Жаҳон | 13:46 / 21.03.2024
14319
16 дақиқада ўқилади

Белгород иккинчи ҳафтадирки ўққа тутилмоқда. Россия бунга қандай чора топиши мумкин?

Белгород шаҳри ва Белгород области ўтган ҳафта бошидан буён ҳар куни баравар ўт очиш реактив қурилмаларидан ўққа тутилмоқда. Расмийларга кўра, ҳозиргача жами 19 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши яраланган. Сешанба куни губернатор 9 минг бола эвакуация қилинишини, чоршанба куни — мактаблар муддатидан олдин таътилга чиқарилишини маълум қилди. Учинчи йилдирки Украинага қарши уруш олиб бораётган Россия бундай вазиятда яна нима қила олади?

Фото: Reuters

Белгород шаҳри ва Белгород области ўтган ҳафта бошидан буён ҳар куни баравар ўт очиш реактив қурилмаларидан ўққа тутилмоқда. Расмийларга кўра, жами 19 киши ҳалок бўлган. Сешанба куни губернатор 9 минг бола эвакуация қилинишини, чоршанба куни — мактаблар муддатидан олдин таътилга чиқарилишини маълум қилди.

Белгород шаҳри ва област ҳудудларида кунига бир неча бор ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш берилади ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушади. Россия мудофаа вазирлиги кунига бир неча бор Украина томонидан йўлланган ракета ҳужумлари қайтарилгани ҳақида маълумот тарқатади, аммо уларнинг барчаси ҳам муваффақиятли уриб туширилмаяпти.

Ҳаммаёқда снарядлар портламоқда, ҳудудий расмийлар ҳар куни қурбонлар ва вайронгарчиликлар тўғрисида хабар беради, ижтимоий тармоқларда ёниб кетган автомашиналар, ёнғинлар, вайрон бўлган биноларнинг янгидан янги суратлари ва видеолари тарқалади.

Сешанба куни Белгород области раҳбарияти мунтазам равишда зарбага учраётган ҳудудлардан 9 мингга яқин болани эвакуация қилиш тўғрисида қарорга келди. «Единая Россия» партиясининг шаҳар кенгаши президиумида регион раҳбари Вячеслав Гладков Белгород областида бир ҳафта давомидаги зарбалар оқибатида 16 киши ҳалок бўлиб, 98 киши жароҳатланганини маълум қилган.

Чоршанба кунги зарбалар оқибатида Белгород шаҳрида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланди, чегарадаги Грайворон шаҳри округида эса икки киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган.

Белгород шаҳри ва областдаги вазият Россия пабликларидаги асосий мавзулардан бирига айланган — бу ресурсларда асосан норозилик сўзлари билдирилмоқда ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар деярли йўқ. «Белгород, кун давомида тўртинчи бор ўққа тутилиши… Москвадагилар рақс тушиб бўлиши ва уларга эътибор қаратилишини кутишмоқда», — дея ёзади «Тринадцатий» канали муаллифи, z-блогер Егор Кузенко.

«Ҳаммасидан ҳам Белгород ўққа тутилиши ҳақидаги „Донецк эса 10 йилдан буён шундай яшайди ва ҳеч нарса бўлгани йўқ!“ қабилидаги муносабатлар ҳайрон қилади. Кечириб қўясиз, махсус ҳарбий амалиётдан мақсад имкон қадар кўпроқ рус шаҳарлари худди Донецк каби яшаши эдими?» — дея савол қўяди бошқа бир z-блогер «Под лед» (Россия ҳукумати Украинага қарши урушни махсус ҳарбий амалиёт деб атайди).

18 март куни Владимир Путин чегара ҳудудлари ўққа тутилиши борасида ўз ғояси билан ўртоқлашганди — «бугунги фожиали воқеалар» туфайли Россия Украина билан чегарада «санитар зона» яратиши мумкинлигини айтганди. «Буни мақсадга мувофиқ деб билганимизда», — деганди у.

Путиннинг ғояси реалликка қанчалик мос келади ва Россия ҳукумати чегарадаги аҳоли яшаш манзилларини ҳимоя қилиш учун нималар қилиши мумкин?

Белгороддаги вайронгарчилик. Фото: Reuters

«Вампир» Белгородга қарши

Белгород Украина чегарасидан 30-35 км масофада жойлашган йўлдош посёлкалари билан қўшиб ҳисоблаганда бир ярим миллион аҳолига эга шаҳар. Чегарадан тахминан шундай масофада жойлашган Украинанинг Харкив шаҳри ракета зарбаларидан Белгородга қараганда анча кўпроқ зарар кўрган — бу ерда бутун бир аҳоли яшаш кварталлари вайрон бўлган, қурбонлар эса юзлаб кишиларни ташкил этади.

