Спорт | 13:24 / 28.12.2022
41502
4 дақиқада ўқилади

«Футбол қироли саратон билан курашда тобора таслим бўлмоқда». Пеленинг аҳволи оғирлашди, Бразилияда тайёргарлик бошланган

Фото: Reuters

Бразилиядан қайғули ва хавотирли хабарлар тарқалишда давом этмоқда: футбол қироли Пеленинг аҳволи тобора ёмонлашмоқда. У яқинлари ҳамда дўстлари билан видолашган. 

ЖЧ-2022 арафасида бразилиялик собиқ футболчи Сан-Паулу шифохонасига шошилинч ётқизилганди. Унинг танасида кўплаб шиш ва юрак етишмовчилиги аниқланган. 20 декабрь куни футболчининг қизи отасининг аҳволи оғирлигини маълум қилди. 

Пеле ичаклари, жигари ва ўпкасида ўсмалар пайдо бўлгани туфайли бир неча ой давомида кимётерапия муолажасини олиб келаётган эди. Бироқ бу наф бермади. 

Собиқ футболчи 2021 йил сентябр ойида йўғон ичакдаги ўсимтани олиб ташлаш бўйича операция қилинганди, 2022 йилда эса учта хавфли ўсма ва сийдик йўллари инфекциясини даволаш учун икки марта шифохонага ётқизилган эди. Аммо барчаси бесамар бўлмоқда. 

«Яна бир кеча бирга». Пеленинг қизи шифохонадан расм жойлади 

Пеленинг қизларидан бири Кели Кристина Насименто ўлим билан олишаётган отасининг шифохонадаги суратини эълон қилди.

«Биз ҳали ҳам шу ердамиз, умидимизни сўндирмай ҳаёт учун курашяпмиз. Яна бир кеча бирга», - дея изоҳ қолдирган Кели Кристина. 

«Пеле яқинлари ва дўстлари билан видолашмоқда» 

27 декабрь куни Пеле оиласига яқин манба саналмиш бизнесмен Фрэнк Холид футбол қиролининг аҳволи тобора ёмонлашаётгани, у оиласи, дўстлари билан видолашганини маълум қилди. 

«Пеле яқинлари ва дўстлари билан видолашмоқда. Футбол қироли саратон билан курашда афсуски секин-аста таслим бўлмоқда. Унинг оиласи афсонанинг аҳволи тобора оғирлашаётганини айтди», - дея ёзади Холид ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида. 

Бразилия ОАВлари мамлакатда Пеленинг дафн маросимига тайёргарлик кўрилгани ҳақида хабар берган бўлса, «твиттер»да афсонанинг видолашувига тайёргарлик кўрилаётгани видеолари тарқалган. 

«Сантос» Пеле шарафига клуб рамзига тож қўшади 

Пеленинг футболчилик фаолиятидаги асосий клуби бўлмиш «Сантос» 27 декабрь куни афсонавий футболчи шарафига янги мавсумдан клуб эмблемасини янгилашини маълум қилди. 

«2023 йилдан клуб либосларидаги рамзимизга Пеленинг шарафига тож тасвири туширилади. «Сантос» тож ва икки юлдуз қўшилган либосларда тўп суради», - дейди клуб президенти Селсо Жатене. 

Фото: Reuters

Пеле 1956 йилдан 1974 йилга қадар «Сантос» шарафини ҳимоя қилган. Ушбу клуб сафида 6 карра Бразилия чемпиони бўлган.  

«Бутун дунё сен учун ибодат қилмоқда». Ромарио, Чилаверт ва ХОҚ президенти Пелени қўллаб-қувватлади 

Бразилиялик собиқ футболчи Ромарио Пелега мурожаат қилди: «Дунё сен учун ибодат қилмоқда». 

Парагвайлик машҳур собиқ дарвозабон Хосе Луис Чилаверт ҳам Пелени қўллаб-қувватлаган: «Яратган қирол Пелега яшаш учун куч-қувват беришда давом этсин». 

Афсонавий футболчининг ўғли Эдиньо отаси даволанаётган шифохонадан унинг қўлини ушлаб фото жойлади: «Ота, бор кучим сен билан». 

Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бах ҳам Пелега мурожаат йўллаган. «Пеле, бор ўй-хаёлим сен билан. Чин қалбдан сенга соғлиқ ва энг эзгу тилакларни билдириб қоламан», - дея Бахнинг сўзларини келтирган ташкилот матбуот хизмати.  

Фото: Reuters

Маълумот учун, Эдсон Арантес ду Насименту – Пеле уч марта (1958, 1962, 1970) жаҳон чемпиони бўлган дунёдаги ягона футболчи, XX асрнинг энг яхши ўйинчиси сифатида тан олинган. 

Мавзуга оид