати бўлади. Тил масаласида кўтарилган бу шов-шув гапларни барча зиёлилар, айниқса ижодкорлар ҳам ўйлаб кўришлари лозим. Она тилимизни янада ривожлантиришга, унинг ажиб ва ноёб оҳангларини бойитишга, бу тил замирида қанчадан-қанча бойликлар ётганини очиб беришга ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим. Зеро, истиқболда фарзандларимиз, дўстларимиз, миллатдошларимиз ҳам бир-бирлари билан ўзбек тилида гаплашсинлар...

Сизларга оддий мисол келтирмоқчиман: гар хорижга, масалан, дейлик Туркияга борсангиз, у ерда турклар сиз қандай миллатга мансуб бўлишингиздан қатъи назар турк тилида сўзлашади. Улар бизларга ўхшаб, 10 -15 киши ўз она тилида гаплашиб турганида битта ажнабий қўшилса ликиллаб уни тилида «твая-мая» қилмайдилар.

Ёки, агар Хитойга борсангиз, Хитой аҳолиси сиз билан фақат чин тилида сўзлашади. Улар сизни ўз миллий тилида сўзлашишга, ўз ери, ўз миллати ва албатта, ўз тилини ҳурмат қилишга мажбур этади. Шундай экан, нега биз фақат ўз тилимизда сўзлашмаймиз, нега она тилимизни ҳурмат қилишга бошқалар тугул, ҳатто ўзимизни мажбур этолмаймиз?! Мен бу каби ҳолатларни ҳеч тушунолмайман. Аммо баъзилар она тили аҳамиятини сеза олмагани, уларнинг хоҳишлари миллат тақдиридан-да юқори қўйгани мени ҳайратга солмоқда.

Яна шуни айтмоқчиманки, агар ҳозир кекса авлод вакиллари кўтарган бу масалани ҳозир тўғри ҳал этмасак, кунлар ўтиб унинг оқибатлари бизга жуда ҳам қимматга тушади. Энг ачинарлиси, бу масалага ташқаридагилардан бирортасини айбдор этолмаймиз. Чунки, бу оқибатларга фақат ўзимиз – биз ўзбеклар айбдор бўламиз.

Зеро, Абдулла Авлоний айтганларидаёқ, «Миллий тилни йўқотмоқ – миллатнинг руҳини йўқотмоқ»дир.

Хўш, нималар қилмоқ даркор десак, ИМҲОларим шундай:

– Интернетда ўзбекча контентни кескин кўпайтириш (Википедия, Google), ўзбек тилидаги веб-сайтлар, e-кутубхоналар сонини кўпайтириш, сифатини ошириш;

– Миллий кино ва театр, маданий соҳада инқилоб қилиш, бугунги даража асло қониқарли эмас;

– Ўзбек тилидаги романлар, адабий асарлар, мусиқа маҳсулотларини кескин кўпайтириш керак;

– Кўчаларимиздаги пештахталардаги ёзувларни танқидий кўриб чиқиш керак, бу кетишда яқинда мўғулча ҳам ёзиб, осиб қўйишади.

Хуллас, Шум бола таъбири билан айтганда: «Энди билдим, нима қилиш кераклиги»ни – севиш керак она тилини, сўзлашиш керак, ардоқлаш керак уни!!!

Бугун биз барча соҳада ўта фаол бўлишимиз даркор, биз бағрикенгмиз, аммо бундай масалада асло йўқ, энди ўтмайди! Андишани номи қўрқоқ бўлса, бизга Пушкин бир жаҳону, Байрон бир жаҳон бўлгай!

P.S. Бугун дунёда тахминан 50 миллион киши ўзбек тилида гаплашаркан, бу асло кам эмас!

Мавзуга оид