Урушнинг олдинги йилларида ҳам Белгород ўққа тутиларди, аммо ўшанда ҳам етиб бориш имкониятига эга бўлса-да, артиллерия у қадар кенг кўлланмасди. Асосан шаҳар устидан кичик дронлар учиб ўтар ва кўп ҳолларда уриб тушириларди.

Белгород ўққа тутилиши кучайиши Россиянинг Украина бўйлаб навбатдаги ёпирилма зарбалари ҳамда Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони генерал Олександр Сирский лавозимга киришиши билан бир вақтга тўғри келди.

Украина томони одатга кўра, Россия ҳудуди бўйлаб зарбалар учун масъулиятни ўз зиммасига олмайди.

Россиялик ҳарбийлар Белгород Украина қуролли кучларига Чехия томонидан етказиб берилган RM-70 Vampire баравар ўт очиш ракета тизимидан ўққа тутилаётганини маълум қилган. Бунга шубҳа қилиш учун асос йўқ — осколкалар ва зарба натижалари ушбу турдаги қуролга хосдир.

«Град»ни турли платформаларга ўрнатиш мумкин, Чехияда бундай жанговар машина  «Татра» базасида яратилган — Vampire ҳосил бўлган. Фото: Getty Images

Vampire — советларнинг БМ-21 «Град» баравар ўт очиш реактив тизимининг чехча версияси бўлиб, Tatra юк машинаси платформасига ўрнатилган ва асосий варианти билан солиштирганда ҳар қандай йўл шароитида ҳаракатланиши билан устунлик қилади.

Учириш қурилмасида эса «Град»ники билан фарқи йўқ, бу ҳам 40 йўналтиргич ва юқори тезликка эга тизим — барча йўналтиргичлар тўлдирилган ҳолатда ҳар 20 сонияда ўқ отади. Учиш масофаси реактив снаряд турига боғлиқ, максимал масофа — 42 км, бу эса Белгородни ўққа тутиш учун етарли.

«Град»нинг армия тилида «Карандаш» деб аталувчи реактив снаряди қиммат турмайди ва уни минглаб ишлаб чиқаришади. У бошқариладиган снаряд эмас ва юқори даражадаги аниқлиги билан ажралиб турмайди, аммо кучли жанговар қисмга эга ва баравар ўт очилганда катта майдонни қамраб олади. БМ-21 типидаги тизимлар ўт очиш тезлиги юқорилиги ва тезда кўчиш қобилияти туфайли аксилбатарея курашида ютқазмайди — жавоб зарбаси келганида тизим бу жойни тарк этган бўлади.

Россиянинг «Панцир-С1» каби замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «Град»дан учирилган снарядларни уриб тушира олади. Аммо «Град»нинг оддий снарядлари билан солиштирганда унга қарши «Панцир»дан учириладиган ракета жуда қиммат туради. Қолаверса, унинг самарадорлиги — 70 фоиз (бу яхши кўрсаткич саналади), бу эса нишон йўқ қилинишини кафолатлаш учун унга қарши бир неча ракета учиришни талаб этади.

Снарядларнинг барчаси ҳам уриб туширилмаяпти. Фото: Reuters

Рақиб бир вақтнинг ўзида тўрт-бешта эмас, Белгород йўналишида бўлаётгани каби бирданига ўнлаб ракеталар билан ҳужум қилганида ўқ-дорилар тезда сарф бўлиши билан бир қаторда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ортиқча юкламага дучор бўлади.

Бу ҳолатда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари салоҳияти етмай қолиши, ракеталарни тежашга тўғри келиши мумкин. Ва «Град» снарядларининг бир қисми нишонларга етиб боради.

Ўқ отиш масофаси қисқалиги ва «Град» ўқ отиш тезлиги юқорилиги туфайли, россияликларнинг Белгород ҳудудида жойлаштирилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳужумларни тўғридан тўғри шаҳар устидаги ҳаво кенглигида қайтаришга мажбур бўлмоқда.

Биринчидан, бу парчалар тушиши хавфини оширади, иккинчидан, рақиб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳимоясини ёриб ўтиши ва кейинги зарбаларни йўналтиришига имкон беради.

Бир ҳафта олдин, 12 март куни, Россиянинг ҳаво ҳужумини қайтариш воситалари реактив снарядларга қарши ишлаганидан кейин, кичик камикадзе дрон ҳеч қандай тўсқинликка учрамасдан Белгород марказига етиб борди ва шаҳар мэрияси фасадига бориб урилди.

