Навоий шаҳридаги «Химик» стадиони ҳукумат қароридан сўнг муаммолар гирдобига тушиб қолди
«Навоийазот» АЖга қарашли бўлган «Кимёгар» спорт мажмуаси Вазирлар Маҳкамасининг қароридан сўнг кейин ёпилиб қолди ва айни кунда фаолият юритмаяпти. Олимпиада чемпионлари машқ қилишлари учун жой йўқ бўлиш арафасида турибди.
2020 йил 9 июл куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотларнинг активларидан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 432-сонли қарори қабул қилинди.
Қарор номида кўрсатилгандек, мақсад активлардан самарали фойдаланиш ва молиявий соғломлаштириш эди. Аммо, натижа бунинг тескариси бўлди: Навоий шаҳридаги, яқингача «Навоийазот» АЖга қарашли бўлган «Кимёгар» спорт мажмуаси қарордан сўнг ёпилиб қолди ва айни кунда фаолият юритмаяпти.
Халқ тилида «Химик стадиони» деб аталувчи ушбу спорт мажмуасидан кўплаб номдор спортчилар етишиб чиққан. Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпиада енгил атлетиканинг диск улоқтириш баҳсларида иштирок этиб, чемпион бўлган ва жаҳон рекордини янгилаган Ҳусниддин Норбеков шулардан бири. Бундан ташқари, армрестлинг бўйича ҳам кўплаб жаҳон чемпионлари ушбу спорт комплексида малакали мураббийлар қўл остида машқ қилишган.
Ҳукуматнинг юқорида таъкидланган қарори билан «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотлар давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида берилган. Жумладан, «Химик» стадиони ҳам Навоий шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Ушбу «кўчиш» жараёнида нафақат стадион ҳамда қўшимча спорт бинолари, балки у ерда ишловчи 27 нафар мураббий ва ишчи-ходимнинг кейинги фаолияти ҳам сўроқ остида қолмоқда.
— “Навоийазот”да 16 йилдан бери ишлаб келяпман. Ёлғиз онаман. Спортни ривожлантириш ҳақида президентнинг кўплаб қарорлари қабул қилиняпти. «Навоийазот»да 8–10 минг нафарга яқин одам ишлайди. Улар ҳам спорт билан шуғулланиши керак эмасми? Чемпионлар, ногиронлар келиб машғулот олиб боришади бу ерда. Қолаверса, ишчи-ходимлар орасида боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз оналар бор.
Навоий вилояти ҳокимлигидан ҳеч ким келиб тушунтириш бермади. Навоий шаҳар ҳокимлигидан келганлар «Ўзинг ишингни топ. Бизга объектнинг ўзи керак, тамом» дея очиқчасига айтяпти. Ҳозир бирор жойга борган билан ишнинг ўзи йўқ. Бу масалада вилоят ва шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба бордик. Бизни ҳеч ким эшитмади. Ойлигимиз, кейинги ҳаётимиз нима бўлади, бунга ҳеч ким қизиққани йўқ. Бизга 2020 йил 13 ноябр куни 2021 йил 13 январгача огоҳлантириш хати берилган. Ушбу санадан бу ёғига ойликка ишлаяпмизми, беҳудага ишлаяпмизми – билмаймиз ҳеч биримиз. Лекин йўлкира сарфлаб, ишга келяпмиз», — дейди ишчилардан бири Саида Севарова.
Спорт мажмуасида жисмоний имконияти чекланган болалар ҳам машғулот олиб боришади. Бугунги кунда уларнинг ота-оналари бу ҳолатдан ташвишга тушишган.
Ушбу масалада Kun.uz’га мурожаат қилган Нилуфар Эшманова фарзанди I гуруҳ ногирони эканлиги, 4 йилдан бери спорт билан мунтазам шуғулланиб келишини, Паралимпиада ўйинларида чемпион бўлиш орзуси борлигини таъкидлади.
— Ўғлим Адҳамбек Ибрагимов 2001 йилда туғилган. У 4 йилдан буён мунтазам равишда «Химик» стадионида спорт машғулотлари билан шуғулланиб келган. 2016 йилда кўзлари кўрмай қолганди. Шундан кейин бор вақти ва кучини спортга бағишлаган. Унинг қизиқишлари шунчаки эмас, спорт билан профессионал даражада шуғулланмоқчи. Паралимпиада ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлиш орзуси бор. Бироқ яқинда «Химик» стадионини ёпдилар.
Фарзандим билан биргаликда яна ўн нафарга яқин ўзига ўхшаган, ҳар хил жисмоний нуқсонлари бор болалар шуғулланиб келаётганди. Стадионни ёпганларидан кейин бунга уларнинг имконияти бўлмай қолди. Фарзандимнинг келажаги, соғлиги мен учун муҳим, — дейди Нилуфар Эшманова.
Адҳамбек каби йигитлардан яна бири Каримжон Норов. У «Химик»ка 14 йилдан буён қатнайди. Сабаби, унинг ҳам жисмоний имкониятлари чекланган. Ўз соғлигини бир меъёрда ушлаб туриш учун машқ қилиши зарур. Йўқса ҳаракати йўқолади.