Фронт ёқасидаги шаҳар ҳолати

Vampire баравар ўт очиш реактив тизимлари битта отишда қурилмага жойланган жами ўқ-дорининг тўртдан бир қисмини учира олади — яъни 10 та ракета снарядини. Яъни улар зарбалар интенсивлигини сезиларли даражада ошириш имкониятига эга.

Катта эҳтимол билан, ҳозирги босқичда жанговар расчёт олдига Белгород бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллаш вазифаси қўйилмаган, уларнинг мақсади — шаҳар ҳимоясидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига максимал даражада юклама бериш ва уларнинг позицияларини аниқлашдир.

Аммо Белгород шаҳри ва областига шундай ракета ҳужумлари ҳам мунтазам тус олган. Бу ҳужумларни қайтариш тобора қийинлашмоқда, «зарбалар келиб тушиши» тобора кўпроқ рўй бермоқда. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳаддан ташқари банд қилингани фонида жанговар дронлар шаҳар устида тобора эркин парвоз қилмоқда.

Душанба куни «Электромаш» заводига дронлар ҳужум қилгани маълум бўлди. Губернатор Гладков «парчалар қулаши оқибатида» иккита ишлаб чиқариш биносининг том қисми шикастлангани ҳақида маълум қилди, ижтимоий тармоқларда цехга зарба берилиши кадрлари пайдо бўлди.

Чегаранинг нариги томонида «дайдиб юрувчи» ва Россия ҳудудига кутилмаганда ўт очаётган баравар ўт очиш тизимларига қарши аксилбатарея курашини олиб бориш самарасиз. Улардан бирини аниқ нишонга олган тақдирда ҳам, рақиб унинг ўрнига бошқасини топади.

Кремл эса Белгород области бўйлаб зарбаларга ҳаддан ташқари вазминлик билан қарамоқда. Бир томондан, кенг кўламли уруш шароитида фронт чизиғига яқин жойлашган аҳоли яшаш манзиллари (бу участкада зарбага учраётган қишлоқлар амалда давлат чегараси бўйлаб жойлашган) ўққа тутилиши оддий ҳолат ҳисобланади. Россия армияси ҳам худди шу ишни қилмоқда.

Бошқа томондан — Россия ҳудуди бўйлаб жиддий зарбалар билан боғлиқ вазият, албатта, Москва учун ёқимсиздир. Ва буни қандай ўзгартириш мумкинлиги аниқ эмас.

Белгородда кўп қаватли уйлар ҳам, хусусий уйлар ҳам зарбага учрамоқда. Фото: Reuters

250, 400 — яна ким кўпроқ айтади?

18 март куни, президентлик сайловлари якунланган кунда Путиннинг сайловолди штабида йиғилган «ҳарбий мухбирлар» унга украинларнинг Россия чегара ҳудудларига ҳудумларининг олдини олиш учун Харкив областини қўшиб олиш таклифини билдиришди.

«Бугун рўй бераётган фожиали воқеаларни инобатга олган ҳолда, биз қайсидир паллада, буни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаганимизда, бугунги кунда Киев режимига бўйсунувчи ҳудудларда маълум бир санитария зонасини яратишга мажбур бўлишимизни истисно этмайман», — дея жавоб берган Путин.

Кремлпараст экспертлар, блогерлар ва бошқа арбоблар бу масалани худди у ҳал қилингандек муҳокама қила бошлашди — гўёки фақат шундай «санитар зона» чуқурлигини аниқлаш қолгандек. Масалан, Донецк областининг босиб олинган қисмида ташкил этилган «Донецк халқ республикаси» раҳбари маслаҳатчиси Ян Гагин бу ҳудуд Россия чегарасидан рақиб ҳудуди бўйлаб 250 км масофага чўзилиши кераклигини айтган.

«Россия Федерацияси ҳудудлари хавфсизлигини таъминлайдиган санитар зона — 400 километрни ташкил этади, — дея майдалашиб ўтирмаган давлат думасининг МДҲ мамлакатлари ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Водолацкий. — Бу нафақат Харкив, балки Днепропетровск, Одесса, Николаев ва бошқа кўплаб аҳоли яшаш пунктлари ҳамдир. Бу ҳудудларда Украина қуролли кучлари жангчилари, уларнинг қуроллари, ракета қурилмалари бўлмаслиги муҳим».

Бошқа шарҳловчилар эса Путин ўтган йил ёзида ҳам шу гапларни айтганини эслашган.

«Вилкага илинган чувалчанг»

Белгород области ва бошқа регионларга қилинаётган ҳужумлар муаммоси у ёки бу тарзда ҳал этилади, деганди Путин «ҳарбий мухбирлар» билан 2023 йил июнида ўтказилган учрашувда: «Афтидан, биз бу масалани кўриб чиқишимиз керак — мен буни жуда силлиқ қилиб айтяпман — бизнинг ҳудудларга ета олмасликлари учун Украина ҳудудида маълум масофада қандайдир санитар зона ташкил этиш учун».

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бундай зонани яратиш жараёни устида бир ярим йилдан буён иш олиб борилаётганини айтганди.

Ўтган йили Россияда қамалган ФСБнинг собиқ зобити, донбасслик дала қўмондони Игор Гиркин (Стрелков) бу ғояга шубҳа билан ёндашган.

«Белгород областидаги ёппасига зарбалар ва жанглар туфайли Россия ҳукумати ўзини „вилкага илинган чувалчанг“ ҳолатига келтирди. Рақиб аҳоли зич ва анча фаровон яшайдиган (Россия мезонлари бўйича) областда танг ҳолатни юзага келтирди, Кремл эса Белгородимиз тўққиз йилдан буён доимий жанглар майдонига айланган Донбасс авҳолига тушишига қарши ҳеч нарса қила олмайди», — деганди 2023 йил июнида Гиркин.

«Ахир агар захиралар қоқиштирилиб (жуда кўп талаб этилади) зарбдор куч тўпланса ва Харкив области ҳудудида „хавфсизлик зонаси“ (30-40 километр ичкарига) ташкил этишга ҳаракат қилинса — биринчидан, бунга эришиш факт эмас (ҳудудларни бой бериш доим олишдан кўра анча осон), иккинчидан — барча йиғилган гуруҳ якунда (натижа қандай бўлишидан қатъи назар — муваффақиятли ёки йўқ) фронтнинг ушбу участкасига боғланиб қолади ва ундан захира сифатида „умуман“ фойдаланиб бўлмайди», — дея ёзган Гиркин.

Украина Гиркинни 2014 йил Донбассда уруш қўзғаганлар қаторидаги ҳарбий жиноятчи деб билади, Ҳаага суди эса Донецк областида йўловчи самолёти уриб туширилиши ишида айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Россияда эса уни экстремизмга чорлашда айблаб, тўрт йилга қамашган.

Белгород ўққа тутилиши вақтида шикастланган автомашиналар. Фото: Getty Images

«Бу зона талабларга жавоб бериши қийин»

Қуруқлик қўшинлари бир неча юз метрга илгарилаши ва кичик посёлкани эгаллашининг ўзи ютуқ саналадиган бугунги Россия-Украина уруши шароитида ўнлаб ёки юзлаб километр ичкарига юриб «санитар зона» ташкил этиш ҳақидаги баёнотлар ақл бовар қилмайдиган сўзлар бўлиб кўринади.

Очиқ манбаларда Россиянинг Белгород областидаги гуруҳи ва қурол-яроғлари шу йўналишда турган Украина қуролли кучлари миқдорига тахминан тенг экани айтилади.

Россия ҳаво-десант кучлари қўмондонининг собиқ биринчи ўринбосари, истеъфодаги генерал-лейтенант Николай Стасков НСН нашри билан суҳбатда Путиннинг сўнгги баёнотига муносабат билдирган. Унинг сўзларига кўра, буфер зона артиллериянинг зарба бериш масофасини — 70 километргача — ҳисобга олиб шакллантирилиши керак.

У бундай катта ҳудудни эгаллаш ва тўлиқ назоратга олиш имкониятини кўриб чиқмайди.

«Санитар зонани бир томоннинг ўзи ёки икки томон келишуви билан ташкил этиш мумкин. Одатда бундай санитар зонадан артиллерия тизимлари олиб чиқилади, — дейди Стасков. — Аммо агар бу иш  бир томонлама тартибда амалга оширилса, унда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари самарали ишлашини таъминлаш учун санитар зона биз томондан белгиланиши мумкин. Душман томонида эса, ҳудудларимиз ва ҳудудларимиздаги объектларимизга зарба берилмаслиги учун биз уларнинг ушбу зонада жойлашган воситаларига ишончли зарбалар бера олишимиз лозим».

«Бундай зонани белгилаб олиш мумкин, аммо бу зона талабларга жавоб бериши қийин, — деб ҳисоблайди Стасков. — Артиллерия ўзи ҳаракатланиши, зарур масофада яқинлаши, ўт очиши ва яна санитар зона ташқарисига қайтиб кетиши мумкин. Бу жуда нисбий нарса».

Мавзуга оид