Каримжоннинг бувиси Замира Жамолованинг айтишича, набираси кунора машғулотга бориб, 3-4 соат шуғулланиб келарди. Ёпиб қўйганларидан бери жуда ҳам тушкунликка тушиб, аҳволи ёмонлашиб қолган. «Ўзи спорт зал таъмирталаб аҳволда эди. Шуни ҳам тортиб олишяпти. «Дом» қурадиганларга сотиб ўтирибдилар. Бу нима қилиқ, ҳақиқат қани?», дея ўз хавотирини билдирди Замира Жамолова.
Аслини олганда, бу хавотир ноўрин эмасга ўхшайди. Чунки, спорт мажмуаси ўрнида «дом қурилиши» ҳақида гапирган фақатгина Замира Жамолова эмас, шу ерда мураббий бўлиб ишловчи Акмал Сайфуллаев ҳам бунга тўхталди. Қолаверса, қарийб 8 гектарлик стадион Навоий шаҳри четида жойлашган, «дом» қуришга қулай жой эканлиги бор гап.
— Спорт залимиздан кўплаб жаҳон чемпионлари чиққан. Уларнинг энг машҳурларидан бири Ҳусниддин Норбеков. Ундан ташқари, Токио олимпиадасига лицензия олган Элбек Султонов ҳам шу залдан чиққан. Бу ерда енгил атлетика билан бир қаторда армрестлинг спорт тури ҳам бор. Армрестлинг бўйича 7 карра жаҳон чемпиони Мирзоҳид Шаропов ҳам шу ерда машғулот олиб борган. Умумий айтганда, Навоий вилоятида армрестлингнинг маркази ҳисобланган бу спорт зали 100 нафардан ортиқ жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионларини етиштириб берган.
Стадионда кўплаб ногиронлар шуғулланиб келяпти. Ёши катта эркак ва аёллар ҳам ўзининг соғлигини мустаҳкамлаб кетишади бизнинг масканда. Залимизни универсал деса ҳам бўлади. Сабаби, ногиронларни ҳам, халқни ҳам, спортчиларни ҳам алоҳида-алоҳида шуғуллантирамиз.
2021 йилдан залимиз ишламай қолди. Кўп жойлардан сўраяпмиз. Ҳеч ким аниқ жавоб айтмаяпти. Халқнинг орасида «Химик» стадиони сотилади, давлат хусусий-шерикчиликка берилади, бузилиб кетиб ўрнига уйлар, меҳмонхоналар қурилади, деган турли гаплар юрибди.
Спорт объекти аслида спорт йўналишидаги бирорта ташкилотга берилиши керак. Бундай стадионни қуриш учун миллардлаб пуллар сарф қилинади. Тайёр турган нарсани бузиб, ўрнига қандай бошқа нарса қуриш мумкин?! «Кимёгар» ўйингоҳидаги барча ходимлар, мураббийлар, спортчилар, болаларнинг ота-оналари – ҳамма хавотирда. Агар стадион бузилиб кетса, бу Навоий вилояти учун катта йўқотиш бўлади, — дейди Акмал Сайфуллаев.
Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳати бор: Вазирлар Маҳкамасининг юқорида таъкидланган қарорининг 2-иловасида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида бериладиган активлар мавжуд иш ўрнини сақлаб қолиш шарти билан берилиши изоҳ сифатида белгилаб қўйилган. Аммо Навоийда шамол бошқа томондан эсяпти.
Kun.uz ушбу масала бўйича Навоий шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий маърифий масалалари бўйича ўринбосари Умрзоқ Муродуллаев билан боғланди ва интервью беришни сўради.
Аммо ҳоким ўринбосари интервью бермаслигини айтиб, телефон орқали «Химик» стадионининг тақдири нима бўлишини билмаслигини, ҳозирги кунда унинг фаолиятини қайта йўлга қўйиш бўйича барча чоралар кўрилаётганини, шунингдек, у ерда ишловчи мураббийларни (фақат мураббийларни!) бошқа спорт ташкилотларига ишга жойлаштириш ҳаракати бўлаётганлигини ҳамда спорт комплекси берилиши учун тадбиркор «изланаётгани»ни маълум қилди.
Навоий вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шаҳло Нарзиева билан телефон орқали боғланганимизда эса у биздан ушбу масалани эълон қилмай туришни, «ўз каналлари» орқали Kun.uz раҳбариятига чиқиб, мақолани тўхтатишини айтди. Шунингдек, Шаҳло Нарзиева ҳам спорт мажмуасида ишловчи мураббийларни шаҳардаги БЎСМларга ишга жойлаштиришни, қолган ходимларни «Навоийазот» АЖга жойлаштириш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.
Хулоса ўрнида айтганда, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «самарали фойдаланилиши ва молиявий соғломлаштирилиши» кутилган «Кимёгар» спорт мажмуаси муаммолар гирдобига тушиб қолди. Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарздорлик бўйича хатлар келишни бошлаган. Хавотирлар ўринли. Ушбу хавотирлар йўққа чиқиши учун эса Навоий вилояти ҳокимлиги масалага эътибор қаратиши зарур.
Kun.uz мавзуни кузатишда давом этади.
Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Аброр Икромов, оператор.
Мавзуга оид
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024
Зарафшон шаҳри аэропорти фаолияти тикланиши мумкин
12:39 / 01.11.2024